Равшан Эрматов Бразилия-Италия ўйинига ҳакамлик қилади

Image caption 35 ёшли Равшан Эрматов тўрт карра “Осиёнинг энг зўр ҳаками”, деб топилган ва "Дунёдаги энг зўр ҳакам"лардан биттаси сифатида ҳам кўрилади

Икки наҳанг миллий терма жамоа Бразилияда бўлиб ўтаётган Конфедерация Кубоги “А” гуруҳи сўнгги босқич саралаш учрашувида бир-бирларига қарши майдонга тушишади.

Узоқ йиллик ашаддий рақиблар эртага шанба 22 июн куни гуруҳ пешқадамлиги учун беллашишади.

Чунки икки ўйиндан олтидан очко тўплашга муваффақ бўлган икковлон аллақачон ярим финалга йўлланмани нақд қилишган.

Улардан ташқари ягона кубок учун Мексика, Япония, Испания, Нигерия, Уругвай ва Таити кураш олиб боришмоқда.

Бу – ўзбекистонлик таниқли ҳакамнинг Конфедерация Кубогидаги илк учрашуви бўлади.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Равшан Эрматов бригадаси бунгача Конфедерация Кубогида ҳеч қачон ҳакамлик қилмаган.

Бу йил тўққизинчи маротаба ўтказилаётган Конфедерация Кубоги ФИФА доирасидаги энг нуфузли футбол турнирларидан бири саналади.

Ушбу беллашувда ҳар бир қитъанинг амалдаги чемпионлари (АФК, УЕФА, ОФК, КОНМЕБОЛ, КОНКАКАФ) билан бирга сўнгги жаҳон чемпионати ғолиби ва мезбон давлат миллий терма жамоаси иштирок этади.

Бу йилги Конфедерация Кубоги ўйинлари 15 июн куни старт олган ва 30 июнга қадар давом этади.

Илк бор тўпнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтган-ўтмаганлигини аниқловчи замонавий ускуна ҳам синаб кўрилаётган турнир 2014 йилги жаҳон чемпионатига ўзига хос ҳозирлик сифатида ҳам кўрилмоқда.

Бразилиялик ташкилотчилар эса, бир неча кундан буён давом этаётган йирик оммавий намойишларга қарамай, Конфедерация Кубоги баҳслари бекор қилинмаслигини айтишмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов бунгача сўнгги жаҳон чемпионати, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари, Осиё Футбол конфедерацияси мусобақалари, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ва Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашувларини бошқарган.

Бу галги Конфедерация Кубоги баҳсларига Осиё қитъасидан Равшан Эрматовдан ташқари, япониялик ҳакам Юичи Нишимура ҳам таклиф этилган.

35 ёшли Равшан Эрматов тўрт карра “Осиёнинг энг зўр ҳаками”, деб топилган ва "Дунёдаги энг зўр ҳакам"лардан биттаси сифатида ҳам кўрилади.

Бу мавзуда батафсилроқ