'Имконият бор экан, изланишда давом этамиз' - эксклюзив суҳбат

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи шогирдларининг 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини баҳоларкан, "ишончсиз яшаб бўлмаслиги ва бундан буёғига ҳам ишониб яшашларини" билдирди.

Бугун бўлиб ўтган сўнгги босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашуви ортидан, Ўзбекистон тушган "А" гуруҳидан Эрон ва Жанубий Корея нақд иккита йўлланмани қўлга киритишди.

Ўзбекистоннинг Тошкентда, ўз майдонида Қатарни 5:1 ҳисобида мағлуб этгани ҳам иш бермади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқиш учун энди плей-офф баҳсларида иштирок этиши лозим бўлади.

Аввалига уларнинг сўнгги босқич саралаш беллашувларини "В" гуруҳида 3-ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа билан беллашишлари тақозо этилади.

Ғолиб чиққан тақдирларида эса, Жанубий Америка саралаш баҳсларида бешинчи ўринни эгаллаган рақибларини енгишлари шарт бўлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов Қатарга қарши ўйин ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида, "ҳаёт давом этиши, кейинги ўйинга тайёргарлик кўрилиши"ни айтди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Иложи борича тўсиқдан ўтишга ҳаракат қиламиз. Ҳали имконият бор экан, бизлар изланишда бўламиз. Ҳаёт тўхтаб қолмайди".

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи, "бугун Ўзбек халқига ҳақиқатан ҳам хурсандчилик улашиш ниятида бўлганликлари, насиб қилмаган экан, бунинг учун мухлисларидан узр сўрашлари, лекин жаҳон чемпионатига чиқишни жуда, жуда хоҳлаганликлари"ни айтади.

Ўзбекистон 5-1 Қатар

Image caption Ўзбекистон энди яримта йўлланма учун курашини плей-офф баҳсларида "В" гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган жамоага қарши давом эттиради

Ўзбекистон ўз майдонида Қатарни йирик ҳисоб билан мағлуб этганига қарамай, "А" гуруҳидан Эрон ва Жанубий Корея 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқадиган бўлишди. Ульсандаги ўйин 0:1 ҳисобида эронликлар фойдасига ҳал бўлди.

Агар бугун Ўзбекистон Қатар, Жанубий Корея Эронни енгса, икки ғолиб миллий терма жамоа 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган бўлишарди.

Ўзбекистон энди яримта йўлланма учун курашини плей-офф баҳсларида "В" гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган Иордания миллий терма жамоасига қарши давом эттиради.

Плей-офф беллашувларининг дастлабки ва жавоб учрашувлари 6 ва 10 сентябр кунлари бўлиб ўтади ҳамда илк ўйинга рақиб жамоа мезбонлик қилади.

Ҳар икки учрашув натижасига мувофиқ, навбатдаги рақибини мағлуб этган тақдирда ҳам, Ўзбекистон 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун Жанубий Америка саралаш гуруҳида 5-ўринни эгаллаган жамоани ҳам енгиши лозим бўлади.

Ушбу тур беллашувлари эса, шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган. Илк ўйин Осиё қитъасида бўлиб ўтади.

Сўнгги босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашувлари ортидан, Эрон, Жанубий Корея, Япония ва Австралия Осиё қитъасига ажратилган қолган тўртта йўлланмани қўлга киритишди.

Жанубий Кореяга қарши "тарихий" учрашувдаги мағлубияти ортидан, Ўзбекистоннинг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқиши "А" гуруҳининг иккинчи учрашуви натижасига боғлиқ эди.

Ўзбекистон Қатарни енгишидан ташқари, Жанубий Корея Эронни мағлуб этиши шарт эди.

Аммо Ульсанда кечган ўйин 0:1 ҳисобида меҳмон эронликларнинг ғалабаси билан якунланди.

Эрон миллий терма жамоаси 8 ўйиндан 16 очко тўплаб, "А" гуруҳи пешқадами сифатида тўртинчи бор жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқди.

Эронни енгишга бел боғлаган Жанубий Кореянинг ҳужумкор ўйини самара бермади.

Тўплар нисбатидаги мавқеи яхши экани боис, Жанубий Кореянинг ўз тарихида кетма-кет саккизинчи бор жаҳон чемпионатида тўп суриши учун эса, бугун ўз майдонида, ҳатто, мағлубиятга учраши ҳам кифоя қиларди.

Эроннинг янги сайланган президенти Ҳасан Руҳоний инглиз тилида твит қилиб, мамлакати миллий терма жамоасини сўнгги ғалабаси билан қутлаган.

Бой берилган ва берилмаган имконият

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган ҳафта Жанубий Кореяга қарши сафарда ўтказган сўнгги учрашувида ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида тўп суришнинг яққол имкониятини бой берганди.

42-дақиқада Акмал Шораҳмедов томонидан ўз дарвозаларига киритилган тўп “тарихий ўйин”нинг тақдирини ҳал қилган ва муҳим уч очко Ўзбекистон қолиб, Жанубий Кореяга насиб этганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов бугунги учрашув арафасида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Қатарга қарши сўнгги учрашувларига жиддий тайёргарлик кўришгани ва ниятлари, албатта, рақибларини мағлуб этиш эканини айтди.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз бўладики, миллий терма жамоа Жанубий Корея-Эрон учрашувида дуранг натижа қайд этилиши эҳтимолини ҳам назарда тутиб, Қатар дарвозасига камида бешта тўп уриши шарт бўлади.

Фақат шундай бўлган тақдирдагина, Ўзбекистон иккита йўлланмадан бири учун курашда тўплар нисбатида Эронни ортда қолдира олади.

Яъни, Эроннинг ўз майдонида ўтказган сўнгги учрашувида Ливанни 4:0 ҳисобида мағлуб этиши ҳозир Ўзбекистонга бундан бошқа бошқа танлов имкониятини қолдирмаган.

Миллий терма жамоа Бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам Қатарга қарши ўйинда бутун ҳаракатлари шунга қаратилишини таъкидлайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

“Энди, бу ўйинда ҳақиқатан ҳам шунақа муаммолари бор. Лекин Қатар билан бўлиб ўтадиган ўйинда нафақат ғалаба қозониш, балки иложи борича тўплар нисбатини ҳам ўйлаб, кўпроқ тўп уриш лозим бўлади. Энди, ўйин - ўйин. Буёғини ўйин давомида биламиз. Ўйиндан олдин бир нарса дейиш қийин. Лекин ҳаракат шунга қаратилган бўлади, албатта”, дейди у.

Миржалол Қосимов шогирдларининг бу вазифани уддалашларига ишониши, уларнинг руҳий ва жисмоний жиҳатдан бунга тайёр эканликларини ҳам урғулайди.

“Албатта, миллий терма жамоага мураббий бўлишимга ишонганман. 18 июнда бўлиб ўтадиган ўйиндаям шогирдларимга ишонаман. Улар майдонга чиқиб нафақат ўзимиз, балки миллионлаб ишқибозларнинг ҳам ниятларини амалга оширишади”.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи сўнгги учрашувлари арафасида жаҳон чемпионатига чиқишни ният қилиб қолишлари, агар мақсадлари амалга ошса, уни бутун Ўзбек халқига туҳфа қилган бўлишларини айтади.

“Илойим, шундай бўлсин. Биз буни жудаям хоҳлаяпмиз. Жудаям, жудаям...Мураббийлар, қолаверса, йигитлар, ўйинчилар ич-ичимиздан буни жудаям, жудаям истаяпмиз. Тилагимиз – иложи борича ўз мухлисларимизни хушнуд этиш”, дейди Миржалол Қосимов.

Бўлажак рақиблар

Image caption Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилувчи давлат саналади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарга қарши дастлабки учрашувини ўтган йил октябр ойида ўтказган ва сафарда 0:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Айнан Қатарга қарши учрашувдаги ютуғи боис Ўзбекистон “А” гуруҳида туб бурилиш ясаб, ўзининг мавқеини яхшилаб олган ва ўзбекистонлик футбол мутахассислари бунинг “Ўзбек футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган ғалаба” бўлганини айтишганди.

Сўнгги учрашуви арафасида Қатар 7 учрашувдан 7 очко тўплаб, гуруҳда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди ва 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини бой бериб бўлган.

Бугунги рақиблар турли халқаро учрашувлар доирасида бир-бирларига қарши 8 бор тўп суришган бўлса, шунинг 4 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган, иккитасини мағлубият билан якунлаган ва яна қолган икки учрашувда дуранг қайд этган.

Қатар миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашини 1978 йилдан буён давом эттириб келаётган эса-да, ўз тарихида бирор марта бунга муваффақ бўлган эмас.

Аммо Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилувчи давлат саналади.

Қатар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Фаҳад ат-Таний кеча Тошкентда берган матбуот анжуманида “мухлислар яхши ўйиннинг гувоҳи бўлишлари”га ҳам ваъда берган.

“Қатар 2014 йилги жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун барча имкониятларни йўқотганига қарамай, биз 18 июн куни Қатар давлати шарафини ҳимоя қилиш учун майдонга тушиб, терма жамоа ишқибозларини хурсанд қилиш ниятидамиз. Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳурмат қиламиз ва эртага мухлислар яхши ўйин гувоҳи бўлишади, деб ўйлайман”, деб айтган Қатар миллий терма жамоаси бош мураббийи.

Мухлислар нима дейди?

Сўнгги учрашув арафасида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан кўнглидан кечаётган ўй-фикрлар билан ўртоқлашаркан, ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибозларидан бири “кайфиятлари тушиб кетган”ини айтади:

“Энди, миллий терма жамоанинг имкониятлари кимнингдир ўйинига боғлиқ бўлса, албатта, ҳар доим мухлисларнинг кайфиятлари тушиб кетади. Жанубий Кореяда ғалаба кутгандик. Афсуски, бўлмади. Шунинг учун ҳам, кайфият тушкун ҳолатда”, дейди у.

Суҳбатдошимиз ўзи сингари қолган ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам Қатарга қарши ўйиндан ғалабага умид қилишаётгани, лекин кўп нарса бугуннинг иккинчи учрашувига боғлиқ эканини алоҳида таъкидлайди.

“Энди, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Жанубий Корея ўзининг уйида ўйнайди, алами бор, Эронни ютишга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин Эроннинг охирги иккита ўйини жудаям кучли бўлди. Ўшанга қараб, Жанубий Корея-Эрон учрашуви одамни барибир қўрқитаяпти”, дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимиз ўзининг қишлоқдошларини назарда тутиб, Ўзбекистон-Қатар учрашувини “Бунёдкор” стадионига бориб, бевосита томоша қилиш истагида бўлганлар кўплиги, лекин ўзи уйда кўришни режалаётганини айтади.

“Нариги учрашувнинг ҳам натижасини билиб, уйда кўрган барибир бошқа-да”.

У Қатарга қарши ҳал қилувчи сўнгги учрашувда ҳамма бор кучини бериши, мухлислар ҳам, футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам энг яхши тактика – ҳужум тактикасини қўллаб, ғалаба қозонишлари шартлигини таъкидлайди.

“Энди, охирги ўйин. Ғалабадан бошқа нарса бизни қониқтирмайди. Ўзимизнинг уйимизда. Шунинг учун ҳам, бор имкониятни ишга солиб, ҳужумкор тактика қўллаб, футболчилар ҳам энг охирги кучини ўша ўйинга сарфлаши керак. Чунки бундан бошқа ўйин қолмади ўзи. Агар шу ўйинда ғалаба қозониб, у ёғда Эрон ютқазадиган бўлса, жаҳон чемпионати бизга нақд!”.

2014 йилги жаҳон чемпионатига Осиё қитъасига 4.5 та йўлланма ажратилган бўлса, сўнгги босқич саралаш беллашувларида уни қўлга киритиш учун 10 та миллий терма жамоа кураш олиб боришмоқда.

Ҳозирча тўрт карра Осиё чемпиони Япония шу йўлланмалардан бирини қўлга киритган жамоа бўлиб турибди.

Қолган уч йўлланманинг тақдири эса, бугун Ўзбекистон – Қатар, Жанубий Корея - Эрон, Австралия ва Ироқнинг сўнгги учрашувларида ҳал бўлиши мумкин.

Қолган яримта йўлланмага эса, сўнгги босқич беллашувларини гуруҳда 3-ўрин билан якунлаган икки миллий терма жамоа даъвогарлик қилишда давом этишади.

Бу мавзуда батафсилроқ