Осиё Чемпионлар лигаси: Ўзбекистон жамоалари ўз курашларини давом эттиришади

Image caption "Лаҳвия"нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги илк иштироки ўтган йилги мавсумга тўғри келади

Ўз гуруҳларида пешқадамлик қилиб турган "Бунёдкор" Хитойнинг "Бейцзин Гоан", "Пахтакор" эса, Қатарнинг "Лаҳвия"сига қарши майдонга тушишади.

Қалдирғочлар гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 3-тур учрашувини ўз майдонларида, шерлар эса, сафарда ўтказишади.

"Бунёдкор" эртага майдонга тушса, "Пахтакор"нинг навбатдаги ўйини шу чоршанба кунига режаланган.

Ўзбекистонлик бу икки жамоа 2013 йилги Осиё Чемпионлар лигасини ғалаба билан бошлашган.

Аммо Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони "Пахтакор"дан фарқли тарзда, "Бунёдкор" Жанубий Кореянинг "Поханг Стилерз"ига қарши иккинчи учрашувида дуранг натижа қайд этган.

Ўтказган икки ўйинлари ортидан шерлар "В" гуруҳида 6 очко, қалдирғочлар эса, "G" гуруҳида 4 очко билан пешқадамлик қилиб туришибди.

Аммо "Бунёдкор"нинг тўплаган очколари сони эртанги рақиби "Бейцзин Гоан"ники билан тенг.

Ҳам "Пахтакор" ва ҳам "Бунёдкор" Ўзбекистоннинг Осиё Чемпионлар лигасида катта тажрибага эга икки жамоаси саналишади.

Икковлон ҳам ўз тарихларида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишган.

Аммо уларнинг ҳеч бирига ҳалича Осиё чемпионлари чемпиони бўлиш насиб этмаган.

Бўлажак рақиблар

Image caption Бу йилгиси билан бу - "Бейцзин Гоан"нинг ўз тарихида тўртинчи бор Осиё Чемпионлар лигасида тўп суриши

Бу йилгиси билан бу - "Бейцзин Гоан"нинг ўз тарихида тўртинчи бор Осиё Чемпионлар лигасида тўп суриши.

Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокини икки бор гуруҳ босқич беллашувларининг ўзиданоқ якунлаган, бир маротаба гуруҳдан кейинги босқичга чиқишга муваффақ бўлган.

2002 йилга қадар ўтказиб келинган Осиё Кубоги Ғолиблари Кубогида ўзини яхшигина кўрсатган жамоа саналади.

"Пахтакор"нинг навбатдаги рақиби - Қатарнинг "Лаҳвия"си эса, "Бейцзин Гоан" билан таққослаганда, Осиё Чемпионлар лигасида жуда оз тажрибага эга.

Жамоанинг Осиё Чемпионлар лигасидаги илк иштироки бор-йўғи ўтган йилги мавсумга тўғри келади.

Аммо, шунда ҳам, "Лаҳвия" гуруҳ босқич беллашувларининг ўзиданоқ ортга қайтишга мажбур бўлган.

Жорий пайтда эса, икки ўйиндан 4 очко тўплаб, ўз гуруҳида "Пахтакор"дан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Қисқа тарихча ўрнида

Image caption Ҳам "Пахтакор" ва ҳам "Бунёдкор" Ўзбекистоннинг Осиё Чемпионлар лигасида катта тажрибага эга икки жамоаси саналишади

"Бунёдкор" бу йилги Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки учрашувида Япония чемпиони "Санфречче Хиросима" клубини сафарда 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Ўтган йил эса, ўз йўлида Жанубий Корея, Япония ва Австралиянинг манаман, деган жамоаларини енгишга муваффақ бўлганди.

Аммо ярим финалда ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ Жанубий Кореянинг "Ульсан Хёндэ" клубига ютқазиб қўйиши ортидан, Ўзбекистон жамоаларининг тўртинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг финал босқичига чиқиш уринишлари чиппакка чиққанди.

Қалдирғочларнинг бирор бир донгдор легионерсиз орадан тўрт йил ўтиб, иккинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишлари эса, жамоанинг катта ютуғи сифатида кўрилганди.

Аммо Ўзбекистон чемпионининг осмонўпар орзуларига эришиш учун ўз вақтида миллионлаб долларлар эвазига Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг донгдор мураббий ва юлдуз футболчиларини Тошкентга келтириши ҳам самара бермаганди.

Ўзбекистон чемпионининг иккинчи бор қитъанинг энг зўрига айланиш орзусини ярим финалда чиппакка чиқарган "Ульсан Хёндэ" эса, Осиё Чемпионлар лигасининг финалида Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли"сини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўтган йили чемпионлар чемпионига айланганди.

Баҳо

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчиларига кўра эса, ўтган йил ҳам Осиё Чемпионлар лигаси, ҳам миллий терма жамоа ва ҳам миллий чемпионат ўйинларида иштирок этишларига тўғри келгани футболчиларни анча толиқтириб қўйган.

Уларнинг таъкидлашларича, Ўзбекистон жамоаларининг тўрт марта Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқиб, финал босқичига ўта олмаганликлари - ҳали ўз устларида кўп ишлашларига тўғри келиши, айниқса, жисмоний тайёргарликни бир мавсумга етарли маромда олиб бора олишлари кераклигини кўрсатиб қўйган.

Маҳаллий мутахассисларнинг урғулашларича, "Ўзбекистон жамоалари Осиё чемпионлари чемпиони бўлмоқчи бўлишса, асосий таркибини энг зўр ўйинчилардан ташкил қилиши, захира ўриндиғидаги футболчилар ўз устларида янада кўпроқ ишлашлари ва рақибларни ўрганишга ҳам кўпроқ аҳамият бериши керак".

Бу мавзуда батафсилроқ