Кличко: "Реванш ўйин лозимлигини Поветкиннинг ўзидан сўраш керак"

Украиналик таниқли боксчи Владимир Кличко "Олимпийск" спорт саройида россиялик Александр Поветкин устидан ғалаба қозонгандан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "реванш ўйин бўладими?"- деган саволга ўзи ҳам кулиб "Сиз шундай ўйин кераклигига аниқ ишонасизми?"- деб сўраган. Шунингдек, реванш ташкил қилиш учун, аввало Поветкиннинг фикрини билиш кераклигини айтган.

"Буни Поветкиндан сўраш керак. Қачон турли титулларга эга бўлганингда, сен уларни мажбурий даъвогарлар билан жангда ҳимоя қилишинг керак. Александр шулар қаторида эди. Мен учрашишим керак бўлганлар эса навбатда қаторлашиб турибди. Менинг билишимча, кейинги рақибим WBO рейтингида биринчи рақамли боксчи билан рингга тушишим лозим бўлади", деб айтган жаҳон чемпиони.

"Мен ҳакамларнинг бир овоздан қарори билан ғалаба қилдим. Ва ҳеч кимда жангда ким ғалаба қозонгани ҳақида албатта савол туғилмади, деб ўйлайман. Мен танқидларга ўрганганман, лекин ўз йўлимни давом эттириш ниятидаман. Мен жангнинг қанчалик қизиқ бўлгани ҳақида бир нарса дейолмайман. Фақат айтишим мумкинки, рингда икки профессионал, олимпиада чемпионлари учрашди. Бошқасига мухлислар баҳо беришади",- дейди Владимир Кличко.

Александр Поветкин матбуот анжуманида иштирок этмаган.

Украиналик боксчи россиялик ҳамкасбини кутилганидан анча осон енга олганига гувоҳ бўлишган томошабинлар. Жанг Владимир Кличконинг тўлиқ устунлигида ўтган.

Поветкин барча раундни ўйнаган бўлса ҳам, лекин жуда кўп зарбаларни ўтказди, уч марта нокдаун ҳолати қайд этилди.

WBA йўналишида навбатдаги чемпион бўлган Поветкин ўз карьерасида биринчи бор мағлубиятга учради.

Владимир Кличко эса 61-ғалабасини нишонлади ва WBA, WBO, IBF ҳамда IBO бўйича жаҳон чемпионлигини сақлаб қолди.

Владимирнинг акаси Виталий Кличко WBC таснифида жаҳон чемпиони ҳисобланади.

"Александр Поветкин бугун ғалабага бўлган катта иродасини намойиш қилди,- деб айтган Виталий Кличко ҳам. - Мен унинг Владимир зарбаларига бардош бериб, 12 раунд туриб беришини кутмагандим. Александр бу жиҳатдан ҳурматга лойиқ ва ўйлайманки, у янада кучлироқ бўлиб, келгусида ўз мақсадига эришиши мумкин".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жанг Владимир Кличконинг тўлиқ устунлигида ўтган.

Узоқ кутилган жанг

Кейинги беш йил ичида Владимир Кличко ва Александр Поветкин ўртасида учрашувни ташкиллаштиришга кўп бор уринилган бўлса ҳам, молиявий ва бошқа сабабларга кўра амалга ошмай келаётганди.

Маълумотларга кўра, кечаги жангдан Владимир Кличко 17 миллион, Александр Поветкин эса олти миллион долларга яқин пул олади.

Профессионал бокснинг оғир вазнида охирги йиллар ака-ука Кличколарнинг чемпионликни қўлдан бермай келаётгани, Виталий ва Владимирни енгиб, улар эгаллаган чўққига чиқишга ҳали бирор боксчининг кучи етмаётгани ҳақида баҳслар давом этади.

Айниқса, кечаги жангдан сўнг бу борада ижтимоий тармоқларда Кличко мухлислари билан боксни "қизиқарли ва шиддатли" бўлишини хоҳлайдиган бошқа ишқибозлар орасида баҳс қизиган.

Кличколарнинг ашаддий мухлисларига кўра, ака-ука нафақат бошқаларга ўхшамаган кучли боксчи, балки юқори маданияти ва ақлий салоҳияти билан ҳам чемпионликка энг лойиқ инсонлардир.

Шиддатли бокс тарафдорлари эса ўзаро тортишувларда рингни ҳақиқий жанг майдонига айланишини орзу қилишмоқда.