Одил Аҳмедов ҳам 'Анжи'ни мағлубиятдан қутқара олмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anzhi

Ўзбекистонлик сара футболчи тўп сураётган Махачқалъа жамоаси ўз майдонида Россия миллий чемпионати 6-тур учрашувини "Краснодар"га 1:2 ҳисобида бой берди.

45-дақиқада ўйинда ҳисобни очган ва "Анжи"ни олдинга олиб чиққан тўпни айнан Одил Аҳмедов киритганди.

Аммо меҳмон жамоа 49-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, 74-дақиқада ҳисобни 1:2 га етказди. Ўйин якунигача ана шу ҳисоб ўзгармади.

"Анжи"ни мағлубиятга учратган тўпларни Перейра ва Вандерсонлар ўз ҳисобларига ёзишди.

Бу - "Анжи" клуб раҳбарияти юлдуз футболчиларини сотиб, бюджетини кескин қисқартиришини эълон қилиши ортидан кетма-кет учраган иккинчи мағлубияти бўлди.

“Анжи” раҳбариятининг сўнгги баёнотига эса, қисман “Анжи”нинг янги мавсумни муваффақиятсиз бошлагани ва мазкур ҳолатнинг клубнинг миллиардер соҳиби Сулейман Керимов саломатлигига салбий таъсир қилаётгани сабаб бўлгани айтилганди.

6-тур учрашуви ортидан, "Анжи" олти ўйиндан бор-йўғи 2 очко тўплаб, ҳануз турнир жадвалининг энг қуйи икки поғонасидан бирини эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, "Анжи" ўтган мавсумни ўз тарихида илк бор юқори учликка кириш билан якунлаган ва Оврўпо лигасининг нимчорак финалигача чиққанди.

"Краснодар" жамоасига қарши ўйинда Одил Аҳмедов майдонда тўлиқ тўп сурган бўлса, камерунлик юлдуз сардори Самуэль Это'О, Кристофер Самба, Жусилей да Силва, Ласина Траоре ва Эвертон Алмейда каби хорижлик номдор футболчилари ҳам асосий таркибда ҳаракат қилишди.

Клуб раҳбариятининг сўнгги баёноти ортидан Муборак Буссуфа, Лассана Диарра, Виллиан ва Жоао Карлос каби юлдуз ўйинчилари "Анжи"ни тарк этиб улгуришди.

Одил Аҳмедов жамоасининг яна бир юлдузи кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi.com

Махачқалъаликлар клуб раҳбариятининг юлдуз футболчиларини сотиш ва ўз бюджетини кескин қисқартириш қарори ортидан Австрияда ҳозирлик кўрганига қарамай, ўтган ҳафта Россия миллий чемпионати 5-тур учрашувини ҳам Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоасига йирик ҳисобда бой берганди.

Ўша мағлубияти ортидан “Анжи” 5 ўйиндан 2 очко тўплаб, 13-ўриндан 15-ўринга тушиб қолганди.

Бу – турнир жадвалида энг қуйи ўринда бораётган “Томь” жамоасидан бир поғона юқори ўринни англатади.

"Анжи" "Зенит" ва "Краснодар"га қарши ҳар икки ўйинда ҳам майдонга доғистонлик янги ва собиқ Бош мураббийи Гажи Гажиев бошчилиги остида тушганди.

“Анжи”ни буткул тарк этажак юлдуз футболчиларининг якуний рўйхати шу ой охиригача маълум бўлади.

Аммо 2011 йилда “Анжи” билан тўрт йилга шартнома имзолаган ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов ҳозирча “Анжи”да қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий.

Бу ҳақда ўтган ҳафта Би-би-си Ўзбек Хизматига “Анжи” клуби матбуот воизи Мурод Латипов билдирганди.