BBC navigation

'Боксчиларимиздан дунё қўрқади ва ҳурмат қилади'

Сўнгги янгиланиш 25 январ 2013 - 11:03 GMT

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учун бешинчиси бўлган ва спортчилари бир олтину учта бронза медали билан якунлаган Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг старт олганига шу кунларда роппа-роса ярим йил тўлади. Ўйинлар Ўзбекистон учун нимаси билан ёдда қолди:

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиадаси Ўзбекистон терма жамоаси учун допинг машмашаларию, донгдор эркин курашчиси Артур Таймазов ўрнатган ўзига хос рекорд билан ҳам ёдда қоладиган бўлди.

Ўзбекистонлик олимпиячилар учун ўйинлар допинг можароси билан бошланиб, яна худди шу машмаша билан якун топди.

Ўзбекистон элликдан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Лондон Олимпиадасида бор-йўғи тўртта медал билан кифояланишга мажбур бўлди.

Уларнинг бу каби натижаси Ўзбекистон президентининг ўйинлар натижаларини чуқур таҳлил қилиш ва ундан тегишли хулоса чиқаришга оид даъватига ҳам сабаб бўлди.

Ўрнатилган рекордлару бой берилган имкониятлар

Допинг можароси сабаб, Луиза Галиулина Ўйинлар арафасидаёқ ортга қайтишга мажбур бўлди

Спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистонни якка ўзи намоён этиши кутилган Луиза Галиулина айнан допинг сабаб, илк кунлариданоқ Лондон Олимпиадаси билан хайрлашди.

Таниқли эркин курашчиси Сослан Тигиев эса, ўйинлардан уч ой ўтиб, худди шу важ туфайли бронза медалидан маҳрум этилди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг Лондонда эришган ютуқлари Пекиндагиси билан таққосланганда, шундоқ ҳам камтарроқ эди.

Улар бу гал битта олтин ва учта бронза медали билан турнир жадвалида 47-ўринни эгаллашди. Ҳисобларидаги илк олтин медални эса, фақат ўйинлар якунига келибгина қўлга киритишга муваффақ бўлишди.

Бу - Марказий Осиё давлатлари орасида қайд этилган иккинчи яхши кўрсаткич бўлди.

Кураш афсонаси

Донгдор эркин курашчиси Артур Таймазов эса, учинчи олтин медалини қўлга киритиб, кураш афсонаси сифатида тарихга кирди

Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида кетма-кет уч - Афина, Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медаллари соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга кирди.

Ўзбекистонлик донгдор курашчи ўзининг сўнгги ютуғи билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланди.

Кураш афсонаси Артур Таймазов сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган оламшумул ютуғи учун Осиё Олимпия Кенгашининг махсус мукофотига ҳам лойиқ деб топилди.

2008 йилги Пекин Олимпиадасида эса, ўзбекистонлик спортчилар битта олтин ва учта бронза медалидан ташқари иккита кумуш медали олишга ҳам муваффақ бўлишганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистондан жаъми элликдан ортиқ спортчи иштирок этган ва улар 20 га яқин спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб борганди.

Уларнинг, айниқса, Ўзбекистон катта сонда беллашган бокс, дзюдо ва кураш каби якка кураш спорт турларида ўзларини кўрсатишлари кутилганди.

Яна бир ютуқ

Таниқли боксчиси Аббос Атоев эса, ҳакамнинг хатти-ҳаракатлари боис, ярим финалдаги жангини япониялик рақибига бой бериб, бронза медали билан кифояланишга мажбур бўлди

Ўзбекистон Ўйинларда катта сондаги, яъни жаъми олти нафар боксчиси билан иштирок этди ва мамлакат Олимпия тарихида илк бор улардан беш нафари чорак финалга чиқишга муваффақ бўлди.

Аммо боксчиларидан аксарияти ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишган эса-да, номдор боксчилари орасидан фақат Аббос Атоевгина биронза медали олишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистонлик боксчилар 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан фарқли тарзда, ўз жангларини кетма-кет ғалаба билан бошлашди.

Бокс мутахассислари ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари яхши экани, уларнинг совринли ўринларга даъвогарлик қилишлари мумкинлигини айтишганди.

Чунки уларнинг орасида ҳаваскор боксда икки карра Жаҳон чемпиони Аббос Атоев, Осиё Ўйинлари кумуш медали совриндори Ўктам Раҳмонов, қатор халқаро турнирлар ғолиби Элшод Расулов ва Фазлиддин Ғоипназаровлар бор эди.

Биз Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари бокс бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси мураббийларида қандай таассурот қолдирганини билиш учун мураббийларидан бири Уйғун Сиддиқов билан боғландик:

Донгдор дзюдочилари эса, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида фақат Ришод Собировнинг бронза медали билан чекланишди, холос

Сафларида кўплаб халқаро турнирлар ва жаҳон биринчилиги ғолиблари бўлган ўзбекистонлик дзюдочилар ҳам Лондон Ёзги Олимпиадасида якка Ришод Собиров қўлга киритган ягона бронза медали билан чекланишга мажбур бўлишди.

Ўтган йил охирида эса, Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбари, сенатор Мираброр Усмонов мамлакат Миллий Олимпия Қўмитасининг янги президенти этиб сайланди.

27 июл куни старт олган ва икки ҳафта давом этган Ўйинларда дунёнинг икки юздан ортиқ давлатидан минглаб спортчилар беш мингга яқин медаллар учун кураш олиб боришганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида энг кўп медал олган жамоа - АҚШ бўлди.

Ўйинларнинг сўнгги кунида бир олтин, бир кумуш ва бронза медали олиб, жаъми медаллари сонини 13 тага етказиб олган Қозоғистон эса, Марказий Осиё давлатлари орасидан энг яхши натижа кўрсатди.

Тожикистон битта бронза медали олган бўлса, Қирғизистон ва Туркманистон бирор бир совринсиз Ўйинлардаги иштирокларига якун ясашди.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қозоғистон минтақадан энг катта сондаги, яъни юздан ортиқ спортчиси билан иштирок этганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.