Футбол: Жаҳон чемпионати ташкилотчилари ‘даҳшатда’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ташкилотчиларни даҳшатга солган текширув хулосалари 2022 йили Қатарда бўлиб ўтиши режаланган жаҳон биринчилиги ўйинлари билан боғлиқ.

Британияда чоп этилувчи нуфузли “Гардиан” газетасининг хабар беришича, жаҳон чемпионати учун лозим иншоотларни қуришда банд непаллик ишчилар “эксплуатация этилишмоқда ва уларга қилинаётган муносабатни замонавий қулликка тенглаштириш мумкин”.

Бу хабарлардан “жиддий хавотирда” эканини айтган ФИФА вакиллари эса, Қатар ҳукумати текширув хулосаларини ўрганиб чиқишини айтишмоқда.

Аллақачон расмий баёнот билан чиққан Қатар томонига кўра, “ишчиларга бундай муносабат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Агар, “The Guardian” томонидан олиб борилган текширув хулосаларига таянилса:

  • 4 июндан 8 августгача бўлган вақт оралиғида юраги билан боғлиқ муаммолар ёки иш жойида юз берган бахтсиз ҳодисалар сабаб камида 44 ишчи ҳаётдан кўз юмган.
  • Айрим далилларга кўра, жаҳон чемпионати билан боғлиқ йирик қурилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнида мажбурий меҳнатдан ҳам фойдаланилмоқда.
  • Непаллик ишчиларга эса, ойлаб маошлари берилмаган. Ҳаракатланишларини чеклаш учун паспортлари олиб қўйилган.
  • Айрим ҳолларда эса, қурилиш сатҳларида, ҳатто, ичимлик суви ҳам имконсиз бўлган.

Қатарлик мулозимларнинг қатъиян баён қилишларича, қурилиш ишларида банд ишчиларга лозим шарт-шароитлар яратиб берилади.

“2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш чоғида берган ваъдаларимизнинг ижросига киришарканмиз, бу – масала энг устиворларидан бири бўлади”, - дейилади уларнинг баёнотида.

Бундан олдин эса, жазирама ёзда Қатарда жаҳон чемпионати ўтказиб бўларканми, деган хавотирлар ўртага чиққанди.

Бу – УЕФАга аъзо элликдан ортиқ давлатнинг 2022 йилги биринчилик ўйинларини қишга кўчиришни ёқлаб чиқишларига ҳам сабаб бўлганди.

ФИФА эса, ўз баёнотида четдан келган меҳнат муҳожирларини тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўймаслиги, бу хусусда яна қатарлик масъуллар билан боғланишларини билдирган.

2022 йилги жаҳон чемпионатини қишга кўчириш масаласини халқаро ташкилот ижроий қўмитаси 3 ва 4 октябр кунлари Цюрихда бўлиб ўтажак йиғини чоғида муҳокама этмоқчи.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон плей-офф босқичида чиқиш имкониятидан мосуво қолган 2014 йилги жаҳон чемпионати Бразилияда бўлиб ўтади.

2018 йилги биринчилик ўйинларига эса, Россия мезбонлик қилади.