Кураш бўйича жаҳон чемпионати: Россияда қўшалоқ олтин

Image caption Ҳозирча фақат россиялик курашчилар ҳисобида қўшалоқ олтин медали бор

Россия ва украиналик курашчилар жаҳон биринчилигининг илк олтин медалларини қўлга киритишди.

Бу йилги жаҳон чемпионати кеча 16 сентябр куни Можаристоннинг Будапешт шаҳрида старт олганди.

Биринчиликнинг иккинчи кунида 60 кг, 84 кг ва 120 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги учун курашаётган эркин курашчилар совринли ўринлар учун гиламга чиқишди.

60 кг вазн тоифасида олтин медал россиялик курашчи Бекхон Гойгереевга насиб этди.

Унинг бўлғористонлик рақиби Владимир Дубов кумуш, ҳиндистонлик курашчи Баржанг Баржанг ва эронлик Масъуд Исмоилпўрлар бронза медаллари билан чекланишди.

84 кг вазн тоифасида эркин кураш бўйича жаҳон чемпионлиги эса, украиналик Иброҳим Алдатовга насиб этди.

Кубалик курашчи иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, мезбон Можаристон ва Эронлик эркин курашчи юқори учликка киришга муваффақ бўлишди.

120 кг вазн тоифасидаги эркин курашчилар орасида бўлиб ўтган якуний беллашувлар Россия терма жамоасига яна бир олтин медали келтирди.

Бу гал Ҳожимурод Гацалов ҳал қилувчи курашда украиналик рақиби Ален Засеевни енгиб, янги жаҳон чемпиони бўлди.

Россиялик эркин курашчига мағлуб бўлган Ален Засеев эса, ўз жамоасининг илк кумуш медали соҳибига айланди.

Туркия ва гуржистонлик эркин курашчилар Таха Оқгул ва Гено Петриашвили ўз юртларига жаҳон чемпионатининг бронза медалларини олиб кетадиган бўлишди.

Бу йилги жаҳон биринчилигида дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан ўнлаб эркак ва аёл курашчилар иштирок этишмоқда.

Image caption Аммо Будапештдаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик кураш афсонаси Артур Таймазов иштирок этаётгани йўқ

Марказий Осиё минтақасини жаҳон биринчилигида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари намоён этишмоқда.

Агар, расмий хабарларга қаралса, Ўзбекистондан 12 нафар курашчи эркин, юнон-рум ва аёллар курашида жаҳон чемпионлиги учун беллашишади.

Аммо уларнинг орасида эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида Афина, Пекин ва Лондон Олимпиада Ўйинларининг олтин медали соҳиби Артур Таймазов йўқ.

Ўзбекистонлик спорт мулозимлари бунинг сабабини бу йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш унинг кун тартибида йўқлиги билан изоҳлашди.

Будапештдаги беллашувларда эркин кураш бўйича 74 кг вазн тоифасида Жаҳон Кубоги соҳиби, 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори, Осиё чемпионати ва Осиё Ўйинлари ғолиби Сослан Тигиев ҳам иштирок этмаётир.

Аммо Будапештдаги жаҳон чемпионатида беллашаётган курашчилар орасида Қурбон Қурбонов каби Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари ва турли халқаро турнирлар совриндорлари бор.

МДҲ давлатлари орасидан бу йилги жаҳон чемпионатида Россия, Беларус ва Украина энг катта сондаги курашчилари билан иштирок этишмоқда.

Бу уч давлатнинг ҳар бири Будапештга йигирмадан зиёд курашчиларини беллашиш учун юборган.

Кураш бўйича жаҳон чемпионати 22 сентябр кунига қадар давом этади.

Хотин-қиз курашчилар эса, ўз беллашувларини эртага бошлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ