BBC navigation

Руслан Чагаев олмониялик рақибини нокаутга учратди

Сўнгги янгиланиш 2 сентябр 2012 - 08:15 GMT

Профессионал бокс WBA йўналишининг энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев олмониялик рақиби Вернер Крейскоттни еттинчи раунддаёқ техник нокаут билан енгишга муваффақ бўлди.

Саккиз раундлик рейтинг жанги кеча тунда тантанали бокс кечаси доирасида Олмониянинг Обархаузен шаҳрида бўлиб ўтганди.

Ўзининг устунлиги билан кечган жангда Руслан Чагаев ҳали бешинчи раунддаёқ олмониялик рақибини икки бор нокаутга учратиши мумкин эди. Аммо ҳар икки гал ҳам рақиби ўзини ўнглаб олишга муваффақ бўлди.

Аммо еттинчи раундда ўзининг кучи билан танилган чап қўли билан берган зарбаси унинг шу йил ҳисобидан ўтказаётган кетма-кет учинчи рейтинг жангида ҳам ғалабасини таъминлади. Вернер Крейскотт техник нокаутга учради.

Агар шу йилнинг июл ойи маълумотларига қаралса, кечаги жангига қадар Руслан Чагаев WBA рейтингида 7-ўринни эгаллаб турганди.

Руслан Чагаев қатор жанглар ўтказиш билан ўз рейтингини яхшилаб, келаси йил куз ойларида яна энг оғир вазн тоифасида WBA йўналишида Жаҳон чемпионлиги камари учун даъвогарлик қилмоқчи.

Жанг арафасида

Руслан Чагаев аввалроқ Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қатор жанглар ўтказиб, албатта Жаҳон чемпионлиги камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш ниятида эканини айтганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчига кўра, келаси йилнинг куз ойларида яна Жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиқишни кўзламоқда.

Руслан ўтган ой Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва эркин агентга айланганди.

У биз билан суҳбатда ўз қарори сабабини эркин агентлик мақоми ўзига кўпроқ жанг ўтказиш имкониятини бериши билан изоҳлаганди.

Руслан Чагаев ўтган йил 27 август куни Олмониянинг Эрфурт шаҳрида Жаҳон чемпионлиги учун жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

Аммо шундан сўнг барча рейтинг жангларида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.