Футбол: Ўзбекистон жаҳон чемпионатини ишончли ғалаба билан бошлади

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси гуруҳ босқич беллашувларининг дастлабки учрашувида Янги Зеландияни 3-0 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистонлик футболчилар навбатдаги учрашувларини энди 26 июн куни Хорватияга қарши ўтказишади.

Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Аббосбек Маҳсталиев ҳисобни очган бўлса, Игор Сергеев ва Диёр Туроповлар қолган икки тўп муаллифига айланишди.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси 2011 йилги жаҳон чемпионатининг дастлабки учрашувида Янги Зеландиядан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси энди Хорватия ва Уругвайга қарши қолган икки ўйинидан бирини ғалаба билан якунласа, уларга кейинги босқич нақд бўлади.

24 миллий терма жамоа орасида ўтган уч кун ичида бўлиб ўтган 12 ўйинда фақат собиқ чемпион Испания, мезбон Туркия ва Ўзбекистон йирик ҳисобдаги натижани қайд этишди.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасининг дастлабки ғалабаси уларнинг "F" гуруҳидаги пешқадамликларини таъминлади.

Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-тур учрашувлари эса, бугун 24 июн куни старт олади.

Ўзбекистон Ёшлар терма жамоаси жой олган "F" гуруҳи вакиллари 2-тур учрашувларини 26 куни чоршанба куни бошлашади.

Янги Зеландия Уругвайга қарши майдонга тушса, орадан уч соат ўтиб, Ўзбекистон Хорватияни қабул қилади.

Ҳар иккала ўйин ҳам Бурсадаги "Отатурк" стадионида ўтказилади.

"Бўлажак жангга шаймиз"

Якшанба кунги учрашувлари арафасида Бурсадан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида жамоа Бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев "шогирдлари бўлажак жангга шай экани"ни айтганди.

"Ҳар доимгидек биринчи ўйинимиз тезроқ бошлансайди, деб ҳаммамизда ҳаяжон, айниқса, йигитларимизда. Ҳаммаси соғ, омон, эсон", дейди Аҳмаджон ака.

"F" гуруҳида тўп сураётган Ўзбекистон кейинги босқичга чиқиш учун Янги Зеландия, Хорватия ва Уругвай билан куч синашади.

Ўзбекистон футболчилар ўзларининг илк учрашувларини 23 июн куни Океания чемпиони - Янги Зеландияга қарши ўтказишади.

"Bursa Ataturk Stadium" стадионидаги ўйин Тошкент вақти билан соат кечки 19:00 да бошланади.

Расмий хабарларга кўра, учрашувни Антонио Ариас бошчилигидаги парагвайлик ҳакамлар бригадаси бошқаради.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи, "Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган 24 миллий терма жамоанинг ҳар биттаси ҳар бир нарсага қодир бўлиши, яхши ҳозирлик кўрган бўлиши ва бежизга бу босқичга етиб келмагани"ни айтади.

Аммо Аҳмаджон Мусаев, "Ҳар бир инсон каби барча миллий терма жамоаларни ҳурмат қилишлари, лекин уларнинг ҳеч биридан қўрқмасликлари, бунга етарлича асослари бор"лигини ҳам алоҳида таъкидлайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бош мураббий жамоанинг жаҳон чемпионатига лозим даражада ҳозирлик кўриши учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан етарлича шароитлар яратиб берилгани, биринчилик арафасида Ироқ, Португалия, Чили, Испания,..каби қатор миллий терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувларида қайд этган натижалари бунга мисол эканини айтади.

Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси Мексикадаги сўнгги жаҳон чемпионатида чорак финалда айнан Уругвайга енгилиб, ўз тарихида илк бор ярим финалга чиқиш бахтидан мосуво бўлганди.

Image caption Аҳмаджон ака Мусаев бу факт Уругвайга қарши гуруҳ босқич учрашувларида ўзларини заррача чўчитмаслигини ҳам алоҳида урғулайди

Аҳмаджон ака Мусаев бу факт Уругвайга қарши гуруҳ босқич учрашувларида ўзларини заррача чўчитмаслигини ҳам алоҳида урғулайди.

"Бундай олиб қараганда, у жамоа билан бу жамоанинг орасида жуда катта фарқ бор. Мексикадаги йигитларимиздан олти нафари бу галги таркибга киритилган. Улар алам олиш иштиёқида. 1993 йилда туғилган бошқа йигитларимиз ҳам ўйинга жудаям шай бўлиб туришибди".

"Тайёргарлик яхши. Биз Голландиядан тортиб, то Уругвай, Хорватиягача ҳаммани ҳурмат қиламиз. Жамоада муҳит яхши. Худога шукр, жароҳатлар ҳам йўқ", дейди Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи.

Туркияда 21 июн куни старт олган жаҳон биринчилигида ўз олдларига қўйилган мақсадни очиқларкан, Аҳмаджон ака, "Узоқни кўзлашлари, лекин оёқнинг тагига ҳам қараб юрилмаса, қоқилиб қолиш мумкинлиги фалсафаси"га таянишларини айтади.

"Хуллас, болаларимиз жанговар руҳда. Юксак натижаларни кутишга асослимиз. Лекин, сиз айтганингиздек, футболда ҳеч нимани башорат қилиб бўлмайди".

Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси кетма-кет тарихий натижалар қайд этиб, ўзининг кўрсатган ўйини билан Мексикада катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Кўплаб футбол танқидчилари эса, майдонда қанчалик ҳужумкорликларини кўриб, ўзбекистонлик футболчиларга "довюрак" сифатини ҳам беришганди.

Image caption Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси кетма-кет тарихий натижалар қайд этиб, ўзининг кўрсатган ўйини билан Мексикада катта шов-шувларга сабаб бўлганди

Мексикада Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишини башорат қилаётганлар ҳам озмунча эмасди.

Агар чорак финалда Уругвайни енгган тақдирларида, ўзбекистонлик футболчилар ярим финалда Бразилияга қарши тўп сурган бўлишарди.

Мексикадаги жаҳон биринчилиги иштирокчиси Жавлон Мирабдуллаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида собиқ жамоадошларининг Туркияда яхши натижалар кўрсатишлари ва уларга ишонишини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Болаларга ишонаман. Ютишади, Уругвайни ҳам, ҳаммасини ютиб, гуруҳдан 1-ўринни олиб чиқишади, деган умиддаман".

Суҳбатдошимиз жаҳон чемпионати беллашувлари арафасида жамоага "омад ва ўз карьераларидаги энг яхши ўйинларини кўрсатишларини тилаб қолиши"ни ҳам айтади.

"Биз чиқишга муваффақ бўлган босқичдан ҳам юқорироққа чиқишларини хоҳлаймиз. Ярим финал, финалгача чиқишларини хоҳлаймиз. Балки чемпион бўлиб қайтиб келишар. Кўзим шунга етади. Чунки болаларимизга ишонаман".

2013 йилги жаҳон биринчилигининг кеча 21 июн куни бўлиб ўтган дастлабки тўрт учрашуви эса, Оврўпо қитъаси вакилларининг устунликлари билан якун топди.

Португалия, Испания, Франция ўз рақибларини йирик ҳисоб билан мағлуб этишди.

Кубани 1:2 ҳисобида мағлуб этган Жанубий Корея эса, жаҳон биринчилиги гуруҳ босқич беллашувларини ғалаба билан бошлаган илк Осиё жамоаси бўлди.

Бугун:

КОЛУМБИЯ - АВСТРАЛИЯМЕКСИКА - ЮНОНИСТОНТУРКИЯ - АЛ САЛЬВАДОРПАРАГВАЙ - МАЛИ

дастлабки гуруҳ босқич беллашувларида бир-бирларига қарши майдонга тушишади.

Бу мавзуда батафсилроқ