Одил Аҳмедов жамоасининг яна бир юлдузи кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Роман Абрамовичнинг "Челси"си "Анжи"нинг номдор ярим ҳимоячиси Виллианни 30 миллион фунт стерлингга сотиб олмоқда.

Виллиан - "Анжи" раҳбарияти бюджетини кескин қисқартиришини эълон қилиши ортидан клубдан кетаётган учинчи юлдуз футболчи бўлади.

Чоршанба куни Лондонда тиббий кўрикдан ўтаркан, бразилиялик футболчининг Лондоннинг бошқа бир жамоаси - “Тоттенҳам”га ўтиши кутилганди.

Аён бўлишича, “Челси” пайшанба куни британ вақти билан соат 18:0 да уни сотиб олиш таклифи билан чиққан ва 24 соатнинг ичида икки томон ўртасида тўлов ҳамда шартлар келишиб олинган.

Келаси ҳафта меҳнат шартномасига оид тингловдан олдин Виллианнинг яна бир тиббий кўрикдан ўтиши айтилмоқда.

Хабарларга кўра, уни сотиб олиш жараёнига шахсан Роман Абрамовичнинг ўзи аралашгач, иш битган.

Маълум бўлишича, “Челси” 2011 йилдан бери уни ўз кўз остига олиб келган.

Асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг “Анжи”си Виллианни шу йил январ ойида беш ярим йилга 30 миллион фунт стерлингга Шахтёрнинг “Донецк” жамоасидан сотиб олганди.

Навбатдаги юлдуз

Виллиан – ўтган икки ярим ҳафтадан ортиқроқ вақт ичида Махачқалъа жамоасини тарк этаётган учинчи хорижлик юлдуз футболчи бўлади.

Шу ҳафта бошида “Анжи”ни яна бир юлдуз футболчиси – Лассана Диарра ҳам тарк этганди.

Клуб тарқатган сўнгги расмий хабарларга кўра, номдор француз футболчиси Москванинг “Локомотив” жамоаси билан 4 йилга шартнома имзолаган. Аммо шартнома миқдори маълум эмас.

Куни-кеча “Анжи”нинг яна бир юлдуз футболчиси, марокашлик Муборак Буссуфанинг ҳам айнан Москванинг “Локомотив” клуби билан 3 йилга шартнома имзолагани маълум бўлганди.

Шу ой бошида “Анжи” раҳбарияти юлдуз футболчиларини сотиш, ўз бюджетини кескин қисқартириш, Бош мураббийини алмаштириш ва бундан буёғига ёш ўйинчиларига орқа қилишини эълон қилганди.

Бунинг ортидан, клубнинг юқори маошли юлдуз хорижлик футболчилари ҳам “Анжи”ни тарк этиш ҳаракатига тушиб қолишган.

“Анжи”га ўтиб, дунёнинг энг катта маошли ўйинчисига айлангани айтилган сардори, камерунлик ҳужумчиси Самуэль Это’О эса, Италиянинг “Наполи”га ўтишга қизиқиш билдирмоқда.

Уни ҳозир Англиянинг "Манчестер Юнайтед" ва "Челси" билан боғлаётган хабарлар ҳам йўқ эмас.

Сўнгги хабарларга кўра, "Анжи"нинг яна бир хорижлик номдор ўйинчиси ва ҳимоячиси Жоао Карлос Москванинг "Спартак" жамоасига ўтган.

Унинг "Спартак"ка қарийб 1 миллион долларга тушгани айтилмоқда.

2011 йилда “Анжи” билан тўрт йилга шартнома имзолаган ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов ҳозирча “Анжи”да қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий экан.

Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизматига “Анжи” клуби матбуот воизи Мурод Латипов билдирди.

Ўтган ҳафта Москванинг “Динамо” жамоаси ҳам “Анжи”нинг россиялик уч сара футболчиси: миллий терма жамоа сардори Игорь Денисов, Юрий Жирков ва ҳужумчи Александр Кокоринлар билан шартнома имзолаганини эълон қилганди

“Анжи” ярим ҳимоячиси Олег Шатов эса, Санкт-Петербургнинг “Зенит”ига ўтганди.

“Анжи”ни буткул тарк этажак юлдуз футболчиларининг якуний рўйхати шу ой охиригача маълум бўлади.

"Анжи", бугунги ўйин ва клуб раҳбариятининг янги сиёсати

“Анжи” раҳбариятининг сўнгги баёнотига қисман “Анжи”нинг янги мавсумни муваффақиятсиз бошлагани ва мазкур ҳолатнинг клуб соҳиби Сулейман Керимов саломатлигига салбий таъсир қилаётгани сабаб бўлгани айтилганди.

Чунки Махачқалъанинг "Анжи" жамоаси янги мавсумда Россия чемпионлигига даъвогарлик қилувчи жамоалардан бири сифатида кўрилганди.

Асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг дунёнинг манаман деган юлдуз футболчилари тўп сурувчи жамоаси ўтган мавсумда илк бор Россия миллий чемпионатини учинчи ўрин билан якунлаган, Оврўпо Лигаси нимчорак финалига чиққан ва ўз тарихида иккинчи бор Россия Кубоги финалида тўп сурганди.

Аммо махачқалъаликлар клуб раҳбариятининг юлдуз футболчиларини сотиш ва ўз бюджетини кескин қисқартириш қарори ортидан Австрияда ҳозирлик кўрганига қарамай, ўтган ҳафта Россия миллий чемпионати 5-тур учрашувини ҳам Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоасига йирик ҳисобда бой берди.

Сўнгги мағлубияти ортидан эса, “Анжи” 5 ўйиндан 2 очко тўплаб, 13-ўриндан 15-ўринга тушиб қолган.

Бу – турнир жадвалида энг қуйи ўринда бораётган “Томь” жамоасидан бир поғона юқори ўринни англатади.

Ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов жамоаси бугун навбатдаги тур учрашувини "Краснодар" клубига қарши ўтказади.

"Зенит"га қарши ўйинда "Анжи"нинг Кристофер Самба, Ласина Траоре, Муборак Буссуфа, Лассана Диарра ва Виллиан каби номдор ўйинчилари майдонга тушишмаганди.

Аммо Одил Аҳмедов майдонда тўлиқ тўп сурганди.

Бугунги таркибда кимлар бўлиши ҳозирча расман маълум эмаса-да, машғулотларда Самуэль Это'O, Ласина Траоре ва Кристофер Самбаларнинг иштирок этишгани айтилганди.

"Краснодар" жамоасига қарши "Анжи Арена" стадионида бўлиб ўтажак ўйин маҳаллий вақт билан соат 21:00 да бошланади.