BBC navigation

'Сослан Тигиев Спорт Арбитраж маҳкамасига мурожаат этиш ҳуқуқига эга'

Сўнгги янгиланиш 8 ноябр 2012 - 14:54 GMT

Ўзбекистон сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида олган учта бронза медалдан биттаси эркин курашчиси Сослан Тигиевга тегишли эди

Халқаро Олимпия қўмитаси қарори билан Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида олган бронза медалидан мосуво этилган ўзбекистонлик донгдор курашчи ярим йилдан икки йилгача халқаро мусобақалардан ҳам четлатилиши мумкин. Аммо:

Сослан Тигиев эркин кураш бўйича 74 кг вазн тоифасида шу йил июл-август ойларида Буюк Британия пойтахтида бўлиб ўтган ўйинларнинг бронза медалини қўлга киритганди.

Кеча кечқурун бу хусусдаги қарорини расман эълон қилган қўмитага кўра эса, ушбу масалани кўриб чиқишни Халқаро Кураш Федерацияси - FILA ихтиёрига ҳавола этишган.

"FILAдан Сослан Тигиевнинг Лондон Олимпиадасида эришган натижаларини "ўзгартириш" ва "қўшимча чоралар кўриш масаласини кўриб чиқиш сўралди", дейилади Халқаро Олимпия Қўмитасининг расмий баёнотида.

Қўмитанинг ўзи эса, "Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасидан зудлик билан Сослан Тигиевга берилган бронза медали, тўғноғич ва дипломни қайтариш"ни сўраган.

Халқаро Олимпия Қўмитасининг ушбу қарорига донгдор эркин курашчининг допинг синовидан ўта олмагани сабаб бўлгани билдирилган.

Аён бўлишича, Сослан Тигиев бронза медалини қўлга киритган 10 август куни ундан олинган пешоб намунасида спортчилар учун тақиқланган метилгексанамин моддаси аниқланган.

Метилгексанамин 2009 йилда Жаҳон Допингга қарши кураш идораси томонидан ман этилган ва "стимуляторлар" рўйхатига киритилган модда экани айтилади.

Метилгексанамин

Ҳатто, Жаҳон Допингга қарши кураш идорасининг таснифида ҳам метилгексанамин бошқаларига қараганда, "юмшоқроқ" стимулятор ҳисобланади ва допинг сифатида атайдан қабул қилинмаган бир ҳолатда ҳам турли озиқ-овқат қўшимчалари воситасида спортчи организмига тушиб қолиши мумкин бўлган модда саналади.

Биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик масъул мулозимларга кўра, Сослан Тигиев допинг ҳодисаси юзасидан икки ой бурун Халқаро Олимпия Қўмитасига йўллаган расмий мактубида бунинг сабабини Олмонияда ишланган озиқ-овқат қўшимчасини истеъмол қилгани билан изоҳлаган.

Ўзбекистон томонига кўра, худди шу изоҳи туфайли ҳам, донгдор курашчига қарши кўрилиши мумкин бўлган чоралар "юмшатилиши" ва у FILA томонидан халқаро спорт мусобақаларидан икки йилга эмас, фақат ярим йилдан бир йилгача четлатилиши мумкин, холос.

Халқаро Олимпия Қўмитасининг баёнотида айтилишича эса, FILAнинг қарори қандай бўлишидан қатъиназар, Сослан Тигиев Спорт Арбитраж маҳкамасига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Кўпроқ геранамин номи билан маълум бўлган ушбу модда чидамлиликни ошириш ва ёғ куйдирувчи восита сифатида қўлланилади.

Мутахассисларнинг ўзлари ҳам метилгексанамин спортчиларга мўлжалланган ва ноқонуний бўлмаган баъзи бир озиқ-овқат қўшимчалари таркибига кириши, Жаҳон Допингга қарши кураш идорасининг рўйхатига ҳам яқинда киритилганини урғулашади.

Уларга кўра, шунинг учун ҳам, спортчилар таркибида метилгексанамин борлигини билмай, бу каби қўшимчаларни истеъмол қилишлари мумкин.

Допингга қарши курашувчи идоралар эса, барибир, спортчи бирор бир озиқ-овқат қўшимчасини қабул қилишдан аввал, албатта, унинг таркибига диққат қилиши лозимлигини айтишади.

Ўзбекистондан муносабат

Сўнгги янгилик ортидан биз суҳбатлашишга муваффақ бўлган Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вакилига кўра, Халқаро Олимпия Қўмитасининг якуний қароридан Ўзбекистон Кураш федерацияси ва Сослан Тигиев хабардор этилган.

Унинг айтишича, ҳар уч томон ушбу масалани биргаликда кўриб чиқиб, халқаро қўмита қарорига муносабатларини келаси ҳафта билдиришни режалашмоқда.

Халқаро мусобақаларда Ўзбекистонни 2005 йилдан буён намоён этиб келаётган асли жанубий осетиялик Сослан Тигиев эркин кураш бўйича дунёдаги энг номдор курашчилардан бири саналади.

Сослан Тигиев ўз вазн тоифасида Жаҳон Кубоги соҳиби, 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори, Осиё чемпионати ва Осиё Ўйинларининг ғолибидир.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидан бор-йўғи икки ойча аввал эса, Одессада ўтказилган "Қора денгиз - 2012 халқаро танловида ғалаба қозонган.

Сослан Тигиев Лондон Олимпиадасида эришган ютуқлари учун Ўзбекистон президенти томонидан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, 50.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ва Chevrolet Lasetti русумидаги машина билан тақдирланган.

Ўзбекистонлик мулозимлар билан суҳбатимиздан аён бўлишича, Халқаро Олимпия Қўмитасининг сўнгги қарорига қарамай, берилган мукофотлар Сослан Тегиевдан қайтариб олинмайди.

Ўзбекистон Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини 1 та олтин ва учта бронза медали билан 47-ўринда якунлаганди.

Ўзбекистонлик масъулларга кўра, Халқаро Олимпия Қўмитасининг Сослан Тигиевни бронза медалидан марҳум этиш қарори жамоанинг медаллар жадвалида эгаллаган ўрнига таъсир қилмайди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.