BBC navigation

Мишель Платини: ‘Марказий Осиё давлатлари УЕФАга киришолмайди’

Сўнгги янгиланиш 11 октябр 2012 - 10:46 GMT

Жаноб Платинининг сўзларига кўра, УЕФА ҳозир Марказий Осиё давлатларидан бу хусусда сўров олган тақдирда ҳам, уларни кўриб чиқиш учун энди бироз кеч

УЕФА президенти бу ҳақда Тожикистон пойтахти Душанбеда берган матбуот анжумани чоғида баён қилган. Жаноб Платинининг айтишича, “1992 йилда бу давлатларнинг ўзлари Оврўпо эмас, Осиёда ўйнашни ихтиёр этишган”.

Мишель Платини Марказий Осиё ва Қофқозга сафарини 9 октябр куни Қирғизистондан бошлаган ва кеча Тожикистонга етиб келганди.

Жаноб Платинининг сўзларига кўра, УЕФА ҳозир Марказий Осиё давлатларидан бу хусусда сўров олган тақдирда ҳам, уларни кўриб чиқиш учун энди бироз кеч.

“Бу жудаям мураккаб сиёсий масала. Чунки кўтарилган тақдирда, энг аввало, УЕФА ва Осиё Футбол Конфедерацияси орасига нифоқ солиши мумкин”, деб айтган Мишель Платини.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қозоғистон УЕФАга аъзо.

Қолган тўрт Марказий Осиё давлатлари қатори 1992 йилда Осиё Футбол Конфедерацияси таркибига киришга қарор қилган Қозоғистон орадан ўн йил ўтиб, давомий музокаралари ортидан УЕФАга аъзо қилиб олинганди.

Душанбедаги мухбирларимизнинг айтишларича, ўз вақтида жаҳон футболининг юлдузларидан бўлган Мишель Платини ушбу вазифани Тожикистон Президенти Рустам Раҳмоннинг зиммасига юклаб, мамлакатда ўз футбол академиясини очиш эҳтимолини ҳам рад этган.

УЕФА президенти Тожикистонга икки кунлик сафари чоғида президент Имомали Раҳмон ва унинг мамлакат Футбол Уюшмаси Президенти бўлган ўғли Рустам Раҳмонлар билан учрашган. Тожикистоннинг Марказий стадионини бориб кўрган.

Мухбирларимизга кўра, стадионга баҳо бераркан, Мишель Платини унинг ҳозирча Тожикистон меъёрларига жавоб беришини айтган.

‘Қирғиз футболининг келажаги бор’

“Қирғиз футболининг келажаги порлоқ. Аммо ҳаммаси ўзингизнинг саъй-ҳаракатларингизга боғлиқ”, деб айтган УЕФА президенти Бишкекка қилган сафари чоғида.

Мишель Платини Қирғизистонда президент Алмазбек Атамбаев билан учрашган ва қирғиз ҳукумати футболнинг ривожи ҳақида қайғуриши, уни қўллаб-қувватлаши лозимлигини таъкидлаган.

“Фақат ҳукумат футбол уюшмаси билан яқиндан ҳамкорлик қилган тақдирдагина, яхши натижаларга эришишимиз мумкин. Биз ҳам ўз томонимиздан ёрдамимизни дариғ тутмаймиз. Футбол барчанинг ўйини. Ҳаттоки, Қирғизистон ҳам Бразилияни енгиш имкониятига эга”, деб айтган УЕФА президенти.

Бишкекка сафари чоғида Мишель Платини “Афсоналар кубоги” футбол турнирининг илк беллашувини ҳам томоша қилган ва ўйин ўзига ёққанлигини айтган.

“Яхши ўйин бўлди. Сўзсиз, футболда ҳар доим ғолиб ва мағлуб бўлади. Умуман айтадиган бўлсам, учрашув менга ёқди”, деб айтган УЕФА президенти.

Мишель Платини бугун куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистонга сафари бошлайди. Бу унинг Тошкентга илк сафаридир.

УЕФА президенти Ўзбекистонда 11-12 октябр кунлари бўлади.

Платини жанобларининг Ўзбекистон Футбол Уюшмаси Президенти Мираброр Усмонов ва мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашиши кутилмоқда.

УЕФА Президентининг яқинда очилган ва Ўзбекистон тарихидаги энг йириги, деб тан олинган "Бунёдкор" спорт мажмуаси ҳамда "Пахтакор" стадионини кўздан кечириши ҳам айтилмоқда.

Мишель Платинининг Марказий Осиё ва Қофқозга сафаридан мақсади - бу давлатлардаги футболнинг бугунги аҳволи билан танишиш экани айтилмоқда.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.


Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.