BBC navigation

ФИФАнинг янги рейтингида: Эрон Ўзбекистоннинг ўрнига чиқиб олди

Сўнгги янгиланиш 15 март 2013 - 14:41 GMT

Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясининг бу ойги рейтингида Ўзбекистон икки поғона пастлаб, 59-ўринга тушиб қолган ва қитъанинг энг юқори тўртлиги сафларидан чиқиб кетган. Унинг ўрнини ашаддий рақиби Эрон эгаллаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бор-йўғи январ ойида ўз тарихидаги иккита энг юқори натижадан бирини қайд этиб, 56-ўринга кўтарилиб олганди.

Сўнгги натижаси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қитъадаги ўрнига ҳам таъсир этмай қолмаган. Жамоа юқори тўртликдаги ўрнини бой бериб, 5-ўринга пастлаган.

Бор-йўғи икки ой бурун ФИФА рейтингида 60-ўринга тушиб қолган Эрон эса, Ўзбекистоннинг ўрнига 57-ўринга чиқиб олган.

Аммо Эрон ушбу ўринни Кабо-Верде ороллари терма жамоаси билан бўлишиб турибди.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ФИФА рейтингида қайд этган сўнгги натижа – ҳануз Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич.

ФИФАнинг янги рейтингида ҳам Осиёда ҳануз қитъанинг тўрт карра чемпиони Япония пешқадамлик қилмоқда.

Ундан кейинги ўринларни Австралия, Жанубий Корея ва Эрон эгаллашган.

Рейтинг шов-шуви

Қўшни Афғонистон миллий терма жамоаси ФИФА сўнгги рейтингининг шов-шувларидан бири бўлган

Қўшни Афғонистон миллий терма жамоаси ФИФА сўнгги рейтингининг шов-шувларидан бири бўлган.

Афғонистон бир ойнинг ичида 48 ўрин юқорилаб, 141-ўринга чиқиб олган.

Миллий терма жамоа яқинда гуруҳ босқич беллашувларида кетма-кет икки ғалаба ва бир дуранг натижа қайд этиб, Осиё Футбол Конфедерацияси Чақирув Кубогининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлганди.

Афғонистондан аввалги икки ўринни эса, Марказий Осиё минтақаси вакиллари бўлган Қозоғистон (139-ўрин) ва Туркманистон (140-ўрин) эгаллаб туришибди.

ФИФА янги рейтингида Тожикистон 152-ўринда бўлса, Қирғизистон 201-ўринга тушиб қолган.

Ўтган ой минтақада Ўзбекистондан кейин энг яхши кўрсаткични Туркманистон қайд этган бўлса, бу гал уч ўрин юқорилаб олган Қозоғистон иккинчи яхши натижани кўрсатган.

Бошқа МДҲ давлатлари билан таққослаганда эса, Ўзбекистон ФИФАнинг март ойидаги рейтингида ҳам Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринни эгаллаган.

Россия худди ўтган ойдагиси каби бу гал ҳам 10-ўринда бормоқда. Аммо, шунда ҳам, бу - МДҲ давлатлари орасидаги энг яхши натижа.

ФИФАнинг бу ойги рейтингида яна Испания пешқадамлик қилган.

Сўнгги Жаҳон чемпиони ортидан юқори учликни эгаллаб турган Олмония ва Аргентиналарнинг ҳам ўринлари ўзгаришсиз қолган.

Энг яхши кўрсаткич

ФИФАнинг янги рейтинги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қатор муҳим халқаро учрашувлари арафасида эълон этилган

Ўзбекистон 2006 йилда дунёнинг манаман деган миллий терма жамоаларини ортда қолдириб, ФИФА рейтингида 45-ўринни эгаллаган ва Осиёнинг энг кучли терма жамоалари орасида кучли учликка киришга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик футболчилар 1994 йилги Осиё Ўйинлари чемпиони бўлишлари ортидан қитъа тарихида бу каби натижага эришишмаганди.

Лекин бор-йўғи 4 йилнинг ичида 108-ўринга тушиб қолишга ҳам улгуришганди.

Бунга ўзбекистонлик футболчиларнинг ўтган Жаҳон чемпионатининг финал босқич учрашувларига чиқиш ёки Осиё Ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш уринишлари чиппакка чиққани сабаб бўлганди.

2011 йилда эса, Ўзбекистон терма жамоаси Халқаро Футбол Уюшмаси рейтингида 31 ўрин юқорилаб, рекорд натижа кўрсатган ва Қатардаги Осиё Кубогида қўлга киритган натижалари ортидан 77-ўринга чиқиб олганди.

Ўзбекистонлик футболчилар сўнгги Осиё кубогида илк бор ярим финалга чиқиб, ўйинларни тўртинчи ўрин билан якунлашга муваффақ бўлишганди.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган декабр ойидагина ФИФА рейтингида 67-ўринда бўлган Ўзбекистон бир ойнинг ичида ўз натижаларини бу қадар яхшилашга эришган.

ФИФА рейтинги эса, миллий терма жамоаларнинг турли халқаро тадбирларда эришган ютуқларига асосланиб ишлаб чиқилади.

Саралаш босқич беллашувларини муваффақиятли давом эттираётган Ўзбекистон жорий пайтда Осиё қитъасидан 2014 йилги жаҳон чемпионатига 4.5 та йўлланмадан биттасини қўлга киритишга даъво қилаётган ягона Марказий Осиё давлатидир.

ФИФАнинг янги рейтинги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қатор муҳим халқаро учрашувлари арафасида эълон этилган.

Жамоа келаси ҳафта - 22 март куни 2015 йилги Осиё Кубогининг навбатдаги гуруҳ босқич учрашувида сафарда Бирлашган Араб Амирликларига қарши майдонга тушади.

Орадан тўрт кун ўтиб эса, 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқич саралаш беллашувлари доирасида Тошкентда Ливанни қабул қилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.