‘Анжи’ яна мағлубиятга учради, Буссуфа ҳам кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi.com

Ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов жамоаси Россия миллий чемпионати 5-тур учрашувини сафарда санкт-петербурглик рақибларига йирик (3:0) ҳисобида бой берди.

"Анжи" дарвозасига киритилган тўпларни Константин Зирянов, Халк ва Кристиан Ансальдилар ўз ҳисобларига ёзишди.

Махачқалъаликлар клуб раҳбариятининг юлдуз футболчиларини сотиш ва ўз бюджетини кескин қисқартириш қарори ортидан "Зенит"га қарши майдонга тушган ва кечаги ўйинига Австрияда ҳозирлик кўрганди.

Чунки “Анжи” раҳбариятининг сўнгги баёнотига қисман “Анжи”нинг янги мавсумни муваффақиятсиз бошлагани ва мазкур ҳолатнинг клуб соҳиби Сулейман Керимов саломатлигига салбий таъсир қилаётгани сабаб бўлгани айтилганди.

Сўнгги мағлубияти ортидан эса, “Анжи” 5 ўйиндан 2 очко тўплаб, 13-ўриндан 15-ўринга тушиб қолди.

Бу – турнир жадвалида энг қуйи ўринда бораётган “Томь” жамоасидан бир поғона юқори ўринни англатади.

“Анжи” бугунги ўйинга кулб раҳбариятининг сўнгги баёноти ортидан Италиянинг “Наполи” жамоасига ўтиш истагида эканини билдираётган сардори Самуэль Это’О бошчилиги остида тушди.

Одил Аҳмедов ҳам майдонда тўлиқ тўп сурди. Аммо Кристофер Самба, Ласина Траоре, Муборак Буссуфа, Лассана Диарра ва Виллиан каби номдор ўйинчилари “Зенит”га қарши учрашувда жамоа таркибида кўринмади.

“Анжи”ни буткул тарк этажак юлдуз футболчиларининг якуний рўйхати эса, шу ой охиригача маълум бўлади.

Бугунги икки рақиб сўнгги бор ўтган йили Россия Кубоги ярим финалида майдонга тушишган ва “Анжи” санкт-петербурглик рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Ана шу ютуғи ортидан, “Анжи” ўз тарихида иккинчи бор Россия Кубоги финалида тўп суришга муваффақ бўлганди.

“Анжи” ва янги мавсум

Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi
Image caption "Анжи" ўтган мавсумни ўз тарихида илк бор учинчи ўрин билан якунлаганди

Махачқалъанинг "Анжи" жамоаси янги мавсумда Россия чемпионлигига даъвогарлик қилувчи жамоалардан бири сифатида кўрилганди.

Чунки асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг дунёнинг манаман деган юлдуз футболчилари тўп сурувчи жамоаси ўтган мавсумда илк бор Россия миллий чемпионатини учинчи ўрин билан якунлаган, Оврўпо Лигаси нимчорак финалига чиққан ва ўз тарихида иккинчи бор Россия Кубоги финалида тўп сурганди.

Аммо "Анжи"ни бу каби ютуқларга эриштирган голландиялик номдор мураббийи Гус Ҳиддинк ўтган ой охирида кутилмаганда ўз вазифасидан кетишини эълон қилди.

Жамоа сўнгги баёноти ортидан, ундан Бош мураббийликни қабул қилиб олганига икки ҳафта ҳам бўлмаган юртдоши Рене Меленстееннинг ҳам баҳридан кечишга қарор қилди.

"Анжи" "Зенит"га қарши ўйинда майдонга доғистонлик янги ва собиқ Бош мураббийи Гажи Гажиев бошчилиги остида тушганди.

Уч карра Россия чемпиони бўлган "Зенит" эса, 5 ўйиндан 10 очко тўплаб, турнир жадвалида 5-ўриндан 2-ўринга кўтарилиб олди.

"Анжи" каби Россиянинг иккита бойвачча ва энг серхарж жамоасидан биттаси бўлган "Зенит" бу йилги мавсумда ҳам олтин медалга энг асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.

“Зенит” – “Анжи” учрашувини олиб узатишга Россиянинг ўзидан ташқари, Франция, Бельгия, Швейцария, Люксембург, Жазойир, Марокаш, Олмония, Сербия, АҚШ, Бўлғористон, Польша ва Қибрис телеканаллари ҳам қизиқиш билдиришгани айтилганди.

Муборак Буссуфа ҳам “Анжи”дан кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳозир клубнинг юқори маошли юлдуз хорижлик футболчилари ҳам “Анжи”ни тарк этиш ҳаракатига тушиб қолишган

Жамоа ўзининг бюджетини кескин қисқартиришини эълон этишидан ўн кун ўтиб, марокашлик футбол юлдузи Муборак Буссуфа “Анжи”ни тарк этган навбатдаги номдор ўйинчи бўлди.

Расмий хабарларга кўра, футболчи Москванинг “Локомотив” клуби билан уч йилга шартнома имзолаган.

Буссуфа 2011 йилда Бельгиянинг “Андерлехт” жамоасидан “Анжи”га ўтганди.

Москванинг бошқа бир клуби – “Динамо” ҳам шу ҳафта пайшанба куни Махачқалъа жамоасининг россиялик уч сара футболчиси: миллий терма жамоа сардори Игорь Денисов, Юрий Жирков ва ҳужумчи Александр Кокоринлар билан шартнома имзолаганини эълон қилди.

“Анжи” ярим ҳимоячиси Олег Шатов эса, Санкт-Петербургнинг “Зенит”ига ўтди.

Ўз навбатида, клубнинг юқори маошли юлдуз хорижлик футболчилари ҳам “Анжи”ни тарк этиш ҳаракатига тушиб қолишган.

Жумладан, бразилиялик ярим ҳимоячиси Виллианга Англиянинг бойвачча “Манчестер Сити” ва “Ливерпул” клублари қизиқиш билдиришмоқда.

“Анжи”га ўтиб, дунёнинг энг катта маошли ўйинчисига айлангани айтилган сардори, камерунлик ҳужумчи Самуэль Это’О эса, Италиянинг “Наполи” жамоасига ўтмоқчи.

2011 йилда “Анжи” билан тўрт йилга шартнома имзолаган ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов ҳозирча “Анжи”да қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий экан. Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизматига “Анжи” клуби матбуот воизи Мурод Латипов билдирди.