Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон 1-1 Хорватия, бу нимани англатади?

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси, ғалаба қозонган тақдирда, муддатидан илгари нимчорак финалига чиқишига имкон берувчи ўйинда дуранг натижа қайд этди.

Гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашуви кеча чоршанба куни Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтганди.

Майдонга фақат ғалаба учун тушишларини баён қилган ўзбекистонлик футболчилар анчайин кучли бўлган рақибларига қарши ўйинда ҳисобни биринчи бўлиб очишди.

Сардор Раҳмонов 24-дақиқада жамоасини олдинга олиб чиқди.

Ўзбекистонлик ёшлар ҳисобни 40 дақиқача тутиб туришга ҳам муваффақ бўлишди, аммо 64-дақиқада Хорватия жарима тўпи орқали ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Учрашув якунига қадар Ўзбекистон терма жамоасида ҳисобда олдинга чиқиб олишнинг бир қанча имкониятлари бўлди. Бироқ ҳисоб, барибир, ўзгаришсиз қолди.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Хорватия илк учрашувида "F" гуруҳи фаворити сифатида кўрилган Уругвайни 1:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлганди.

Дастлабки икки учрашувлари ортидан эса, тўрттадан очко билан Ўзбекистон ва Хорватия гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринларни бўлашадиган бўлишди.

Нимчорак финалига чиқишда ҳар икковлоннинг ҳам ашаддий рақиби сифатида кўрилган Уругвай эса, 3 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди.

Жаҳон чемпионлиги учун курашаётган 24 миллий терма жамоа орасидан муддатидан илгари нимчорак финалига чиқиш эса, фақат собиқ чемпион Испанияга насиб этди, холос.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ўзининг ҳал қилувчи сўнгги - гуруҳ босқич 3-тур учрашувини 29 июн куни Уругвайга қарши ўтказади.

Икковлон учун ҳам ҳал қилувчи ўйин Тошкент вақти билан соат 20:00 да Анталиянинг Акдениз Универстети стадионида бошланади.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг нимчорак финалига чиқиши учун Уругвайга қарши ўйинда камида дуранг ўйнаши лозим бўлади.

Тошкентдан таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев, "Уругвай билан якуний ўйинда Ўзбекистон керакли натижага эриша олишига ишонишлари"ни таъкидлайди.

"Шунинг учун ҳам "F" гуруҳидан Ўзбекистон ва Хорватия кейинги босқичга чиқишади", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ