​Артур Таймазов: ‘Мен ўз ғалабамни бутун Ўзбек халқига бахшида этаман...’

Ғалаба онлари
Image caption Афсонавий Артур Таймазов бирорта беллашувда бир очко ҳам йўқотмаган ягона спортчи бўлди

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари ўз поёнига етаркан, ўзбекистонлик донгдор курашчи Артур Таймазов эришган ютуқлари билан тарихда қоладиган бўлди.

Артур эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритиб, кетма-кет уч бор Олимпиада чемпионига айланди.

Устига устак, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сўнгги икки Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган олтин медаллар ҳам фақат Артур Таймазовга тегишли бўлди.

Би-би-си сўнгги оламшумул ютуғи ортидан донгдор курашчи Артур Таймазов билан боғланиб, унинг кўнглидан кечаётган ҳис-туйғулар билан қизиқди.

Артур Таймазов: Ўзимни аъло даражада ҳис этаяпман. Ҳалиям эришган ютуғимнинг бутун гаштини тўлиқ ҳис эта олганим йўқ. Чунки менга ишқибозлик қилган, менинг ғалабамни орзиқиб кутган мухлисларим, мамлакатим, ёру биродарларимнинг юзини ерга қаратмадим. Уларнинг орзуси амалга ошди. Мен ўзимга ишқибозлик қилган ҳамма-ҳаммага ташаккурларимни изҳор этиб қоламан.

Би-би-си: Сиз эришган бу каби ютуққа дунёдаги саноқли курашчиларгина муваффақ бўлишган, холос. Сизнинг курашчи сифатидаги сирингиз, ўзига хослигингиз нимада?

Артур Таймазов: Менимча, кучим – сабр-тоқатли эканимда бўлса керак. Мен бу ғалабани бардош билан кутдим. Бундай бўлмаган тақдирда, ҳозирги ютуқларимга эришолмаган бўлардим, балки. Чунки дунёда кучли одамлар кўп, аммо уларда ана шу сабр-тоқат йўқ. Мен эса, буларнинг барчасига муваффақ бўлдим. Буёғига, назаримда, Худойим ҳам қўллаб юборди.

Би-би-си: Артур, сўнгги ғалабангизни кимга бағишлаган бўлардингиз?

Артур Таймазов: Лондон Олимпиада Ўйинларида эришган ғалабамни менга ишқибозлик қилган бутун Ўзбек халқи, президенти, мен билан ана шу узоқ йўлни бирга босиб ўтган мураббийимга бахшида этаман. Чунки, аввалроқ ҳам айтиб ўтганимдек, улар менинг ана шу ғалабамни орзиқиб кутишди. Менга ишқибозлик қилишди ва уларнинг истаклари амалга ошиб, мен ғалаба қозондим.

Би-би-си: Артур, агар сир бўлмаса, бундан кейинги режаларингиз қандай? Бразилияда бўлиб ўтажак 2016 йилги Олимпиада Ўйинларида ҳам иштирок этасизми?

Артур Таймазов: Ҳозирча бу хусусда аниқ бир нарса айтолмайман. Энг аввало бироз дам олмоқчиман. Кейин бу ҳақда ўйлаб кўраман. Агар соғлиғим имкон берса, навбатдаги Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам иштирок этаман. Чунки ёшим ҳам ўттиздан ошиб қолди. Ҳаётни ҳам сал бошқачароқ йўналишда давом этдиришнинг пайти етган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Лондон Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган олтин медалингиз учун олажак 150.000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини нималарга сарфламоқчисиз, агар сир бўлмаса?

Артур Таймазов: Биласизми, ҳали бу ҳақда ўйлаб кўрганим йўқ.

Би-би-си: Лондон Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар орасидан фақат сиз олтин медали олдингиз. Нега қолган спортчиларга бу каби омад кулиб боқмади?

Артур Таймазов: Билмасам, кимдир Ўйинларга руҳан тайёр бўлмагандир. Бу масалада аниқ бир нарса дейишим қийин. Мен фақат ўзим учун жавоб бера оламан. Ўзбекистонлик қолган спортчилар ҳам Олимпиада чемпиони бўлишни ниҳоятда исташганди. Келажакда, албатта, бизда битта эмас, кўплаб олтин медаллар бўлади. Мен ўзбекистонлик барча спортчиларга омад ва собитқадамлик тилаб қоламан.

Бу мавзуда батафсилроқ