Бразилия 2014: Иордания яна бир халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи jfa.com
Image caption Ироққа қарши ўйин - Иордания плей-офф беллашувларига қадар ўтказажак учинчи халқаро ўртоқлик учрашуви бўлади

Иордания миллий терма жамоаси 6 сентябр куни Ўзбекистонга қарши 2014 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичи илк учрашувида майдонга тушишдан аввал ироқлик рақибларига қарши яна бир халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказмоқчи.

Агар, Халқаро Футбол Уюшмалари Федерацияси (ФИФА) расмий тақвимига қаралса, ўйин 28 август кунига режаланган ва Иордания пойтахти Амманда бўлиб ўтади.

Бу - Иордания плей-офф беллашувларига қадар ўтказажак учинчи халқаро ўртоқлик учрашуви бўлади.

Бу орада Ўзбекистоннинг бирор бир халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиши-ўтказмаслиги борасида ҳозирча расмий хабарлар йўқ.

Ироқ эса, 14 август куни Чилига қарши халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, рақибларига 0:6 ҳисобида енгилганди.

Ўзбекистоннинг Туркияга қарши худди шу кунга режаланган халқаро ўртоқлик учрашуви бекор қилинганди.

Ўзбекистон томони бунинг сабабини расман изоҳламаган.

Аммо Туркия Футбол уюшмаси расмий веб саҳифасида бунга ҳаво ҳароратининг юқорилиги ва Ўзбекистон Футбол Уюшмаси лозим шароитларни яратиб беролмаслигини билдириши сабаб бўлганини маълум қилганди.

Халқаро ўртоқлик учрашуви бекор қилиниши ортидан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси маҳаллий клублардан бирига қарши ўртоқлик-назорат учрашуви ўтказишни режалаганди.

Аммо 14 август куни жамоа иккига бўлинган ҳолда, икки алоҳида мураббий - Миржалол Қосимов ва Аҳмаджон Мусаевлар бошчилиги остида ўртоқлик учрашуви ўтказди.

Ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов футболчилари 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси кеча 15 август куни Тошкентда 2014 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичига ҳозирлик доирасида ўтказилган уч кунлик йиғинини якунлади.

Тошкентдаги йиғин ва ўртоқлик учрашувига Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасининг қатор сара футболчилари дохил 26 нафар футболчи жалб этилган, аммо уларнинг орасида легионерлар йўқлиги айтилганди.

"ЖАР" стадионида кечган ўртоқлик учрашувида киритилган ҳар уч тўпни ҳам Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси етакчи ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров ўз ҳисобига ёзди.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси яқинда Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида тарихий, натижа қайд этиб, илк бор биринчиликнинг чорак финалига чиққанди.

Жамшид Искандеровнинг маҳорати биринчилик чоғида ҳам кўплаб футбол мутахассисларининг эътирофларига сабаб бўлганди.

Уругвай аллақачон Осиё жамоасига қарши

Image caption Осиё қитъасидан плей-офф босқичи беллашувлари ғолиби 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун энг катта эҳтимол билан Уругвайга қарши тўп суради

2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқишда Ўзбекистоннинг эҳтимолий сўнгги рақиби Уругвай 14 август куни Японияга қарши сафарда халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиб, тўрт карра Осиё чемпионини ўз майдонида 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Яъни, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида шу йил 6 ва 10 сентябр кунига режаланган плей-офф босқичи беллашувлари ғолиби Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун Жанубий Америка саралаш баҳсларида бешинчи ўринни эгаллаган рақибини енгиши шарт бўлади.

Бу жамоанинг эса, энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.

Ушбу тур беллашувлари шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган. Илк ўйин Осиё қитъасида бўлиб ўтади.

Асосан Уругвайнинг устунлиги остида кечган ўйинда японлардан Кагава, Хонда, уругвайликлардан эса, Форлан(икки маротаба), Суарес ва Гонсалеслар тўпларни ўз ҳисобларига ёзишди.

Шундай қилиб, Осиёнинг энг кучли жамоаси Уругвайдан ўз майдонида мағлуб бўлди.

Худди ўша куни бўлиб ўтган яна бир халқаро ўртоқлик учрашувида бошқа бир Осиё вакили – Жанубий Корея Перу билан дуранг (0-0) натижа қайд этди.

14 август кунига режаланган ўндан ортиқ ўртоқлик беллашувларининг яна бирида Ироқ Чилига 0:6 ҳисобида мағлуб бўлди.

Айни ўринда шуни эслатиб ўтиш жоизки, Япония ва Жанубий Корея аллақачон 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиб бўлишган.

Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви эса, Уругвай учун 2014 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичига тайёргарлик вазифасини ўтади.

Ўзбекистоннинг плей-офф босқичидаги дастлабки рақиби Иордания 6 ва 9 август кунлари Фаластин ва Ливияга қарши иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказган ва ҳар икки учрашувда ҳам ғалаба қозонган.

Аммо жамоа 15 август куни ўтказган ва ғалаба қозонишини даъво қилган 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдагисида Сурия билан 1:1 дуранг ўйнади.

Ўзбекистон ва Иордания миллий терма жамоалари ўртасидаги плей-офф беллашувларининг илк учрашуви 6 сентябр куни Иордания пойтахти Амман шаҳрида бўлиб ўтади.

Орадан тўрт кун ўтиб эса, жавоб учрашувида Ўзбекистон иорданиялик рақибларини Тошкентда қабул қилади.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, ҳар икки рақибга ҳам ҳозирча жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган.

Икковлон сўнгги бор бир-бирларига қарши тўп сурган энг нуфузли беллашув 2011 йилги Осиё Кубоги бўлади.

Яъни, сўнгги Осиё Кубогининг чорак финалида Ўзбекистон Иорданияга қарши тўп сурган ва рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.