BBC navigation

'Одилнинг Оврўпо Лигасидаги ўйини бизга ёқди'

Сўнгги янгиланиш 8 март 2013 - 11:50 GMT

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, "Анжи" Оврўпо лигасининг нимчорак беллашувида англиялик рақибларини енга олмаган бўлса ҳам, сара ўйинчилари Одил Аҳмедовнинг кўрсатган ўйини ўзларига маъқул тушган:

Ахбор Имомхўжаев

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Одил Аҳмедовнинг жамоаси кеча пайшанба куни ўз майдонида Англиянинг "Ньюкасл" клубини қабул қилган, аммо ўйин 0:0 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Сара ҳужумчиси Самуэл Это'Ода бир неча бор рақиблари дарвозасини нишонга олиш имкони бўлган эса-да, "Ньюкасл"нинг ҳимояси панд бермаганди.

Бу ўзбекистонлик сара футболчининг ҳам, жамоаси "Анжи"нинг ҳам Оврўпо Лигаси нимчорак финалида илк бор тўп суришлари эди.

Айнан Одил Аҳмедов сабаб, Москванинг "Лужники" стадионида бўлиб ўтган ўйин Ўзбекистонда ҳам катта қизиқишга сабаб бўлган ва ўйин Тошкентга тўғридан-тўғри олиб узатилганди.

"Одил Аҳмедовнинг ўйини бизга ёқди. Биринчидан, у майдонда ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Жон-жаҳди билан мураббий кўрсатмаларини бажаришга киришди: Ўз вақтида тўпга ташланди, ўз вақтида тўпни шерикларига ошириб берди, лекин хатолар ҳам бўлди, лекин бусиз футбол бўлмайди, аммо барибир Одил Аҳмедовнинг ўйини мухлисларимизга маъқул бўлди", дейди ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев.

Унинг айтишича, Одил Аҳмедов иштирокидаги ўйиннинг Ўзбекистонга олиб узатилиши барча маҳаллий футбол ишқибозлари томонидан жуда катта қувонч билан қарши олинган.

"Чунки ҳамюртимизнинг жуда кучли жамоа таркибида бу каби катта мусобақада қатнашишини кўриш деярли барча мухлисларга насиб этди", дейди у.

Асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов соҳиблик қилувчи Махачқалъанинг “Анжи”си кеча фақат ғалаба учун майдонга тушганди.

Чунки жаҳоннинг манаман деган ўйинчилари қаторида ўзбекистонлик моҳир футболчи Одил Аҳмедов ҳам тўп сураётган жамоа бунгача Оврўпо Лигаси доирасида ўз майдонида ўтказган етти учрашувининг барчасида зафар қучганди.

Аммо "Анжи" кечаги рақиби "Ньюкасл" билан УЕФА турнири доирасида илк бор майдонга тушганди.

Оврўпо Лигасининг чорак финалига чиқувчи жамоа тақдирини ҳал қилувчи жавоб учрашуви эса, шу йилнинг 14 март куни Англияда бўлиб ўтади.

Одил Аҳмедовнинг жамоаси Оврўпо Лигаси 1/8 финалига илк бор чиққан бўлса, бугунги рақиби “Ньюкасл” беш бор тўп сурган. Тўрт маротаба лиганинг чорак финалига чиққан.

Бу йилги Оврўпо Лигасининг нимчорак финалида жаъми 11 давлат жамоалари беллашишмоқда.

Россия ва Англияни уч, Италияни икки ва қолган давлатларни биттадан клублари намоён этишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.