Наҳанг 'Барса' ва 'Реал'га нима бўлди, Ўзбекистондан муносабат

Ҳар икки Испания наҳангги - ҳам "Барселона" ва ҳам "Реал"нинг бу йилги Чемпионлар лигаси финал босқичига чиқиш имкониятлари қил устида қолди.

Дастлабки ярим финал учрашувини "Барселона" "Бавария"га 0:4, "Реал" "Боруссия"га 1:4 ҳисобида бой берди.

Бу икки қудратли жамоанинг олмон клубларидан бу каби йирик ҳисобда мағлубиятга учраши жаҳон футбол аҳли учун ҳам кутилмаган бўлгани тайин.

Аксарият футбол мутахассисларининг бирдек эътироф этишларича, олмон жамоаларининг бу қадар муваффақиятлари Оврўпо футболида гегемонлик Олмонияга ўтаётганини кўрсатади.

Бунга оддий фактларнинг ўзи ҳам далолат қилаётгандек:

Дейлик, "Барса" 1997 йилдан буён Оврўпо миқёсидаги турнирларда бу каби йирик ҳисобда мағлубиятга учрамаган. Испан жамоаси ўша йили Киевнинг "Динамо"сига худди шундай ҳисобда енгилган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Чемпионлар лигаси тарихида бирор бир жамоа дастлабки учрашувини 4 ёки 5 тўп фарқи билан ютқазиб, кейинги босқичга чиқа олмаган.

Мураббийси Жозе Моуриньо бошчилиги остида кетма-кет учинчи бор Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган эса-да, "Реал" ҳам учинчи бор ярим финалдан пастга қулаш хавфи остида қолган.

Ўзбекистондан муносабат

Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимовнинг айтишича, Чемпионлар лигаси дастлабки ярим финал учрашувлари ўзи қатори Ўзбекистон футбол аҳлини ҳам бефарқ қолдирмаган.

Биродар ака билан суҳбатимиздан аён бўлишича, кўпчилик Испаниянинг "Барселона"сига ишқибозлик қилган ва унинг ғалаба қозонишини кутган.

Аммо, унга кўра, дастлабки ярим финал учрашувлари ортидан, "Кўпчилик ҳозир энг кучли жамоа деб, "Бавария"га тан берган ва унга ўз овозини бераяпти".

Биродар аканинг айтишича, урган тўрттадан голлари олмон жамоаларини деярли финалга олиб чиқиб бўлган ва ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг аксарияти финалда "Бавария" ғалаба қозонади, деган ўйдалар:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Эслатиб ўтамиз, "Реал" "Боруссия"га қарши ярим финал беллашувларининг жавоб учрашувини 30 апрел, "Барселона" эса, "Бавария"га қарши 1 май кунлари ўтказишади.

Бу мавзуда батафсилроқ