Артур Григорян: 'Аббоснинг олтин медал олишини Худодан сўраб қоламан...'

Image caption Аббос Атоев 75 кг вазн тоифасида Лондон Олимпиада Ўйинларининг камида бронза медалини ўзи учун кафолатлади

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ўнинчи кунида ўзбекистонлик донгдор боксчи, икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев 13:7 ҳисоби билан ҳиндистонлик рақиби устидан ғалаба қозониб, ярим финалга йўлланма олди.

Бу - чорак финал беллашувида Вижендер Кумарни мағлуб этган Аббос Атоевнинг Ўйинларда кетма-кет қўлга киритаётган учинчи ғалабасидир.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи Артур Григорян Лондон Олимпиада Ўйинларининг чорак финал беллашувидаги ғалабасига муносабат билдираркан, Аббос Атоевнинг бу билан кифояланмаслиги, финалга чиқиш учун бор кучини ишга солиши лозимлигини айтади:

Артур Григорян: Энг аввало мен Аббос Атоевнинг ғалабасидан ниҳоятда мамнунман. Чунки ярим финалга чиқиб, Аббос ўзи учун Ўйинларнинг камида бронза медалини кафолатлади. Аммо бу - Аббос учун сўнгги нуқта дегани эмас. У албатта финалга ҳам чиқиши лозим. Чунки, менинг назаримда, бокс бўйича жаҳон чемпиони, албатта, Олимпиада Ўйинларининг финалида бўлиши лозим. Финал беллашувида эса, бор кучини ишга солиб, мамлакати, халқи ва президенти учун ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиши керак. Биз унинг камида бронза медали олиши истиқболидан шундоқ ҳам хурсандмиз. Аммо Аббоснинг Ўзбекистонга олтин медал олиб келишини шахсан ўзим Худодан сўраб қоламан. Агар Аббоснинг олтин медал олгани хабарини эшитсам, ўтирган жойимда ирғишлаб, рақсга тушиб, ашула ҳам айтиб юбораман. Чунки бокс - ўзим ҳам шуғулланган спорт тури. Устига устак, Аббосни боксчи сифатида яхши биламан. Шунинг учун ҳам унга омад тилаб қоламан. Ярим финал беллашувида жангини яхши ўтказиб, ўз вазн тоифасида етакчи экани, у билан ҳазиллашиб бўлмаслиги ва ҳакамларни тан олдириб қўйишини истаб қоламан.

Image caption 'Агар Аббоснинг олтин медал олгани хабарини эшитсам, ўтирган жойимда ирғишлаб, рақсга тушиб, ашула ҳам айтиб юбораман'

Би-би-си: Сиз каби бокснинг ҳадисини олган кўплаб мураббийлар, мутахассислар ва ҳатто, боксчиларнинг ўзлари ҳам Олимпиада Ўйинлари беллашувлари жаҳон чемпионатидан кўра ҳам оғир эканини айтишади. Финалга чиқишини таъминлаши мумкин бўлган ҳал қилувчи учрашувида Аббос Атоевнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Артур Григорян: Аббос Атоев ярим финал беллашувида жаҳон чемпиони ва ўз вазн тоифасида етакчи мавқеига хос равишда ўзини совуққон тутиши керак. Рақибидан зарба ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилиши, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатига ҳушёр бўлиши лозим. Рингда рақибининг хатоси ва ожиз нуқталарини зудлик билан илғаб, ўша оннинг ўзида уни жазолаши ва очко олишга уриниши керак. Финалга чиқармиканман, йўқми, деган гапларни ўйламай, эътиборини фақат жангга қаратиши лозим. Қандай қилиб бўлмасин, мен бу жангни ютишим керак, деган ўйда бўлиши шарт. Бунинг учун ўзимни совуққон тутишим, боксдаги бор тажрибамни ишга солишим, рақибим менинг жаҳон чемпиони эканимни билиб қўйиши, рингда якуний сўзни мен айтишим лозим, деган руҳда бўлиши керак. Буни рақиби ҳис этиши, уни енголмаслигини англаб етишига эришиши лозим. Шундай қилган тақдирда, Аббос бемалол финал беллашувига чиқа олади. Аббос финалда ўзини қандай тутиши эса, умид қиламанки, суҳбатимизнинг алоҳида мавзуси бўлади.

Би-би-си: Аббос Атоевдан сал аввалроқ 60 кг вазнда рингга чиққан Фазлиддин Ғойипназаров эса, кескин кечган жангда жанубий кореялик рақибига ютқазиб қўйди.

Аммо шу ҳафта яна ўзбекистонлик уч боксчи - Жасур Латипов, Ўктамжон Раҳмонов ва Элшод Расуловлар чорак финал беллашувларини ўтказиш учун рингга чиқишади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жаъми олти нафар боксчи намоён этаётганди.

Чорак финал беллашувларидан аввал улардан фақат 56 кг вазнда Орзубек Шоимовгина беллашувлардаги иштирокига якун ясаганди.

Ўзбекистонлик боксчилар 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан фарқли тарзда, ўз жангларини кетма-кет ғалаба билан бошлашди.

Бокс мутахассислари ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари яхши экани, уларнинг совринли ўринларга даъвогарлик қилишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Бугунги беллашувлар

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ўн биринчи кунида ўзбекистонлик олимпиячилар тўрт спорт тури бўйича ўз беллашувларини давом этдиришади.

Бугун 52 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчи Жасурбек Латипов чорак финал беллашувини ўтказади.

Жасурбек мўғулистонлик рақиби Тугстсогт Нямбаярга қарши рингга чиқади.

Юлия Борзова 500 метрга байдаркада эшкак эшиш мусобақаларида 8-ўринни олиб, Ўйинларда ўз иштирокини якунлаган.

Анастасия Свечникова эса, найза улоқтириш бўйича 19-натижа кўрсатиб, кейинги босқичга ўта олмади.

Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Юлия Тарасова узунликка сакраш мусобақаларида иштирок этади.

Ўйинларнинг ўнинчи куни

Фото муаллифлик ҳуқуқи rowingcanoe.uz
Image caption Вадим Меньков Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам совринли ўринга асосий даъвогарлардан бири саналади

Кеча каноэда эшкак эшиш мусобақаларида Ўйинларнинг олтин медалига кўз тикаётган Вадим Меньков аллақачон беллашувларнинг финал босқичига йўл олди.

Вадим Меньков учун бу иккинчи Ёзги Олимпиада Ўйинларидир.

Ўзбекистонлик каноэчи 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларини 1000 метрга эшкак эшиш бўйича 4-ўрин билан якунлаган.

Каноэда 500 метрга эшкак эшиш беллашувларида эса, ярим финалга чиқишга муваффақ бўлган.

Вадим Меньков якка ва жуфтлик беллашувларида қатор жаҳон ва қитъа биринчиликларининг совриндори саналади.

У Ўзбекистоннинг "Энг ёрқин спорт юлдуз"ларидан бири ҳамдир.

Бугун ядро улоқтириш бўйича ўз беллашувларини бошлаган Елена Смолянова саралаш босқичидан ўта олмади.

22 ёшли курашчи Мўминжон Абдуллаев эса, 120 кг вазнда юнон-рум кураши мусобақаларида майдонга чиқади.

Мўминжон Абдуллаев нимчорак финалда америкалик курашчи Дешон Байер билан беллашади.

Кеча 55 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик курашчи Элмурод Тошмуродов дастлабки жангини можаристонлик рақибига бой бериб қўйганди.

Учовлондан ташқари, ўзбекистонлик тош кўтарувчилар Руслан Нуритдинов ва Иван Ефремовлар 105 кг вазнда ўз кучларини синаб кўришади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жаъми 53 нафар спортчи намоён этмоқда.

Image caption Ҳозирча Ришод Собиров келтирган бронза медали Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги ягонаси бўлиб турибди

Шу пайтга қадар ўзбекистонлик дзюдочилар, сузувчилар ва енгил атлетикачилардан аксарияти Ўйинлардаги иштирокларини якунлаб бўлишган.

Ўзбекистонлик беш нафар боксчи эса, шу ҳафта чорак финал беллашувларида ўз жангларини давом этдиришади.

Бугун 60 кг вазнда Фазлиддин Ғойипназаров ва 75 кг вазнда Аббос Атоевлар рингга чиқишади.

Фазлиддин жанубий кореялик рақиби Хан Сунчул, Аббос Атоев эса, ҳиндистонлик боксчи Вижендер Кумар билан жанг ўтказади.

Ўйинларнинг 10-кунида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони ҳануз битталигича қолмоқда.

28 июл куни ўзбекистонлик донгдор дзюдочи Ришод Собиров -60 кг вазнда бронза медали олишга муваффақ бўлганди.

Қолган минтақа давлатлари орасида Қозоғистон энг яхши ўринда.

Кеча қозоғистонлик олимпиячилар ҳисобидаги олтин медалларнинг сони олтитага етган.

Бу гал уч ҳатлаб сакрашда 14.98 метрлик натижа кўрсатган Ольга Рипакова ўз жамоасига яна бир олтин медали келтирган.

Ўйинларда ҳар бири ўндан ортиқ спортчиси билан иштирок этаётган Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳисобида ҳозирча бирорта ҳам медал йўқ.

Қўлга киритган 35 та медалидан тўрттаси олтин бўлган Россия эса, медаллар жадвалида бир ўрин юқорилаб, 9-ўринга чиқиб олган.

61 та медалидан 30 таси олтиндан иборат Хитой эса, яна АҚШни ортда қолдириб, илғорликни эгаллаб олган.

Бу мавзуда батафсилроқ