BBC navigation

Лондон: Ўзбек паралимпиячиларига қандай умид тикилмоқда?

Сўнгги янгиланиш 30 август 2012 - 14:53 GMT

29 август куни Британия қироличаси Елизавета II очиб берган Лондон XIV Ёзги Паралимпия Ўйинларида Ўзбекистондан 10 нафар спортчи қатнашмоқда.

Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг кўп сонли паралимпик жамоадир. Ҳозир Қозоғистонни 7 нафар, Туркманистонни эса 5 нафар спортчи намоён этишмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон шарафи учун эса биттадан спортчи беллашади. Ушбу ўйинларда 165 мамлакатдан тўрт мингдан зиёд спортчи совринли ўринлар учун курашадилар.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар Ўйинларда тўрт спорт тури бўйича кураш олиб боришади. Булар - енгил атлетика, сузиш, пауэрлифтинг ва дзюдо мусоқалари.

Бу галги жамоа таркибида атоқли ва кучли спортчилар бор. Булар - таниқли дзюдочи Шариф Халилов, сузувчи Кирилл Паньков, босқон улоқтирувчи Ҳусниддин Норбеков каби қатор Осиё Паралимпия Ўйинлари ва халқаро турнирларнинг олтин, кумуш ва бронза медаллари соҳиблари.

Шу боис ҳам ўзбекистонлик паралимпиячилар Лондон Ўйинларида ҳам совринли ўринларга кўз тикишаётганини яширишаётгани йўқ.

Лондон Паралимпия Ўйинларининг ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳам беллашишлари кутилаётган дзюдо, сузиш ва пауэрлифтинг мусобақалари бугун, пайшанба куни бошланади.

Аммо 73 кг вазн тоифасида 2010 йилги Параосиё Ўйинларининг кумуш медали совриндори Шариф Халилов эртага Жума куни венесуэлалик рақиби Маурисио Брисенога қарши татамига чиқади.

Яшин Шобердиев 48 кг пауэрлифтинг ва шу йил АҚШда бўлиб ўтган халқаро турнир олтин медали соҳиби Кирилл Паньков 100 метрга баттерфляй усулида сузиш мусобақаларида иштирок этиш билан ўзбекистонлик паралимпиячилар орасидан биринчилардан бўлиб ўз беллашувларини бошлаб беришади.

XIV Ёзги Паралимпия Ўйинлари 11 кун, яъни 9 сентябрга қадар давом этади. Бу ўзбекистонлик паралимпиячилар иштирок этаётган учинчи Ёзги Паралимпия Ўйинларидир.

Ўзбекистон бундан аввал 2004 йилги Афина ва 2008 йилги Пекин Паралимпия Ўйинларида иштирок этган. Аммо ўзбекистонлик паралимпиячиларга ҳозирча совринли ўринлар насиб этмаган.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бундан бир неча ҳафта бурун бўлиб ўтган Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини бир олтин ва уч бронза медал билан якунлаб, дунёнинг икки юздан ортиқ давлати ичидан 47-ўринни эгаллаганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.