Осиё Чемпионлар лигаси: 'Пахтакор'га нима панд берди?

Бугун гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг илк жавоб учрашувини ўтказган шерлар Тошкентда қатарлик рақиблари билан дуранг натижа қайд этишди.

"Пахтакор" стадионида маҳаллий вақт билан соат 16:00 да бошланган ўйинда ҳисобни дастлабки дақиқалардаёқ меҳмонлар очишди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони сўнгги учрашувини айнан “Лаҳвия”га 1:3 ҳисобида бой берган ва бугун фақат ғалаба учун майдонга тушганди.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг учрашув ортидан биз билан суҳбатида айтишича, ўйинда қайд этилган натижадан ҳар икки жамоа ҳам мамнун қолишган.

"Ўша 2:2 ҳисоби ўйинга мос, менимча, "Пахтакор" ҳам, "Лаҳвия" ҳам хурсанд бўлиши керак. Чунки ўйин қайсидир бир жамоанинг яққол устунлиги остида ўтмади", дейди фахрий шарҳловчи:

Ахбор Имомхўжаев қолган икки жавоб учрашувини сафарда ўтказишини назарда тутиб, гуруҳ босқичидан чиқиш шерларга осон бўлмаслиги, аммо ўйинларда катта маҳорат ва ғалабага бўлган ишончгина уларга ғалаба келтириши мумкинлигини таъкидлайди.

Фахрий шарҳловчи "Пахтакор"нинг умумий натижаси ижобий бўлишини истаб қолишлари ва Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони кейинги босқичга чиқа олади, деган ўйдалигини айтади.

Бугунги дуранг натижаси ортидан, “Пахтакор” тўрт ўйиндан 7 очко тўплаган ҳолда “В” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Қатарнинг "Лаҳвия"си эса, жаъми 8 очко билан гуруҳда ҳануз пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбекистон чемпиони навбатдаги жавоб учрашувини сафарда 24 апрел куни Саудия Арабистонининг "Ал-Иттифоқ" жамоасига қарши ўтказади.

Шерлар ўз тарихларида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишган.

Гуруҳнинг бугун бўлиб ўтиши режаланган иккинчи учрашувида эса, "Ал-Иттифоқ" "Аш-Шабаб ал-Арабийни қабул қилади.

Лекин, шунда ҳам, бу ўйин натижаси гуруҳдаги жамоалар тартибига таъсир кўрсатиш даражасида бўлмайди.

Тарихча ўрнида

Шерлар бу йилги Осиё Чемпионлар лигасини кетма-кет ғалаба билан бошлашган, аммо ўтган ҳафта учинчи тур учрашувини сафарда бой бериб қўйишганди.

"Лаҳвия"га қарши Доҳада бўлиб ўтган дастлабки учрашувига қадар "Пахтакор" икки ўйиндан 6 очко тўплаб, ўз гуруҳида пешқадамлик қилиб турганди.

Аммо 3-тур учрашувида қайд этилган натижа жамоаларнинг гуруҳдаги мавқеъларига таъсир этмай қолмаган ва ҳозир уч ўйиндан 7 очко тўплашга муваффақ бўлган "Лаҳвия" "В" гуруҳи пешқадамига айланган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, "Пахтакор" билан таққослаганда, Қатарнинг "Лаҳвия"си Осиё Чемпионлар лигасида жуда оз тажрибага эга.

Араб жамоасининг Осиё Чемпионлар лигасидаги илк иштироки бор-йўғи ўтган йилги мавсумга тўғри келади ва устига устак, ўша йили гуруҳ босқич беллашувларининг ўзиданоқ ортга қайтишга мажбур бўлган.

"Пахтакор" эса, Ўзбекистоннинг Осиё Чемпионлар лигасида катта тажрибага эга икки жамоасидан бири саналади.

Жамоа ўз тарихида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган.

"Аламли мағлубият ва фақат ғалаба учун"

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев "Пахтакор" бугун майдонга фақат ғалаба учун тушишини айтади:

"Менинг назаримда, "Пахтакор" мураббийлари бугунги ўйинда шунақанги тактика танлашадики, бу - асосан ҳимоядан ҳужумга ўтиш, яъни, учрашув бошлангандан ҳужумга эмас, олдин ҳимояни мустаҳкамлаб, кейин ҳужумга ўтиш тарзида бўлади", Ахбор Имомхўжаев.

Фахрий шарҳловчига кўра, "Лаҳвия"га қарши дастлабки учрашувдаги мағлубиятга "Пахтакор" дарвозабони Темур Жўраевнинг иккита қўпол хатоси сабаб бўлган.

Ахбор Имомхўжаев бугунги ўйинда ғалабаларига ишонишлари кераклигини айтаркан, "Пахтакор"нинг жавоб учрашувида енгилмаслигини таъкидлайди.

"Пахтакор"нинг мураббийлари анчагина тажрибали, мана шу ўйинга ўзларининг тактик ҳолатларини тўғри йўлга қўя олишади, йигитларни яхши тайёрлашади", дейди фахрий футбол шарҳловчиси.

Ахбор Имомхўжаев жорий пайтда "В" гуруҳидаги жамоаларнинг барчасида кейинги босқичга чиқиш имкониятлари 50:50, дейди.

"Ҳозир ҳар бир жамоа қандай бўлмасин ютиб, очколарини кўпайтиришни мўлжаллаб юрибди. Шунинг учун ҳам, "Пахтакор"га осон рақиб йўқ. Ҳаммаси болаларнинг ўз қўлларида бўлади".

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони бу йил ўз гуруҳида Саудия Арабистонининг "Ал-Иттифоқ", Бирлашган Араб Амирликларининг "Аш-Шабаб ал-Арабий" ва Қатарнинг "Лаҳвия"сига қарши тўп сурмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ