Бразилия 2014: Жанубий Корея Ўзбекистонга етиб олди, буёғи нима бўлади?

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, сўнгги босқич саралаш беллашувларининг навбатдагисида қайд этган дуранг натижасига қарамай, Жанубий Корея 2014 йилги жаҳон чемпионатига иккита йўлланмадан бирини қўлга киритишда асосий даъвогар бўлиб қолаверади. Иккинчи йўлланма учун кураш эса, Ўзбекистон ва Эрон орасида кечади.

Эрон ва Жанубий Корея кеча сешанба куни сўнгги босқич саралаш беллашувларининг 6-тур учрашувларини сафарда ўтказишган, Эрон Қатарни 1:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Жанубий Корея Ливан билан 1:1 дуранг натижага эришганди.

Бу икки учрашув ортидан, Жанубий Корея очколари сонини 11 тага етказиб, "А" гуруҳи пешқадами Ўзбекистонга етиб олган, 10 очко тўплашга муваффақ бўлган Эрон эса, фақат 1 очко фарқ билан бу икки миллий терма жамоадан ортда бормоқда.

Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, ҳар икки учрашув ҳам кеча Ўзбекистон телевидениеси орқали олиб узатилган ва маҳаллий футбол ишқибозларининг катта қизиқишларига сабаб бўлган.

"Жанубий Кореянинг имкониятлари бизникига қараганда кучлироқ. Жанубий Корея гуруҳда 1-ўринни оладиган бўлса, 2-ўрин учун кураш асосан Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кечади. Буни мухлисларимиз яхши билишади".

"Лекин Эронни ҳам олдинда анчагина қийин учрашувлар кутиб турибди. Ливан билан ўйнаши керак, Жанубий Корея билан ўйнаши керак. Эронликлар ана шу ўйинларда максимум очко олишга ҳаракат қилишади. Бундай ҳаракат бизнинг Ўзбекистонда ҳам бор. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи маротаба Жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқиш учун мана шунақа яхши шароитга эга".

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳеч қачон ўз олдига қўйган бу каби олий мақсадига ҳозиргисичалик яқин келмаган ва унинг ўз гуруҳига ажратилган иккита йўлланмадан бирини қўлга киритиш-киритмаслиги Жанубий Корея ҳамда Қатарга қарши қолган учрашувида қандай натижа кўрсатишига боғлиқ бўлади.

Ўзбекистонлик фахрий шарҳловчи Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Жанубий Кореяга қарши 11 июн кунига режаланган учрашув кўп жиҳатдан бериладиган йўлланмалардан бирининг тақдирини аниқлашга хизмат қилади.

"Ўзбекистон миллий терма жамоаси қолган икки учрашувидан камида 4 очко олиши керак. Бунинг учун ўз майдонимизда Қатарни енгишимиз, Жанубий Корея билан камида дуранг ўйнашимиз лозим. Лекин ҳар икки учрашувдан фақат 3 очко оладиган бўлсак, бу - биз учун жуда хавфли бўлади. Чунки нарёғда рақиблар ҳам кутиб тургани йўқ-ку", дейди фахрий шарҳловчи.

Ахбор Имомхўжаев узоқ йиллик синашта ва тажрибали футбол мутахассиси сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Миржалол Қосимов Бош мураббийлиги остида шу сафар Жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланма олишига тўла ишонишини айтади.

"Болаларимизнинг ҳаммаси зийрак, ҳужум, ярим ҳимоя, ҳимоя, дарвозабон, Нестеров ҳам жароҳатдан қутилди, руҳий тайёргарлик ҳам кучли. Шунинг учун ҳам мен йигитларимизга ишонаман", дейди ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Япония аллақачон финалда

Кеча сешанба куни ўз майдонида Австралия билан 1:1 дуранг натижа қайд этганига қарамай, тўрт карра Осиё чемпиони Япония қитъадан 2014 йилги Жаҳон чемпионатига муддатидан илгари йўлланма олган биринчи жамоа бўлди.

Япония Осиёнинг Жаҳон чемпионатида катта тажрибага эга саноқли жамоаларидан бири ҳисобланади.

Осиё қитъасининг энг кучли жамоаси саналувчи Япония бу галгиси билан ўз тарихида бешинчи бор Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистонлик таниқли мураббий, Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов Японияни эришган сўнгги ютуғи билан табрикларкан, бундан хурсанд эканликларини айтади.

"Нега десангиз, мен мураббийлик қилган 1994 йилда Осиё чемпиони бўлганимизда стадиондаги бутун 80 минг Япон халқи бизга ён босган эди Хитойга қарши ўйинимизда. Шунинг учун футбол аҳли ҳам, мураббий сифатида биз ҳам Осиёдан биринчи бўлиб Жаҳон чемпионатига чиққанликлари билан табриклаймиз", дейди у.

Ўзбек футболи афсонаси, ўз ўрнида, Япония миллий терма жамоаси, дейлик, 2014 йилги биринчиликда ўзларига қарши майдонга тушиб қолган тақдирда ҳам, бу нарса ўзларини заррача чўчитмаслигини таъкидлайди.

"Йўқ, нега деганда, Япония билан ўйнаб кўрганмиз. 1:0 ҳисобида ютганмиз. Ундан кейин катта ҳисоб билан ҳам ютқазганмиз. Ҳозир ҳамма жамоалар тенглашиб қолди. Чунки кўпчилик давлатларнинг жамоалари ёшарди", дейди Биродар ака.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини баҳоларкан, у киши ҳам бунинг учун Жанубий Кореяга қарши ўйинда камида дуранг натижа қайд этиш, Қатарни эса, албатта, енгиш шарт эканини урғулайди.

Осиё қитъасига жаъми 4.5 ўрин ажратилган бўлса, уни қўлга киритиш учун сўнгги босқич саралаш беллашувларида 10 миллий терма жамоа кураш олиб боришмоқда.

Сўнгги босқич беллашувларининг сўнгги тур учрашувлари эса, 18 июн куни ўз поёнига етади.

Бу мавзуда батафсилроқ