Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон кубок учун курашини бошлайди

Image caption Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон кубок учун курашини бошлайди

21 июн куни ўзининг меҳмоннавозлиги ва футбол ишқибозларининг ашаддийлиги билан дунёда ном чиқарган Туркияда 20 ёшгача бўлганлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олди.

Келаси уч ҳафта давомида 24 миллий терма жамоа ягона кубок учун кураш олиб боришади. Уларнинг орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бор.

Туркиянинг марказий Қайсари шаҳрида бўлиб ўтажак тантанали очилиш маросими ортиданоқ чемпионлик учун қизғин кураш ҳам бошланиб кетади.

Очилиш кунининг ўзида тўртта учрашув режаланган бўлса, шунинг учтасида собиқ жаҳон чемпионлари Гана, Португалия ва Испания майдонга тушишади.

Бу галги жаҳон чемпионатининг энг ғаройиб жиҳати шундаки, саралаш босқич ўйинларидаги муваффақиятсизликлари сабаб, унда наҳанг Бразилия ва Аргентина жамоаси иштирок этмайди. Бунақаси дунё футболи тарихида бўлмаган.

Жаҳон чемпионлигига асосий даъвогарлар сифатида Испания, Португалия ва Гана тилга олинаётган эса-да, Франция, Нигерия, Жанубий Америка чемпиони Колумбия ва Мексиканинг ҳам бўш келмаслиги кутилмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, чемпионлик учун курашини "F" гуруҳида Янги Зеландия, Хорватия ва ашаддий рақиби Уругвайга қарши бошлайди.

Image caption Агар чорак финалда Уругвайни енгган тақдирларида, ўзбекистонлик футболчилар ярим финалда Бразилияга қарши тўп сурган бўлишарди

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси (19 ёшгача бўлганлар орасида) 2011 йили Мексикада ўз тарихларида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишганди.

Ўзбекистонлик футболчилар ашаддий рақиблари Австралияни йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга чиқиш баҳсида Уругвайга ютқазиб қўйишганди.

Агар чорак финалда Уругвайни енгган тақдирларида, ўзбекистонлик футболчилар ярим финалда Бразилияга қарши тўп сурган бўлишарди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, жаҳон биринчилиги Туркия йирик аксилҳукумат намойишларига саҳна бўлган бир манзарада старт олмоқда.

20 ёшгача бўлганлар орасида 2013 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишга Бирлашган Араб Амирликлари билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам даъвогарлик қилган, аммо бу шараф алал-оқибат Туркияга насиб этганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг илк гуруҳ босқич беллашувини 23 июн куни Бурсада Янги Зеландияга қарши ўтказади.

Image caption Саралаш босқич беллашувларидан ўтолмагани учун бу гал чемпионлик учун беллашаётганлар орасида наҳанг Бразилия йўқ

Жамоанинг 19 июн куни Бурсага етиб боргани расман маълум қилинганди.

Биз Бурсадан “Олай Медиа” тармоғи Спорт бўлими раҳбари Ўрхон Гўней билан боғланиб, энг аввало нега ўзлари фаолият олиб борувчи шаҳар мезбонлардан бири ўлароқ танлангани билан қизиқдик:

Ўрхон Гўней: Бурса ҳақида сўз кетганда, ҳамманинг хаёлига энг аввало “Бурсаспор” футбол жамоаси келади. Чунки уч миллионлик шаҳар аҳолисининг аксарияти айнан “Бурсаспор”га ишқибозлик қилишади. Ҳаттоки, жамоа 2004 йилда қуйи лигага тушиб кетиб, икки йил олий лигада бўй кўрсатмаган пайтда ҳам, 20 минг кишилик “Отатурк” стадионида бўш жой топилмас эди. Ўйин кунлари эса, стадион қолиб, бутун шаҳар клубнинг рангги – оқу яшилга бежалиб кетади. Айнан футболга муккасидан кетганлик билан ном чиқаргани учун ҳам, Бурса жаҳон чемпионатига мезбонлик қилаётган шаҳарлардан бири сифатида танланди.

Би-би-си: Мана, сиз Бурсадан туриб фаолият олиб борасиз. Агар, ўз кузатувларингиздан келиб чиқиб айтсак, Бурса жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишга шайми?

Ўрхон Гўней: Юз фоиз тайёр, деб айтган бўлардим. Аммо бу саволни беш йил бурун сўраганингизда, “Йўқ”, деб айтган бўлардим. Чунки “Бурсаспор”нинг кетма-кет тўрт йилдан бери Оврўпо Кубогида иштирок этиб келаётгани шаҳарда жуда кўп ўзгаришларга сабаб бўлди. “Отатурк” стадиони УЕФА талаблари асосида қайта таъмирдан чиқарилди. Бундан беш йил бурун Бурсада саноқли бўлган беш юлдузли меҳмонхоналар сони эса, бугунга келиб бир неча ўнга етди. Шу боис ҳам, Бурса жаҳон чемпионатига юз фоиз тайёр, деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Жаҳон чемпионати арафасида ўтказилган турли халқаро учрашувлар чоғида Туркиядаги аксарият стадионларда бўш ўринлар кўп эди. Энди, агар биргина Бурса мисолида айтсак, ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчилиги футбол ишқибозларини ўзига қанчалик жалб этаркин?

Ўрхон Гўней: Мен бу масалада некбинман. Чунки жаҳон чемпионати жуда фаол тарғиб қилинмоқда. Чипта нархлари ҳам қиммат эмас. Дейлик, 19 турк лира( қарийб 7 фунт стерлинг)сига иккита учрашувни томоша қила оласиз. Бундан арзони бўлмайди. Устига устак, Бурса аҳли 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бўлажак футбол юлдузлари тўп суришини яхши билишади. Бўлажак Месси, Рональдоларнинг ўйинига гувоҳ бўлишларини билиб, ўйинга тушишади. Шунинг учун ҳам, стадионлар тўлиқ бўлишига ишончим комил.

Би-би-си: Ўзбекистон Янги Зеландияга қарши гуруҳдаги илк учрашувини Бурсада ўтказади. Энди, маҳаллий футбол ишқибозлари орасида Ўзбекистонни дастаклайман, деганлари қанчалик кўп?

Ўрхон Гўней: Ишонасизми, йўқми, биз бу ҳақда кечагина гаплашгандик. Мен “Бурсаспор” ишқибозлари гуруҳи лидерлари билан гаплашдим. Улардан худди шу саволни ўзим ҳам сўрадим. “Туркия жаҳон чемпионати ўйинларини Бурсада ўйнамайди, “Бурсапор”нинг учрашувлари ҳам йўқ. Янги Зеландия, Ўзбекистон, Уругвай ва Хорватия майдонга тушишади. Кимга ишқибозлик қиласизлар?”, десам, кўпчилиги Ўзбекистон дейишди.

Би-би-си: Жаҳон чемпионати Туркиянинг айрим йирик шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари кечаётган бир манзарада бўлиб ўтади.... Бу норозилик чиқишларининг жаҳон биринчилигига таъсири қандай бўлиши мумкин?

Ўрхон Гўней: Умуман таъсири бўлмайди, деган фикрдаман. Тўғри, худди Сурия ёки Эрон мисолида бўлгани каби, четдан қараган киши кечаётган намойишлардан хавотирга тушиши мумкин. Лекин, Туркияга келгач, уларнинг барча хавотирлари тарқалиб кетади. Бунга юз фоиз ишончим комил. Агар, Бурса мисолида айтсам, бу ер умуман тинч. Устига устак, норозилик тўлқини ҳам бу ерга етиб келмаган. Улар бунга амин бўлишлари учун ўзлари Бурсага келишлари керак, буни ўз кўзлари билан кўришлари лозим. Шаҳар жуда, жуда тинч. Одамлари жуда маданиятли. Ҳали Бурсани ўз кўзлари билан кўргач, ҳайрон бўлишади, яна қайтиб келиш ҳақида ўйлай бошлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ