Аҳмаджон Мусаев: 'Францияга қарши ўйинга тайёрмиз'

Агар Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси бугун Францияни енгса, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финалига ҳам чиқади.

Жамоа Бош мураббийси Аҳмаджон ака Мусаев бугунги учрашув арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига Туркиядан берган суҳбатида "бўлажак ҳар томонлама жангга тайёр эканликлари"ни айтди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Францияга қарши ўйинда шу нарсани кўрасизларки, бефарқ йигитимиз бўлмайди. Мен шуни айтишим мумкин. Менинг ўзим, йигитларимиз ҳар доим тайёр".

"Мен ва шогирдларим шуни билишадики, биз ҳар доим шуни таъкидлаймизки, ўйин 90 дақиқа бўладими ёки 120 дақиқа, айнан ўша пайтда ким қайси ҳолатда бўлса, ўша ютиб чиқади у ким бўлишидан қатъиназар".

"Қўрққанимизда, биз умуман жаҳон чемпионатига келмасдик. Шахсан ўзимга келадиган бўлсак, мен ҳеч қачон ҳеч қайси жамоадан қўрқмаганман, фақат ҳурмат қиламан. Йигитларимиз ҳам шу руҳда тарбияланган. Руҳияти ҳам шунақа", дейди Бош мураббий.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, жароҳати туфайли жамоанинг етакчи ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров, олган огоҳлантиришлари сабаб, икки марказий ҳимоячиси Сардор Раҳмонов ва Бобурбек Йўлдошевлар Францияга қарши ўйинда майдонга туша олишмайди.

Ўзбекистонлик Бош мураббий бу, "жамоанинг ўйинига жиддий таъсир қилиши ҳаммага аён экани, аммо ҳар бир жамоа нимагадир эришмоқчи бўлса, унинг бор кучи, иродаси, жасорати шу каби қийин пайтларда кўриниши"ни айтади.

"Баҳона тариқасида айтмоқчи эмасман. Бизда ҳар бир, ҳали ўйинга тушмаган ўйинчининг ҳам ўзининг жойи бор. Болаларимиз жуда шай. Энди, ҳар доим ўйнайдиган ўйинимиз эмас, сал бошқача услубларни ҳам қидириб, топиб, шунинг устида ишлаяпмиз ҳозир", дейди Аҳмаджон ака Мусаев.

Тарихий учрашув

Ўзбекистон учун тарихий учрашув Тошкент вақти билан соат кечки 20:00 да Туркиянинг Ризе шаҳридаги "Йэни Шеҳир" стадионида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси бу галги жаҳон чемпионатида кетма-кет тарихий натижа қайд этишга муваффақ бўлди.

Жамоа нимчорак финали баробарида дунё биринчилигининг чорак финалига ҳам чиқишга муваффақ бўлди.

Бу - Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳоннинг энг кучли саккиз жамоаси сафидан ўрин олганини англатади.

Ўзбекистон ёшлари бундан аввал икки бор жаҳон чемпионатига йўлланма олишган эса-да, гуруҳ босқичидан ортга қайтишга мажбур бўлишган.

Франция Ёшлар миллий терма жамоаси "А" гуруҳида Ганани енгиб, АҚШ билан дуранг ўйнаб ва Испанияга ютқазиб, ўзбекистонлик футболчилар каби уч ўйиндан 4 очко билан нимчорак финалига чиққанди.

Аммо, айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, франциялик ёшлар жаҳон чемпионатининг яқин тарихида, яъни 1997 ва 2001 йилларда икки бор чорак финалига чиқишган.

2011 йилда эса, Франция тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финалида тўп суриш бахтига муяссар бўлишган.

Бугуннинг иккинчи учрашувида эса, Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасининг ашаддий рақиби Уругвай Испанияга қарши майдонга тушади.

2 ва 3 июл кунлари бўлиб ўтган нимчорак финал беллашувлари ортидан, Испания, Ўзбекистон, Франция, Уругвай, Гана, Чили, Ироқ ва Жанубий Корея ярим финалга чиқиш учун беллашишади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, нимчорак финалига чиққан ҳар уч Осиё миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатининг чорак финалига ҳам чиқишга муваффақ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ёшлар орасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати 21 июн куни Туркияда старт олган ва 24 миллий терма жамоа ягона кубок учун курашларини бошлаб юборишганди.

Бу мавзуда батафсилроқ