Денис Истомин: 'Онам муваффақиятларимнинг асосий сабабчиси'

Ўзбекистонлик профессионал теннисчи Денис Истомин АҚШ чемпионатида жаҳоннинг учинчи ракеткаси Энди Маррей билан майдонга чиқиши кутилмоқда.

26 ёшли Ўзбекистонлик Денис Истомин спорт оламида камдан-кам учрайдиган ҳолат, мураббийси ўз онаси бўлганлиги билан ҳам маълум.

Ўзи ҳам моҳир теннисчи бўлган Клавдия Истомина ўғлини теннис оламига олиб кирган ва ҳамиша унга мураббийлик қилган шахсдир.

Дениснинг айтишича, улар бир-бирларини жуда яхши тушунадилар.

"Онам ҳамиша мега ҳамма нарсада ёрдам беришга ҳаракат қилади. Нафақат теннисда, балки ҳаётда ҳам. Ҳамма соҳада маслаҳат беришга тайёр. Онам менинг мураббийим эканлигидан жуда хурсандман", дейди Истомин.

Жаҳоннинг 65 ракеткаси эканлиги айтилган Денис Истомин ҳозирда АҚШ очиқ чемпионатининг тўртинчи босқичига чиқишга муваффақ бўлди.

Бугунги ўйин олдидан Денис Истоминнинг айтишича, Энди Маррей зўр ўйинчи. Ҳужумларни қайтаришга уста.

"Кўп нарса менинг тўпни узатишимга боғлиқ", деган Денис Истомин.

Лекин Энди Маррейга ҳам онаси 12 ёшига қадар мураббийлик қилган. Ҳозирда ҳам Маррейни қўлловчи жамоада муҳим ўрин тутади.

Энди Маррей бу йил охирги 77 йил мобайнида нуфузли Уимбилдон турнирини биринчи маротаба ютиб чиққан Британиялик теннисчидир.