BBC navigation

'Бунёдкор' Осиё Чемпионлар лигасини ғалаба билан бошлади

Сўнгги янгиланиш 27 феврал 2013 - 14:59 GMT

Миржалол Қосимов шогирдлари сафарда Япония чемпиони "Санфречче Хиросима" клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этишди.

Икки рақиб жамоа ўртасидаги учрашув Хиросиманинг "Big Arch Football Stadium" стадионида бўлиб ўтди.

Қалдирғочлар бунгача икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финал босқичига чиқишга муваффақ бўлишган, аммо ҳозирча қитъа чемпионлари чемпиони бўлишнинг уддасидан чиқишмаган.

"Бунёдкор" ўтган йил ҳам ўз йўлида Жанубий Корея, Япония ва Австралиянинг манаман, деган жамоаларини ортда қолдириб, катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Бугунги учрашув тақдирини ҳал қилган иккита тўпни жамоанинг янги ўйинчилари - Александр Пишур ва Фозил Мусаевлар ўз ҳисобларига ёзишди.

Ҳисобни 3:0 етказишига жуда яқин қолган яна бир янги футболчиси сербиялик Марко Блажичга эса, бироз омад етишмади.

Қисқа тарихча ўрнида

Ўтган йил "Бунёдкор"нинг ярим финалда ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ Жанубий Кореянинг "Ульсан Хёндэ" клубига ютқазиб қўйиши ортидан, Ўзбекистон жамоаларининг тўртинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг финал босқичига чиқиш уринишлари чиппакка чиққанди.

Қалдирғочларнинг бирор бир донгдор легионерсиз орадан тўрт йил ўтиб, иккинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишлари жамоанинг катта ютуғи сифатида кўрилганди.

Аммо Ўзбекистон чемпионининг осмонўпар орзуларига эришиш учун ўз вақтида миллионлаб долларлар эвазига Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг донгдор мураббий ва юлдуз футболчиларини Тошкентга келтириши ҳам самара бермаганди.

Ўзбекистон чемпионининг иккинчи бор қитъанинг энг зўрига айланиш орзусини ярим финалда чиппакка чиқарган "Ульсан Хёндэ" эса, Осиё Чемпионлар лигасининг финалида Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли"сини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўтган йили чемпионлар чемпионига айланганди.

Бугунги учрашув ортидан қалдирғочлар бош мураббийи Миржалол Қосимов Хиросима стадионидан туриб ўзларини жўшқин қўллаб-қувватлаган барча футбол ишқибозларига ўз миннатдорчилигини изҳор этган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.