Лондон 2012: ‘Бугун яна икки боксчи бронза медали учун рингга чиқади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Элшод Расулов 81 кг вазнда россиялик рақиби Игорь Мехонцевга қарши рингга тушади.

Ўйинларнинг 12-кунида ўзбекистонлик олимпиячилар тўрт спорт тури бўйича беллашишади. Жумладан, боксчилар Ўктамжон Раҳмонов ва Элшод Расуловлар чорак финал беллашувини ўтказишади.

Агар бу икки боксчи бугунги жангларида ғалаба қозонишса, ўзларига Ўйинларнинг бронза медалини кафолатлаган бўлишади.

Ўктамжон Раҳмонов 64 кг вазнда кубалик Рониэль Иглесиасга, жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Элшод Расулов эса, 81 кг вазнда россиялик рақиби Игорь Мехонцевга қарши рингга тушади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик жаъми 5 нафар боксчи чорак финал беллашувларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, улардан 60 кг вазнда Фазлиддин Ғойипназаров ўтган кун ва 52 кг вазнда Жасурбек Латиповлар кеча ярим финалга чиқиш имкониятини бой бериб қўйишди.

Уч раунд ортидан, 52 кг вазнда чорак беллашувини ўтказган ўзбекистонлик боксчи Жасурбек Латипов 10:15 ҳисобида мўғулистонлик рақибига мағлуб бўлди.

Ушбу вазн тоифасида ярим финaлга йўлланма Тугстсогт Нямбаярга насиб этди.

6 август куни 75 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик рақибини мағлуб этган Аббос Атоевгина ҳозирча ўзи учун Ўйинларнинг камида бронза медалини кафолатлаб турибди.

Ўзбекистонлик боксчилар 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан фарқли тарзда, дастлабки жангларини кетма-кет ғалаба ғалаба билан бошлашганди.

Бокс мутахассислари ҳалиям ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари яхши экани, уларнинг совринли ўринларга даъвогарлик қилишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Ўзбекистон медаллар жадвалида ҳануз дзюдо мусобақаларида қўлга киритилган битта бронза медали билан 65-ўринда бормоқда.

Қолган беллашувчилар

Бугун ўзбекистонлик таниқли эшаш эшувчи Вадим Меньков олтин медали учун беллашиб кўради.

У 1000 метрга каноэда эшкак эшиш мусобақаларининг финал босқичида иштирок этади.

Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Рифат Ортиқов эса, ўнкураш беллашувларини бошлайди.

Иван Зайцев эса, найза улоқтириш мусобақаларида иштирок этади.

Ўйинларнинг кечаги куни эса, ўзбекистонлик байдаркада эшкак эшувчи Юлия Борзова ва найза улоқтирувчи Анастасия Свечниковалар учун омадсиз келди.

Улар ўз беллашувларининг финал босқичига чиқа олмай, Ўйинлардаги иштирокларига якун ясашди.

Ўйинларнинг ўн иккинчи кунида жаъми 73 та медал олишга муваффақ бўлган Хитой медаллар жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Иккинчи ўринда эса, 70 та медал билан Америка Қўшма Штатлари бормоқда.

МДҲ давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич ҳозир Россияда.

Россиялик олимпиячилар жаъми 48 та медал билан бешинчи ўринга кўтарилиб олди.

Мезбон Буюк Британия эса, кўпчиликни ҳайратга солиб, қўлга киритган 22 та олтин медали билан (жаъми 48 та) медаллар жадвалида учинчи ўринда бормоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ