BBC navigation

Бразилия 2014: Эрон 1-0 Жанубий Корея, буёғи нима бўлди?

Сўнгги янгиланиш 17 октябр 2012 - 08:25 GMT

Жанубий Корея миллий терма жамоасини ўз майдонида 1:0 ҳисобида мағлуб этган Эрон Ўзбекистоннинг ўрнига "А" гуруҳида иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Бу - Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш имкониятларига қанчалик таъсир қилади?

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Эроннинг сўнгги ютуғи гуруҳда Осиё қитъасига берилган 4.5 та йўлланмани қўлга киритиш учун курашни янада кучайтиради, холос.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси кеча жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолиши даражасида муҳим бўлган учрашувда сафарда қатарлик рақибларини худди шундай ҳисоб билан мағлуб этиб, тўрт ўйиндан 5 очко тўплаб, гуруҳда сўнгги ўриндан дарҳол 2-ўринга чиқиб олганди.

Аммо орадан бир неча соат ўтиб бўлиб ўтган ўйинда Жанубий Кореяни мағлубиятга учратган Эрон очколари сонини 7 тага етказиб, Ўзбекистоннинг ўрнини эгаллаб олишга муваффақ бўлди.

Сўнгги мағлубиятига қарамай, гуруҳда пешқадамлик қилаётган Жанубий Корея ҳисобида очколар сони ҳам худди шунча.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу босқичда ўз гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган миллий терма жамоа 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.

Ўзбекистон эса, тарихда илк бор ўз олдига қўйган мақсадига эришиши учун албатта ғалаба қозониши шарт бўлган навбатдаги учрашувини сафарда айнан Эронга қарши ўтказади.

Ўзбекистонлик футболчилар сўнгги босқич саралаш учрашувларининг дастлабкисини ўз майдонларида айнан Эрон миллий терма жамоасига бой бериб қўйишганди.

Буёғи нима бўлади?

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, "А" гуруҳида вужудга келган вазият Эронга қарши ўйинга ундан-да кучлироқ, ундан-да яхшироқ тайёргарлик кўрилишини талаб этади, холос.

Фахрий шарҳловчи бўлажак ўйинда ғалаба ҳар икки миллий терма жамоа учун ҳаводек зарур экани, аммо Ўзбекистон ҳам ҳозир Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига айланиб бораётганини назардан қочирмаслик лозимлигини алоҳида урғулайди.

"Ҳозир болалар билан бош мураббий Миржалол Қосимов ўртасидаги муносабатлар юксак даражада. У ўзини фарзандларига қарагандек уларни ўйинга тайёрлаяпти. Ўйлайманки, ўйин қандай натижа билан якунланишидан қатъиназар, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг мавсумдаги энг яхши ўйинларидан биттасини кўрсатади. Мен бунга ишонаман", дейди Ахбор Имомхўжаев.

Келаси йил март ойига қадар эса, ўзбекистонлик футболчилар Эрон, Ливан, Жанубий Корея ва Қатарга қарши яна тўрт ўйин ўтказишлари керак.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчисининг таъкидлашича, бундан буёғига Ўзбекистон миллий терма жамоаси орқага чекинмай, қолган учрашувларининг барчасида фақат ғалаба учун майдонга тушиши керак.

"У ким бўлади - у Эронми, у Япониями, у Кореями, у Хитойми, ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бунинг фарқи йўқ. Биз Осиёнинг энг кучли жамоалари билан ҳам бемалол ўйнай оламиз. Мен буни ишонч билан айтишим мумкин", дейди у.

Осиё қитъасига жаъми 4.5 ўрин ажратилган бўлса, уни қўлга киритиш учун сўнгги босқич саралаш беллашувларида 10 миллий терма жамоа кураш олиб боришмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.