Одил Аҳмедов терма жамоа, энг зўр палов ва 'Пахтакор' ҳақида

2011 йилдан буён доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов жамоасида тўп суриб келаётган ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов 17 сентябр куни "Анжи"нинг расмий твиттер аккаунти орқали футбол мухлислари билан онлайн-мулоқот ўтказди. Қуйида ушбу мулоқотдан айрим қисмларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

@gayratbarnoev: @fc_anji #СпросиОдила Ассалому алайкум, Одилжон. Жаҳон чемпионати учун бизга ҳар доим нимадир етмай қолади. Ўша нима бўлиши мумкин?

@fc_anji1h Одил: Менимча, сафарда ўтказган илк учрашувимизда янада муваффақиятлироқ ўйнашимиз, жавоб беллашувида эса, ўйинни пенальтилар сериясигача олиб бормаслигимиз лозим эди.

@aktash19511h @fc_anji Одилжон, Ўзбекистон терма жамоаси нега бундай аҳволга тушди?

@fc_anji1h Одил: Мен ҳам жамоанинг мағлубияти учун жуда қайғудаман. Жамоамиз яхши ва келажакда катта ютуқларга эришишга қодир, деб ўйлайман.

@MirzaevG16 Sep @fc_anji Одил, кимни энг зўр мураббий деб ҳисоблайсиз: Миржалол Қосимовними ёки Вадим Абрамовни?

@fc_anji1h Одил: Улардан ҳар бирининг ўзига хос кучли жиҳатлари бор. Уларни бир-бирига таққослаш тўғри иш бўлмайди, назаримда.

@kamaldinomarov16 Sep @fc_anji Одил, “Анжи”даги энг қалин дўстингиз ким?

@fc_anji1h Одил: Жамоамиз аҳил экани боис, улардан муайян бирини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман.

@kamaldinomarov16 Sep @fc_anji Одил, Ассалому алайкум. Сиз зўр футболчисиз. “Анжи”да қоласизми?

@fc_anji1h Одил: “Анжи” билан шартномам 2015 йилгача. Агар клубга керак бўлсам, жоним билан шартномам тугагунча ўйнаб бераман.

@GeorgeBakaev1h @fc_anji Сизга конкрет саволим: “Анжи”ни “Пахтакор”га қиёсласа бўладими?

@fc_anji1h Одил: Ҳар икки клуб ҳам яхши ташкил қилинган ва ҳар доим ўз олдиларига юксак мақсадларни қўйишади.

@maysarat11h @fc_anji Одил, оилангиз ҳам сиз билан бирга Москвадами?

@fc_anji1h Одил: Ҳа, ҳаммамиз шу ердамиз. Оилам – ҳаётимдаги энг қадрли неъмат бўлади.

@taymazito1h @fc_anji Москвада энг зўр паловни қаерда пиширишар экан?

@fc_anji1h Одил: Энг зўр палов ойимники бўлади. Ҳар доим меҳмонга келсалар, пишириб берадилар.

@ShamsShakur1h @fc_anji Одил, сиз ҳеч қачон ўтмайдиган клуб ҳам борми? Дейлик, сиз “Барса”га ишқибозлик қиласиз-да, дейлик, “Реал”га ҳеч тоқат қила олмайсиз?

@fc_anji1h Одил: Назаримда, бунақа клуб йўқ бўлса керак.

@StevePrince0011h @fc_anji Одил, футболчилик фаолиятингизда энг ёдда қолган он қайси бири?

@fc_anji1h Одил: Менимча, “Пахтакор”га қабул қилинган пайтим бўлса керак. Бу – менинг орзуим бўлган.

Онлайн-мулоқот якунида Одил Аҳмедов ўзига савол йўллаган барча футбол ишқибозларига ўзбек тилда миннатдорчилик билдирди:

@fc_anji1h Katta rahmat savollar uchun. Doim bizni qollab-quvvatlashda davom etishlarini iltimos qilgan bolardim. Sog’ bo’linglar!

Суҳбат "Анжи" клуби расмий веб саҳифасидан олиниб, Би-би-си Ўзбек Хизмати томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

Одил Аҳмедов ва "Анжи"

"Анжи" жамоаси раҳбарияти ўтган август ойи бошида ўз бюджетини кескин қисқартириши ва юлдуз футболчиларини сотишини эълон қилган эди.

Аммо "Анжи" матбуот воизи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Одил Аҳмедовнинг "клубда қолиш, ёрдам бериш аҳдида қатъий экани ва жамоа унга қаттиқ орқа" қилишини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик сара футболчининг Махачқалъа жамоаси билан шартномаси 2015 йилда ўз поёнига етади.

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Одил Аҳмедовнинг футбол ишқибозлари билан твиттер-мулоқоти Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини буткул бой бериши ортидан бўлиб ўтмоқда.

Одил Аҳмедов ҳам аъзоси бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган ҳафта ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, Осиё минтақаси плей-офф босқичини Иорданияга бой берганди.

Ўзбекистон дастлабки плей-офф босқичи тақдирини ҳал қилган жавоб учрашувини Иорданияга пенальтилар сериясида ютқазган ва рақиб дарвозасини забт этолмаган иккита тўпдан биттаси Одил Аҳмедов ҳисобига тўғри келади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Одил Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири саналади.

У 2012 йилда ўзи ҳозир тўп сураётган "Анжи" клубида ҳам ўтган мавсумнинг "Энг зўр футболчиси", деб топилганди.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдирганди.

Раҳбариятининг жиддий ислоҳотларга оид қарори ортидан эса, "Анжи" Россия Олий лигасида ўтказган тўртта учрашувининг дастлабки иккитасида кетма-кет мағлубиятга учраган, қолган икки ўйинида дуранг натижа қайд этган.

Жамоа 19 сентябр куни Оврўпо Лигаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларини бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, Махачқалъа клуби ўтган мавсумда ўз тарихида илк бор Оврўпо Лигасининг нимчорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

"Анжи" жорий пайтда Россия Олий Лигаси турнир жадвалида 16 жамоа орасида 8 ўйиндан 4 очко тўплаган ҳолда 14-ўринни эгаллаб турибди.

Яқинда старт олган янги мавсум арафасида эса, "Анжи" ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ