"Шахтёр" Қарағанда Глазгодаги ўйиндан олдин қўй сўймайди

Image caption "Шахтёр" ўз майдонида "Селтик"ни 2:0 ҳисобида ютганди.

Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳри "Шахтёр" жамоаси UEFA Чемпионлар Лигасига кириш учун беллашмоқда ва бугун Шотландиянинг Глазго шаҳрида "Селтик" жамоасига қарши жавобий ўйинни ўтказади.

Бир ҳафта аввал "Шахтёр" ўз майдонида "Селтик"ни 2:0 ҳисобида ютганди.

Бугун эса жавобий учрашувни ўтказар эканлар, ўтган ҳафта "омад олиб келган" майдонда қўй сўйиш удумини қила олмайдилар.

Ўтган ҳафта "Шахтёр" Остондаги стадионда "Селтик" билан ўйинни бошлашдан олдин қўй сўйиб, футбол оламида каттагина шов-шувни келтириб чиқарганди.

Ҳайвонлар ҳуқуқлари ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш фаоллари бу амал учун Қозоғистон жамоасини жазога тортиш даъватлари билан чиқдилар.

Лекин жамоа бугун Глазгода ҳам ҳудди шундай амалга қўл уриши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар асоссиз бўлиб чиқди.

"Селтик" жамоаси матбуот котибининг айтишича, бу ҳодиса рўй бермайди.

Аввалроқ "Шахтёр" жамоаси мураббийси Шотлдандиядаги матбуот анжумани мобайнида "Глазгода ҳам балким шундай қилишимиз мумкин", деб ҳаммани ҳайрон қолдирганди.

"Қўйни қаердан оласиз" деган саволга мураббий Виктор Кумиков "Билишимча Шотландияда чорвачилик анча яхши ривожланган, бу борада муаммо бўлмаса керак", дея жавоб берганди.

Лекин "Шахтёр" қўй сўйиш удумидан мутлақо воз кечишига тўғри келади шекилли.

Оврўпо Футболини бошқариш ташкилоти UEFA "Шахтёр" маъмуриятига мактуб йўллаб, келгусида футбол майдони ё-да яқинида қўй сўйилса жазога тортиши ҳақида огоҳлантирди.

Қўй сўйиш атрофидаги шов-шувлардан сўнг эндиликда Қозоғистон чемпионлари ўзларининг ўйин маҳоратлари билангина хабарларда тилга олинишга умид қилмоқдалар.