'Рақибимни илк раунддаёқ нокаут қиламан деб ўйламагандим'

Image caption Руслан Чагаев ўтган йил ҳисобидан ўтказган ҳар уч рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган

Америкалик рақиби Майк Шеппард билан сўнгги жангги ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев ўз ғалабасига ана шундай баҳо берди. Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони бўлган Руслан навбатдаги рақибини 2-дақиқанинг ўзидаёқ нокаутга учратганди:

10 раундлик рейтинг жангги 22 март куни Олмониянинг Берлин шаҳридаги Universal Hall аренасида уюштирилган бокс кечаси доирасида бўлиб ўтган ва биринчи раунднинг ўзидаёқ ниҳоя топганди.

"Мен рингга фақат ютаман, деб чиққандим. Нокаут ҳақида ўйлаганим йўқ эди. Аммо 1-раунднинг ўзидаёқ шундай имконият пайдо бўлиб қолди", дейди Руслан Чагаев.

Руслан, "ҳамма боксчилар, айниқса, дастлабки раундларнинг ўзидаёқ ғалаба қозонишса, ниҳоятда хурсанд бўлишлари"ни айтаркан, сўнгги ғалабасидан ўзининг ҳам боши осмонда эканини билдирди.

Бир неча ойдан буён Американинг Детройт шаҳрида шуғулланаётган ўзбекистонлик донгдор боксчи рингга ҳам илк бор америкалик янги мураббийси Шугар Ҳилл бошчилиги остида тушганди.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Руслан Чагаев ўтган йил ҳисобидан ўтказган ҳар уч рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Руслан ўтган йил сентябр ойида бўлиб ўтган бундан аввалги рейтинг жанггида ҳам олмониялик рақиби Вернер Крайскоттни техник нокаут билан мағлубиятга учратганди.

Руслан Чагаевнинг сўнгги эксклюзив суҳбатида бизга айтишича, тез орада яна бир рейтинг жангги ўтказиш ва янада номдор боксчилардан бирига қарши рингга тушишни кўзламоқда.

Ўзбекистонлик боксчи қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушишни режалаган.

Руслан Чагаевнинг профессионал боксда ўтказган жаъми жанглари сони энди 34 тага етган бўлса, шундан 31 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев орадан икки йил ўтиб WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Агар 2012 йил ноябр ойидаги маълумотларга қаралса, Руслан Чагаев сўнгги жанггига қадар WBA рейтингида 3-ўринни эгаллаб турган.

Бу мавзуда батафсилроқ