Бокс: Жасурбек Латипов жаҳон чемпионатининг кумуш медалини олди

Ўзбекистон бокс жамоаси Қозоғистонда бўлиб ўтган бу йилги жаҳон чемпионатини битта кумуш ва битта бронза медали билан якунлади.

Жасурбек Латипов финал жангини жуда кичик ҳисобдаги фарқ билан россиялик рақиби, амалдаги жаҳон чемпиони Миша Алоянга ютқазди.

Пайшанба куни бўлиб ўтган чорак финал жанглари ортидан, Жасурбек Латипов (-52 кг) ва Ойбек Мамазулунов (-81 кг)лар Қозоғистонда бўлиб ўтаётган жаҳон биринчилигининг ярим финалига чиқишганди.

Аммо Ойбек Мамазулунов ярим финал жангини мезбон қозоғистонлик боксчи Адилбек Ниязимбетовга ютқазди ва бронза медали билан кифояланадиган бўлди.

Бу - Ойбекнинг ҳаваскор боксдаги карьерасида илк бор жаҳон биринчилигида иштирок этиши эди.

Ойбек ярим финалга қадар мўғулистон, баҳрайн ва голландиялик боксчиларни мағлуб этишга муваффақ бўлганди.

Лондон Олимпиада Ўйинларининг чорак финалчиси бўлган Жасурбек Латипов эса, 2011 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори бўлган боксчидир.

Жасурбек Озарбайжон пойтахти Бакуда бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида айнан кеча ўзи енган британиялик рақиби Эндрю Селбига ютқазиб, ярим финалдан ортга қайтишга мажбур бўлганди.

Якуний босқич беллашувларида жаъми тўққиз давлат вакиллари олтин медал учун ўз курашларини давом эттиришади.

Финал босқичига қадар етиб келган олти нафар боксчиси билан мезбон Қозоғистон яна қолган ҳамма иштирокчиларни ортда қолдирган.

Ўзининг бокс мактабини билан бутун дунёга танилган Кубани эса, финал жангларида бор-йўғи 3 нафар боксчиси намоён этади.

Россия ҳам худди шунча сондаги боксчилари билан энг юқори соврин учун беллашади.

Сўнгги МДҲ давлати вакили бўлган Озарбайжондан эса, жаҳон чемпионлиги учун икки нафар боксчиси рингга чиқади.

Жазоир, Ирландия, Италия ва Бразилия эса, биттадан боксчиси билан финал баҳсларида қатнашади.

Финал жанглари Тошкент вақти билан соат 13:00да бошланади.

Ўзбекистон бу йилги жаҳон чемпионатида жаъми 10 нафар боксчиси билан қатнашганди.

Улардан тенг ярми чорак финалга чиқишга муваффақ бўлишган, икки нафари эса, ярим финалгача кўтарилишганди.

Расмий хабарларда бу галги жаҳон чемпионатида дунёнинг 116 давлатидан олти юзга яқин боксчининг иштирок этиши айтилганди.

Улар 10 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.

Бунгача катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бунча кўп сондаги боксчи иштирок этмаган.