BBC navigation

Ўзбекистон тарихидаги энг йирик спорт иншооти ишга тушди

Сўнгги янгиланиш 29 сентябр 2012 - 09:39 GMT

Пойтахт Тошкентда ФИФА талабларига жавоб берувчи, энг замонавий русумдаги ва жаъми 34 минг томошабинга мўлжалланган "Бунёдкор" спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Кеча расмий очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон футбол аҳлининг айтишича, янги спорт иншоотининг Ўзбекистон ва минтақада тенги йўқ:

Ахбор Имомхўжаев

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилаётган ва янгитдан таъмирланаётган йигирмага яқин стадион қаторига "Бунёдкор"нинг ҳам қўшилиши мамлакатнинг халқаро миқёсдаги футбол беллашувларига мезбонлик қилиш имкониятларини янада яхшилайди.

Ўзбекистон сўнгги йилларда жаҳон миқёсидаги футбол турнирларини ўзларида ўтказиш истагида эканини изҳор этиб келади.

Аён бўлишича, янги мажмуа 56 гектар майдонни эгаллаган 7 та замонавий стадион, болалар-ўсмирлар футбол академияси, бассейн, ресторанлар ва бошқа замонавий иншоотларни ўз ичига олган.

Очилиш маросимида шахсан иштирок этган президент Ислом Каримов эса, "Қурилиш жараёнини кузатганлар уни мўъжиза дейишяпти. Ҳар қандай даражадаги мусобақани қабул қилишга қодир ушбу улуғвор иншоотга қараб туриб, биз ким бўлгандик ва ким бўлдик, нимага эришдик, деган саволга осонгина жавоб бериш мумкин", дея чиқиш қилган.

Ўз вақтида Ўзбекистон раҳбарининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли эканлиги айтилган "Зеромакс" ширкати ҳомийси бўлган "Бунёдкор" футбол жамоасининг қисқа вақт ичида эришган ютуқлари ортидан, нафақат Ўзбекистон, балки минтақада ҳам энг каттаси бўлиши айтилаётган стадионнинг қурилиш ишлари 2008 йилда бошланганди.

Бироқ орадан икки йил ўтиб, ширкатнинг касодга учрагани эълон қилингач, қурилиш ишлари тўхтаб қолган ва шу йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан уни битказишга қарор қилинганди.

Дастлаб 45 минг томошабинга мўлжаллангани айтилган спорт мажмуаси Олмониянинг GMР ширкати томонидан лойиҳалаштирилган ва унинг қиймати 150 миллион АҚШ долларига баҳоланганди.

Аммо сўнггида харажатларнинг бир неча баробар қисқартирилиб, унинг қурилишига ўттиз миллион АҚШ долларига яқин маблағ сафрланишига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

"Бунёдкор" стадионининг шу йилнинг март ойида топширилиши айтилган, сўнгра унинг Ўзбекистон мустақиллиги тантаналари арафасида очилиши билдирилган, аммо расман фойдаланишга кеча 28 сентябр куни топширилган.

Ўзбекистон Футбол Ферерациясининг президенти Мираброр Усмонов эса, ўтган йил якунларига оид қилган чиқишида келаси уч йил ичида янги футбол стадионларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш учун 250 миллион АҚШ доллари сарфланишини айтганди.

Ўзбекистоннинг ўзида иқтисодий аҳвол енгил бўлмаган бир шароитда футболга миллионлаб доллар маблағларнинг сарфланиши борасида аҳолининг фикри турлича.

Аммо бу пуллар Ўзбек футболига киритилаётган сармоя экани ва ўзини оқлашини айтаётган мухлислар ҳам оз эмас.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.