Бразилия 2014: Ўзбекистон 1 - 0 Ливан

Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланмадан биттасини қўлга киритиш учун ўз курашини давом эттираётган Ўзбекистон қолган ҳал қилувчи уч учрашувидан бирида Ливанни мағлуб этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров ўйиннинг 64-дақиқасида киритилган ва учрашув тақдирини ҳал қилган ягона тўп муаллифига айланди.

Сўнгги босқич саралаш беллашувларининг 7-тур учрашуви пойтахт Тошкентнинг 35 минг кишилик “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтди ва маҳаллий вақт билан соат 18:00 да бошланди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси асосан ҳужумда ўйнаб, Ливан ҳимояланишга мажбур бўлган эса-да, 1-бўлимда ҳисоб очилмади.

Ливанликлар яхши ҳимояланишди, аммо бир неча бор Ўзбекистон дарвозаси қаршисида хавфли вазиятлар пайдо қилишнинг ҳам уддасидан чиқишди.

Учрашувнинг 2-бўлими ливанликларнинг ҳужумлари остида бошланди. Аммо бунинг ортидан, рақиблари дарвозасига кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 64-дақиқада ҳисобни очди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларига қадар ўз ҳужумларини бўшаштирмаган эсалар-да, ўзбекистонлик футболчилар ўйинда ҳисобни оширишга муваффақ бўлишмади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги учрашувини 11 июн куни сафарда Жанубий Корея миллий терма жамоасига қарши ўтказади.

Жамоа сўнгги ғалабаси ортидан 6 ўйиндан жаъми 11 очко тўплаб, "А" гуруҳида пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Аммо бугун Қатарни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб турган Жанубий Корея бир ўйин кам ўтказган.

Лекин, бунга қарамай, фахрий шарҳловчи Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон сўнгги ютуғи ортидан, ўз гуруҳига ажратилган иккита йўлланмадан бирига ҳақли равишда даъвогарлик қилаётган иккита жамоадан бирига айланди:

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу – ўтган йил охирларида фойдаланишга топширилган ва Ўзбекистон тарихидаги энг йирик спорт мажмуаси экани айтилган “Бунёдкор” стадионида кечаётган илк халқаро футбол учрашуви бўлди.

Ливанга қарши ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқиш учун ўтказиши керак бўлган ва ҳаёт-мамот аҳамиятига эга учта учрашувдан биттаси эди.

Учрашув арафасида

Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бугунги суҳбатида айтишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ливанга қарши учрашувга ҳар томонлама тайёр:

Ливан билан бугунги ўйинига қадар Ўзбекистон Қатар ва Эронга қарши учрашувларида кетма-кет ғалаба қозонган.

Ўзбекистонлик футболчилар сўнгги босқич саралаш беллашувларининг дастлабки уч учрашувини бир мағлубият ва икки дуранг билан якунлашган.

Ўзбекистон беш ўйиндан жаъми 8 очко тўплаб, жорий пайтда ўзи тушган “А” гуруҳида пешқадамлик қилиб, Жанубий Корея, Эрон, Қатар ва Ливандан олдинда бормоқда.

Аммо, айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Ливандан ташқари қолган уч жамоанинг ҳисобидаги очколари сони еттитадан бўлса-да, Жанубий Корея улардан бир ўйин кам ўтказган.

Агар статистикага қаралса...

Ливан ҳам Ўзбекистон каби дастлабки учрашувини қатарлик рақибларига 0:1 ҳисобида бой берган.

Бешта ўйинида қайд этган натижаларига мувофиқ, ҳозир “А” гуруҳида 4 очко билан Жанубий Корея, Эрон ва Қатар миллий терма жамоаларидан кейин энг сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

Ливан миллий терма жамоаси ҳам Ўзбекистон каби ҳали Жаҳон чемпионатининг якуний беллашувларига чиқишга муваффақ бўлган эмас.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Ливан ва Ўзбекистон футбол бўйича Жаҳон биринчилигининг саралаш босқич учрашувларида илк бор бир-бирларига қарши майдонга тушаётганликлари йўқ.

Икковлон 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида икки бор учрашишган, ўйинни биттадан мағлубият ва биттадан ғалаба билан якунлашган.

Бугунги учрашув арафасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов майдонга фақат ғалаба учун тушишлари, футболчилари Ливанга қарши ўйинда бор кучлари билан ҳаракат қилишлари шартлигини таъкидлади.

2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг куни-кеча бўлиб ўтган 2-тур учрашувини Ливан Тайландни 5:2 ҳисобида енгиш билан якунлаган бўлса, Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликларига 1:2 ҳисобида бой берган.

Сўнгги босқич

Бу босқичда ўз гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган миллий терма жамоа эса, 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида ҳали ҳеч қачон бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Футбол мутахассислари ва терма жамоалар мураббийларининг ўзлари эса, жорий пайтда “А гуруҳи иштирокчиларининг барчасида иккита йўлланмадан бирини қўлга киритиш имконияти борлигини бир овоздан эътироф этишмоқда.

Гуруҳда шаклланган бу каби вазият тарихда илк бор ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришмоқчи бўлишса, ўзбекистонлик футболчиларнинг қолган барча ўйинларини ғалаба билан якунлашларини тақозо этади.

Жанубий Кореяга қарши сўнгги учрашувига қадар Ўзбекистон ўз майдонида Ливан ва Қатарга қарши тўп суради.

Яна саноқли соатлардан сўнг жавоб учрашувини ўтказиши кутилаётган Ливан билан Ўзбекистон орасидаги дастлабки ўйин 1:1 дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Осиё қитъасига жаъми 4.5 ўрин ажратилган бўлса, уни қўлга киритиш учун сўнгги босқич саралаш беллашувларида 10 миллий терма жамоа кураш олиб боришмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ