BBC navigation

Роман Абрамовичнинг мовийлари жаҳон чемпионлигини бой беришди

Сўнгги янгиланиш 17 декабр 2012 - 13:09 GMT

Бразилиянинг “Коринтианс” жамоаси финал учрашувида Лондоннинг “Челси”сини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳоннинг энг зўр клубига айланди.

Рафаэль Бенитес бойвачча мовийларнинг янги бош мураббийси сифатида илк шарафли унвон учун курашини бой берди.

“Челси” ярим финалда Мексиканинг “Монтеррей” жамоасини 3:1 ҳисобида енгиб, Японияда бўлиб ўтган клублар орасидаги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиққанди.

Аммо якшанба кунги учрашувнинг 69-дақиқасида Хосе Паоло Герреро томонидан киритилган ягона тўп амалдаги Оврўпо Чемпионлари чемпионининг аламли мағлубияти учун кифоя қилди.

Рафаэль Бенитес ўтган ой охирида бойвачча мовийларнинг Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсиз ўйини ортидан “Челси”га янги мураббий этиб тайинланганди.

Учинчи ўрин учун бўлган курашни эса, Мисрнинг “Ал-Аҳли”сини 2:0 ҳисобида мағлуб этган “Монтеррей”си ўз фойдасига ҳал қилди.

Бу – Бразилия клубининг ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпионлиги мақомини қўлга киритишидир.

“Коринтианс” бундан аввал 2000 йилда бу каби оламшумул ютуққа эришганди.

Ўтган йил худди 2009 йилда бўлгани каби Испанияинг “Барселона”си клублар орасида жаҳон чемпиони бўлганди.

Барсадан аввал эса, Италиянинг “Интер”и, Англиянинг қизил иблислари, Бразилиянинг “Интернасьонал” ва “Сан-Паулу”лари ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилbiган.

Аммо ҳалича бирор бир Ўзбекистон жамоаси клублар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишга муваффақ бўлган эмас.

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ташкил топган дастлабки йилларданоқ шу каби осмонўпар режасини ошкора баён этиб келади.

Аммо ўз вақтида қитъанинг энг серхарж жамоаларидан бири бўлган қалдирғочларга бу каби шараф ҳалича насиб этмаган.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони бу йил ўз йўлида Жанубий Кореянинг манаман деган икки жамоасини енгиб, ўзининг қисқа тарихида иккинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Аммо қалдирғочлар октябр ойининг сўнгги ҳафтасида бўлиб ўтган ярим финал учрашувларининг ҳар иккисида ҳам йирик ҳисоб билан мағлубиятга учрашди.

Қалдирғочларнинг бирор бир донгдор легионерсиз бу йил Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлиши – Ўзбекистон жамоасининг катта ютуғи сифатида кўрилганди.

Аммо “Бунёдкор”нинг осмонўпар орзуларига эришиш учун ўз вақтида миллионлаб долларлар эвазига Луиз Фелипе Сколари ва Ривальдо каби бразилиялик дунёнинг донгдор мураббий ва юлдуз футболчиларини катта пуллар эвазига Тошкентга келтириши ҳам иш бермаганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.