Бокс: Муҳаммад Алининг промоутери Баҳодир билан ишламоқчи

Профессионал боксда дунёнинг энг машҳур промоутерларидан бўлган америкалик Донг Кинг ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Мамажонов билан узоқ йилга шартнома имзолаган.

Бу ҳақда боксга ихтисослашган қатор халқаро интернет нашрлари хабар тарқатишган.

Афсонавий промоутер сифатида баҳо берилувчи Донг Кинг эса, ўз вақтида Муҳаммад Али, Майк Тайсон, Эвандер Холифилд каби дунёнинг манаман деган боксчиларига промоутерлик қилган.

Баҳодир Мамажонов ўтган ой профессионал бокснинг енгил вазн (61.2 кг) тоифасида WBA (International) камарини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик боксчи Америкада бўлиб ўтган сўнгги жангида кубалик рақиби Анжело Сантанани техник нокаутга учратиб, мағлуб этганди.

Баҳодирнинг BoxingScene.com интернет нашрига айтишича, "Донг Кинг билан шартнома имзолаш ўзининг Жаҳон чемпиони бўлиш орзусини амалга оширишга ёрдам беради".

Фарғона бокс мактаби вакили бўлган 25 ёшли Баҳодир Мамажонов 61.2 килограммгача бўлган вазн тоифасида рингга тушиб келади ва ўзи 200 дан ортиқ жанг ўтказган ҳаваскор боксда ҳам турли нуфузли халқаро турнирлар ғолиби саналади.

У профессионал боксдаги карьерасини бундан икки йил бурун бошлаган ва америкалик мураббийси Кен Ричард қўл остида шуғулланиб келган.

Баҳодир шу пайтгача профессионал рингда 14 та жанг ўтказган бўлса, шунинг фақат биттасида дуранг натижа қайд этган. Қолган барчасини ғалаба билан якунлаган. Шундан тўққизтасини нокаут билан енгган.

Ўзбекистонлик боксчи шу ҳафта Жаҳон Бокс Уюшмасининг "Энг кучли боксчилар" рўйхатида юқори ўнликка ҳам киришга муваффақ бўлган ва унда 6-ўринни эгаллаган.

Хабарларга кўра, афсонавий янги промоутери Дон Кинг ҳам Баҳодир билан бирга ишлашдан мамнун экани, ундан кўп нарсалар кутаётганини айтган.

Image caption 'Дон Кинг Баҳодирга боксчи ўлароқ барча имконият ва қобилиятларини намойиш этишига ёрдам беради...'

Биз сўнгги янгиликка профессионал бокснинг WBO таснифида енгил вазн тоифасида 17 карра жаҳон чемпионлиги камарини ҳимоя этишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи Артур Григоряннинг муносабатини сўрадик:

Артур Григорян: Дон Кинг дунёдаги энг кучли промоутер ҳисобланади. Агар Дон Кинг Баҳодир билан шартнома имзолаб, ишлаш истагини билдирган экан, демак, камида 4-5 йил ундан катта нарсаларни кутаяпти. Чунки Дон Кинг ҳар қандай боксчи билан ҳам шартнома имзолайвермайди. Демак, у Баҳодирнинг потенциалини кўрган ва унга ишонади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Баҳодир келаси тўрт, беш йил ичида жаҳон чемпиони бўлади. Чунки унинг Дон Кингдек промоутери бор. Бундай промоутерга эга бўлишни эса, ҳар қандай боксчи орзу қилади.

Би-би-си: Демак, сиз ҳам ўз вақтида орзу қилгансиз, десам, хато қилмайман, тўғрими?

Артур Григорян: Мен ҳам, агар таъбир жоиз бўлса, ўз вақтида эришаман деган нарсаларимга эришиб бўлганман. Промоутерим ҳам ёмон эмас эди. Лекин ўша пайтда Дон Кингдек промоутерим бўлганида, мен ҳам, албатта, жон дердим. Чунки Дон Кинг жаҳон профессионал боксида энг буюк ва машҳур промоутер саналади. Муҳаммад Али давридан бошлаб, ҳозиргача унга тенг келадиган промоутер йўқ. Шунинг учун ҳам, Дон Кингнинг Баҳодирга қизиқиш билдириб, унда жорий пайтда унча-мунча боксчида йўқ хислатларни кўрган экан, мен бундан жуда мамнунман.

Би-би-си: Сизнингча, Дон Кинг ўзининг машҳурлиги ва кучлилиги билан Баҳодирга қандай янги имкониятлар эшигини очиши мумкин?

Артур Григорян: Дон Кинг Баҳодирга боксчи ўлароқ барча имконият ва қобилиятларини намойиш этишига ёрдам беради. Ўз навбатида, Баҳодир ҳам қўлидан келганча ҳаракат қилиши, ўзини кўрсатиши лозим. Орқасида Дон Кингдек промоутери турибди, бундан ортиғи бўлмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ