Анжи: 'Одил Аҳмедов ишқибозлар саволларига жавоб беради'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anzhi

Бу ҳақда ўзбекистонлик футболчи тўп сурувчи Махачқалъанинг "Анжи" жамоаси расмий веб саҳифасида эълон қилинган.

Веб саҳифада билдирилишича, 2011 йилдан буён доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов жамоасида тўп суриб келаётган Одил Аҳмедов "Анжи"нинг твиттер аккаунти орқали футбол мухлислари билан мулоқотга чиқади.

Эълонда футбол ишқибозларидан ўз саволларини #СпросиОдила хештеги орқали юборишлари сўралади.

Аён бўлишича, Одил Аҳмедов билан твиттер-мулоқот 17 сентябр куни Москва вақти билан 19:30 (Тошкент вақти билан эса, кеч соат 20:30) да бошланади.

"Анжи" жамоаси раҳбарияти ўтган август ойи бошида ўз бюджетини кескин қисқартириши ва юлдуз футболчиларини сотишини эълон қилган эди.

Аммо "Анжи" матбуот воизи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Одил Аҳмедовнинг "клубда қолиш, ёрдам бериш аҳдида қатъий экани ва жамоа унга қаттиқ орқа" қилишини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик футболчининг Махачқалъа жамоаси билан шартномаси 2015 йилда ўз поёнига етади.

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Одил Аҳмедовнинг футбол ишқибозлари билан твиттер-мулоқоти Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини буткул бой бериши ортидан бўлиб ўтмоқда.

Одил Аҳмедов ҳам аъзоси бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган ҳафта ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, Осиё минтақаси плей-офф босқичини Иорданияга бой берганди.

Ўзбекистон дастлабки плей-офф босқичи тақдирини ҳал қилган жавоб учрашувини Иорданияга пенальтилар сериясида ютқазган ва рақиб дарвозасини забт этолмаган иккита тўпдан биттаси Одил Аҳмедов ҳисобига тўғри келади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Одил Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири саналади.

У 2012 йилда ўзи ҳозир тўп сураётган "Анжи" клубида ҳам ўтган мавсумнинг "Энг зўр футболчиси", деб топилганди.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдирганди.

Раҳбариятининг жиддий ислоҳотларга оид қарори ортидан эса, "Анжи" Россия Олий лигасида ўтказган тўртта учрашувининг дастлабки иккитасида кетма-кет мағлубиятга учраган, қолган икки ўйинида дуранг натижа қайд этган.

Жамоа 19 сентябр куни Оврўпо Лигаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларини бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, Махачқалъа клуби ўтган мавсумда ўз тарихида илк бор Оврўпо Лигасининг нимчорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

"Анжи" жорий пайтда Россия Олий Лигаси турнир жадвалида 16 жамоа орасида 8 ўйиндан 4 очко тўплаган ҳолда 14-ўринни эгаллаб турибди.

Яқинда старт олган янги мавсум арафасида эса, "Анжи" ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилганди.