Месут Ўзил 'Арсенал', Лондон ва қандай мусулмон экани ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Арсенал" Олмония футболи юлдузи билан беш йилга шартнома имзолаган

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳамсоҳиблик қилувчи Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ишқибозларининг бошлари осмонда.

Улар ўз клублари ёзги олди-сотди бозорининг сўнгги кунида қўлга киритган юлдуз футболчи - "Реал"(Мадрид) ва Олмония миллий терма жамоаси аъзоси Месут Ўзилдан кўп нарса кутишмоқда.

Устига устак, Месутнинг ўзи қолиб, поп юлдузи бўлган севгилиси Манди Капристо ҳам Британияда роса гап-сўзларни қизитмоқда.

Бу ерда уларни аллақачон "Олмониянинг Пош ва Бек"и, дегувчилар ҳам топилган.

Аммо келиб чиқиши туркиялик бўлган Месут Ўзилнинг ўзи эътиқодли мусулмон.

Агар, британ нашрларига таянилса, футболчи ҳар гал майдонга тушишдан олдин "Қуръон"ни тиловат қилмай қўймайди.

Аён бўлишича, Месут, ҳатто, "Реал"даги португалиялик юлдуз жамоадоши Криштиану Рональдуга ҳам "Қуръон"дан суралар ўргатган.

"Мен намоз ўқийман. Буни жамоадошларим ҳам билишади ва ибодат қилаётган пайтим менга халақит беришмайди. Мен Аллоҳдан ғалаба қозонишимизни сўрайман. Ютуғимнинг сири ҳам шунда", деб айтган Месут британ нашрларидан бирига берган суҳбатида.

Юлдуз футболчи касби доимо аъло даражадаги жисмоний ҳолатда бўлишини тақозо этиши боис мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида рўза тутолмаслигидан ҳам афсус билдирган.

Лондоннинг "Арсенал" жамоаси уни ўтган ҳафта ўзлари учун рекорд суммада, яъни 42.5 миллион фунт стерлингга сотиб олганди.

Месут Ўзил ўзининг профессионал футболдаги карьерасини Олмониянинг "Шалке 04" жамоасида бошлаган.

Шундан сўнг муайян муддат Бременнинг "Вердер" клубида тўп сурган.

2010 йилда эса, Мадриднинг "Реал" жамоаси Месутни 15 миллион еврога сотиб олганди.

Месут Ўзил шу йил ёзда "Арсенал" қўлга киритолган энг номдор футболчи ва Арсен Венгер қарийб 10 йил бадалида Англия чемпионлигини қайта қўлга киритишларида унга қаттиқ орқа қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption "Арсенал" Месут кўмагида Англия чемпионлигига эришмоқчи

Олмония футбол юлдузи "Арсенал" расмий веб саҳифасига берган илк суҳбатида нега айнан бу жамоага ўтишга қарор бергани сабабларини мана бундай изоҳлаган:

Месут Ўзил: Англиянинг энг сара жамоаларидан бири бўлгани учун ҳам мен "Арсенал"ни танладим. Арсен Венгер ҳам жаҳон таснифидаги мураббий. У буни йиллар давомида исботлаб қўйган. Чунки жуда кўп ўйинчилар Арсен Венгер қўл остида футбол сир-синоатларини ўрганишган. Шу сабабдан ҳам, мен "Арсенал"га ўтишга қарор қилдим. Мен ўз ўйинимни янада яхшилаб, янги усулларни ўрганмоқчиман. Чунки "Арсенал" жамоаси ўйинининг техникаси ва ҳужумкор футболи билан танилган. Фикримча, мен уларга жуда мос тушаман.

Савол: Бу қарорингиз, бошқа томондан, "Арсенал"нинг амбицияилари ва яқин келажакдаги режалари учун қанчалик муҳим?

Месут Ўзил: Жудам ҳам муҳим, деб ўйлайман. Энг аҳамиятлиси, Арсен Венгер менга ишонч билдирди. Мен ҳам ўзимнинг нималарга қодирлигимни кўрсатиб, майдонда мазза қилмоқчиман. Назаримда, ўзимнинг ўйиним билан Лондон жамоасига ёрдам бера оламан.

Савол: Месут, сизнингча, "Арсенал" бу йил Англия чемпиони бўла олармикан?

Месут Ўзил: Албатта. Тўғри, ўтган яқин йиллар ичида "Арсенал" у қадар ўзини кўрсата олмади. Аммо биз зафар қучмоқчимиз. Чемпион бўлиш, кубокларни қўлга киритиш истагидамиз. Менимча, "Арсенал" ишқибозлари ҳам буни исташади. Жамоамиз жуда кучли ва ёш. Устига устак, Бош мураббийи остида янада кучайиши мумкин. Менимча, ғолибликни даъво қилиш даражасида потенциалга эгамиз.

Савол: Кўча-куйда тўп суриб юрган болалик чоғингизда қайси бир юлдуз футболчига тақлид қилгансиз?

Месут Ўзил: Яқинда ҳам айтиб ўтганимдек, мен тақлид қилган ўйинчи Зайниддин Зидан бўлади. Мен учун айнан у сара футболчини намоён этади. Ҳавода зўр ўйнайди. Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам бирдек моҳир. Шахсий ҳаёти ҳам тоза. Бирор бир салбий гап-сўз билан оммавий-ахборот воситаларининг диққат-эътиборига тушмаган. Мен учун ўрнак бўлган ўйинчи.

Савол: Энг сўнгги "Арсенал" мухлисларига тилакларингиз...

Месут Ўзил: Мен "Арсенал"да тўп сураётганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Бундай шарафдан бошим кўкларга етди. Ва ўз навбатида, бу йилги футбол мавсумини муваффақиятли якунлашимизга умид қиламан.