BBC navigation

Лондон 2012: Ўзбекистон Паралимпиада Ўйинларини битта медал билан якунлади

Сўнгги янгиланиш 10 сентябр 2012 - 07:52 GMT

Ўзбекистон XIV Лондон Ёзги Паралимпиада Ўйинларини битта кумуш медали билан якунлади.

Дзюдочиси Шариф Халилов қўлга киритган медал Ўзбекистон Паралимпия тарихида ҳозирча ягонаси ва бу галги Ўйинларда Марказий Осиё ҳисобидаги биргинаси бўладиган бўлди.

Ўзбекистондан ташқари қолган минтақа давлатлари Лондон Ёзги Паралимпия Ўйинларини бирор бир совринсиз якунлашди.

Ўйинларнинг тантанали ёпилиш маросими Лондон шарқидаги Олимпия стадионида бўлиб ўтди.

"Олов фестивали" деб номланган тадбирни 80.000 томошабин бевосита стадионнинг ўзидан туриб томоша қилди.

Лондондаги Ўйинлар халқаро Паралимпия тарихида энг йириги бўлган ва унда дунёнинг 165 давлатидан тўрт мингдан ортиқ спортчи иштирок этганди.

Ўзбекистон эса, Ўйинларда Марказий Осиёдан энг катта сондаги, яъни 10 та спортчиси билан қатнашди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар Ўйинларда тўрт спорт тури - енгил атлетика, сузиш, пауэрлифтинг ва дзюдо бўйича кураш олиб боришди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бирор бир совринли ўрин олишолмаган эса-да, улардан аксарияти ўз спорт турлари бўйича дунёнинг энг юқори ўнлиги сафларидан жой олишга муваффақ бўлишди.

Ўзбекистонлик сузувчи Кирилл Паньков Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлган бўлса, ядро улоқтириш мусобақаларида Ҳусниддин Норбеков юқори тўртликка кирди.

Шариф Халилов, Кирилл Паньков ва Ҳусниддин Норбековлар қатор Параосиё Ўйинлари ва халқаро турнирларнинг олтин, кумуш ва бронза медаллари соҳиблари ҳам саналишади.

Лондон Паралимпия Ўйинларида МДҲ давлатлари орасидан энг яхши кўрсаткични эса, Россия қайд этти.

Россиялик паралимпиячилар жаъми 102 медал билан турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллашди.

Украина, Беларус, Озарбайжон, Латвия ва Ўзбекистондан ташқари, қолган МДҲ давлатлари Лондондан қуруқ кетадиган бўлишди.

Икки ҳафта давом этган Ўйинларда жаъми 231 та медал олишга муваффақ бўлган Хитой эса, медаллар жадвалининг пешқадамига айланди.

Медаллар учун курашда уларнинг асосий рақиблари бўлган Америка Қўшма Штатлари эса, бор-йўғи олтинчи ўрин билан кифолаянишга мажбур бўлишди.

Лондондагиси ўзбекистонлик паралимпиячилар иштирок этган учинчи Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлди.

Ўзбекистон бундан аввал 2004 йилги Афина ва 2008 йилги Пекин Паралимпия Ўйинларида иштирок этган.

Аммо ўзбекистонлик паралимпиячилар Лондондаги Ўйинларга қадар бирор бир совринли ўринни қўлга кирита олишмаганди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бундан бир неча ҳафта бурун бўлиб ўтган Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини бир олтин ва уч бронза медал билан якунлаб, дунёнинг икки юздан ортиқ давлати ичидан 47-ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар эса, ҳисобларидаги битта кумуш медали билан медаллар жадвалида 67-ўринни эгаллашди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.