Ҳатто қўшни Афғонистон ҳам халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказмоқчи

20 август куни икки рақиб қарийб 40 йил деганда илк бор бир-бирларига қарши халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади.

Икковлон ҳам пойтахт Кобулдаги ўйинлари билан 2014 йилги Осиё Конфедерацияси Чақирув Кубогига ҳозирлик кўришмоқчи.

Тарихий халқаро ўртоқлик учрашуви эртага маҳаллий вақт билан тушдан кейинги соат 15:00 да Афғонистоннинг Толибон ўз даврида даврида оммавий қотилликларини амалга оширган "Ғозий" стадионида бошланади.

Қўшни Покистон томони аллақачон бундай имкониятдан мамнун эканлигини изҳор этмоқда.

Уларга кўра, битта футбол учрашувининг ўзи ҳам ўзаро алоқаларининг янада мустаҳкамланишига йўл очиши мумкин.

Расмий Кобул сўнгги йиллларда Афғонистонда уюштирилган йирик ҳужумларда қўшниси Покистонни айбларкан, икки давлат орасидаги муносабатларга ниҳоятда путур етган.

"Ўз миллий терма жамоамизни қўшни Афғонистонга юборишдан жуда ҳаяжондамиз. 20 августдаги ўйин тарихий ҳодиса бўлади. Чунки биз 1977 йилдан буён бир-биримизга қарши тўп сурмаганмиз", деб айтган Покистон Футбол Федерацияси котиби Аҳмад Ёр Хон "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлигига.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fifa.com

Кобул эса, бу каби халқаро ўртоқлик учрашувларига сўнгги бор мелодий 2003 йилда мезбонлик қилган ва ўшанда Туркманистонни ўз майдонида қабул қилганди.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги футбол беллашувлари Шўролар Иттифоқининг 1979 йилги ишғоли ортидан барҳам топган.

Афғонистон миллий терма жамоаси Бош мураббийининг айтишича, 2014 йил март ойида яна бир халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун Покистонга ҳам боришлари мумкин.

2014 йилги Осиё Конфедерацияси Чақирув Кубогининг иккинчи босқич саралаш беллашувлари 31 августда бошланиб, 11 сентябрга қадар давом этади ва Непалда бўлиб ўтади.

Покистон "А" гуруҳида Ҳиндистон, Бангладеш ва мезбон Непал билан беллашади.

Афғонистон эса, "Б" гуруҳида Малдив, Шри Ланки ва Бутанга қарши тўп суради.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Афғонистон 2011 йилда Ҳиндистонда бўлиб ўтган Жанубий Осиё Футбол Федерацияси Олтин Кубоги турнирининг финалчиси ҳисобланади.

Афғон миллий терма жамоасининг жорий пайтда ФИФА рейтингида эгаллаб турган мавқеи ҳам қўшниси Покистонникидан анча юқори.

Афғонистон халқаро футбол ташкилотининг бу ойги рўйхатида 139-ўринни эгаллаган бўлса, Покистоннинг ўрни рақиблариникидан 28 поғона паст.

Бундан ташқари, Афғонистон 2014 йилги Осиё Конфедерацияси Чақирув Кубоги иккинчи босқич финал беллашувларига ўз гуруҳидан бирор бир мағлубиятсиз чиққан.

Непалдаги турнир ғолиблари эса, 2015 йилги Осиё Кубогига йўлланма олиш учун якуний курашда Лаос, Фаластин, Қирғизистон, Бирма ва Туркманистон билан бирга куч синашишади.

2015 йилги Осиё Кубоги Австралияда бўлиб ўтади.