ФИФАнинг янги рейтингида: Жанубий Корея қолиб, Эрон юқори учликда

Фото муаллифлик ҳуқуқи r
Image caption Эроннинг Осиё қитъасида юқори учликка кириб олишига Жанубий Кореянинг ФИФАнинг янги рейтингида бирданига 13 поғона пастга қулаши сабаб бўлган

Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясининг бу ойги рейтингида Жанубий Кореянинг бирданига 13 поғона пастлаши ўрни (52-ўрин) ўзгаришсиз қолган эса-да, Эроннинг Осиё қитъасида юқори учликка кириб олишига имкон берди.

Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган Жанубий Корея эса, 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритганига қарамай, рейтингнинг 56-поғонасидан ўрин олди ва қитъада тўртинчи ўринга тушиб қолди.

Ўзбекистон тушган "А" гуруҳидан 1-ўрин билан 2014 йилги жаҳон чемпионатига иккита йўлланмадан бирини қўлга киритган Эрон ФИФА рейтингида ўтган ой бирваракайига 15 ўрин юқорилаб, қитъанинг энг зўр тўрт жамоаси қаторига кириб олганди.

ФИФАнинг янги рейтингида бир поғона пастлаган Ўзбекистон эса, 59-ўрин билан иккинчи ойдирки, 5-ўринда қолмоқда.

Шу йил июн ойида эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясининг рейтингида бирваракайига 8 поғона юқорилаб, Япония, Жанубий Корея ва Австралиядан кейин яна Осиё қитъасининг энг кучли тўртта миллий жамоасидан биттасига айланиб олганди.

Аммо жамоа яқинда сўнгги босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувида 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини бой бериб қўйди.

Осиё қитъасига ажратилган 4.5 йўлланмадан тўрттаси Япония, Австралия, Жанубий Корея ва Эрон қўлга киритишди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси энди шу йил сентябр ойида жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун плей-офф беллашувларини бошлайди ва дастлабки икки учрашувини Иорданияга қарши ўтказади.

Қитъа пешқадами

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жанубий Корея эса, 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўртта йўлланмадан бирини қўлга киритганига қарамай, 56-ўринни эгаллаб, қитъада тўртинчи ўринга тушиб қолган

Япония 37-ўрин билан ФИФАнинг август ойи рейтингида ҳам Осиё қитъасида ҳануз пешқадамлик мавқеини қўлдан бой бермаган.

Ундан кейинги учликни эса, Австралия(46-ўрин), Эрон (52-ўрин) ва Жанубий Корея(56-ўрин) тўлдиришган.

Аммо Ўзбекистон сўнгги натижаси билан ҳам Марказий Осиёда энг яхши натижа қайд этган.

Минтақада Ўзбекистондан кейин энг яхши натижа кўрсатган Тожикистон 114-ўринни эгаллаган.

Марказий Осиёнинг қолган давлатлари билан таққослаганда, Қозоғистон 149-ўрин билан энг қуйи ўринни эгаллаган.

МДҲда эса, Ўзбекистон бу гал ҳам Россия(16) ва Украина(28) дан кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Миллий терма жамоаларнинг умумий рейтингида бу ой ҳам Испания пешқадамлик қилмоқда.

Олмония дунёнинг энг кучли 2-жамоаси деб топилган бўлса, бу ой ҳам юқори учликни Колумбия миллий терма жамоаси тўлдирган.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистон эса, 2006 йилда ўз тарихида энг юқори натижа қайд этиб, 45-ўрин билан ФИФА рейтингида Осиёнинг энг кучли уч жамоасидан бирига айланганди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йил январ ойида ўз тарихидаги иккита энг юқори натижадан бирини қайд этганди.

Жамоа 56-ўринга кўтарилиб олган ва Осиё қитъасида юқори тўртликка кирганди.

Аммо март ойигача рейтинги уч поғона пастлаб, ўз ўрнини ашаддий рақиби Эронга бериб қўйганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, кўрсатган сўнгги натижаси ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг яқиндагина ФИФА рейтингида эгаллаган энг юқори кўрсаткичидан бироз паст.

Ўзбекистон 2006 йилда дунёнинг манаман деган миллий терма жамоаларини ортда қолдириб, ФИФА рейтингида 45-ўринни эгаллаган ва Осиёнинг энг кучли терма жамоалари орасида кучли учликка киришга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик футболчилар 1994 йилги Осиё Ўйинлари чемпиони бўлишлари ортидан қитъа тарихида бу каби натижага эришишмаганди.

Лекин бор-йўғи 4 йилнинг ичида 108-ўринга тушиб қолишга ҳам улгуришганди.

Бунга ўзбекистонлик футболчиларнинг ўтган Жаҳон чемпионатининг финал босқич учрашувларига чиқиш ва Осиё Ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш уринишлари чиппакка чиққани сабаб бўлганди.

ФИФА рейтинги эса, миллий терма жамоаларнинг турли халқаро тадбирларда эришган ютуқларига асосланиб ишлаб чиқилади.