BBC navigation

Оксана Чусовитина: 'Ўзим ҳам ғалабамни сенсация деб атаган бўлардим'

Сўнгги янгиланиш 25 март 2013 - 14:31 GMT

Оксана Чусовитина Ўзбекистон номидан халқаро мусобақалардаги илк иштирокиниёқ кетма-кет ғалаба билан бошлади

Ўзбекистонлик донгдор гимнастикачининг ўзи 38 ёшида эришган оламшумул ютуғига ана шундай баҳо берди.

Оксана куни-кеча Олмония ва Францияда бўлиб ўтган Жаҳон Кубоги мусобақаларида таяниб сакраш бўйича Ўзбекистонга бир олтин ва бир бронза медали келтирди.

Ҳали дунёда бирор бир гимнастикачи халқаро беллашувларда бу қадар узоқ иштирок этмаган ва бу ёшда жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб бормаган.

Бу - Оксана Чусовитинанинг ўтган йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидан кейин катта спортни тарк этишини эълон қилиши ортидан эришаётган оламшумул ютуқларидир.

Асли ўзбекистонлик гимнастикачи оилавий шароитлари боис, 2006 йилдан буён Олмонияни намоён этиб келаётганди.

Ўтган ой охирида эса, Халқаро Гимнастика Федерацияси Ижроий Қўмитаси Оксана Чусовитинанинг қайтиб Ўзбекистонни намоён этишига изн берганди.

Оксана Чусовитина эса, Ўзбекистон номидан халқаро мусобақалардаги илк иштирокиниёқ кетма-кет ғалаба билан бошлади.

Оксана Олмониядаги беллашуви ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида сўнгги ғалабасини ўзи ҳам сенсацион, деб ҳисоблашини айтди:

Оксана Чусовитина: Менимча ҳам шундай деса бўлади. Чунки кўпчилик менинг ҳозиргидек бир натижага эриша олишимга ишонмаган бўлса керак. Аммо, кўриб турганингиздек, мен муносиб чиқиш қила олдим. Ва ўзим эришган натижадан жуда хурсандман.

Би-би-си: Сиз ғалабангиз эълон қилинганида ўзингизни жуда оғир-босиқ тутдингиз ва ҳайратланганингиз ҳам сезилмади. Нима, олтин олишингизни кутганмидингиз ўшанда?

Оксана Чусовтина: Йўқ, мен шунчаки мусобақалар чоғи ўз ҳиссиётларимни у қадар намойиш этавермайман. Бу энди менинг табиатимга боғлиқ бўлса керак. Биласизми, ҳаммаси ичимда кечади, юрак-юрагимдан хурсанд бўламан, лекин ўз ҳис-туйғуларимни ташқарига чиқаришга, кўрсатишга нўноқ бўлсам керак. Бу иш қўлимдан келмайди, назаримда...

Би-би-си: Сиз 14 яшар гимнастикачи қизчалар каби чиқиш қилдингиз, Оксана. Бу эса, ҳали дунёда ҳеч бир бошқа гимнасткикачига насиб қилмаган?..

Оксана Чусовитина: Раҳмат. Ҳа, мен жуда хурсандман. Мен мусобақалар чоғида яна айрим нарсаларга эътибор қаратдим ва ниманинг устида кўпроқ ишлашим кераклигини ўргандим. Хуллас, шу йил октябр ойида бўлиб ўтажак навбатдаги жаҳон чемпионатида ўзим истаган тайёргарлик билан иштирок этаман.

Би-би-си: Бу каби шов-шувли ғалабангизни қандай нишонладингиз?

Оксана Чусовитина: Онамга, турмуш ўртоғим ва ўғлимга телефон қилдим. Улар жуда хурсанд бўлишди, мени табриклашди. Жуда, жуда бахтиёр эдилар. Мен эса икки карра-да бахтиёр эдим. Чунки мен Жаҳон Кубогида Ўзбекистон номидан иштирок этиб, бу каби ғалабага эришгандим. Мен она Ватанимга қайтгандим. Мана, энди Тошкентга борсам, нишонлаймиз.

Би-би-си: Бу олтин медалингизни кимга бағишлашни истардингиз?

Оксана Чусовитина: Мен бу ғалабамни турмуш ўртоғимга бағишлайман. Чунки ҳали унга биронта ғалабамни бахшида этганим йўқ эди. Мен унга ўз ниятим ҳақида аллақачон айтиб ҳам улгурдим ва эримнинг бундан жуда бахтиёрлигини ҳис қилдим. Чунки мен Ўзбекистон - турмуш ўртоғим ва ўзим туғилиб ўсган Ватанга қайтганим ҳамда ана шу юрт номидан беллашиб, қўлга киритган олтин медалимни унга бағишлаганимдан эрим ўзида йўқ хурсанд бўлди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.