Футбол: Ўзбекистон 2015 йилги Осиё Кубогига чиқди

Вьетнам ва Гонгконгга қарши гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг сўнгги икки тур учрашувини ғалаба билан якунлаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида олтинчи бор Осиё Кубоги учун курашини давом эттирадиган бўлди.

Жамоа бироз аввал сафарда Гонгконг миллий терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланган ўйин 40.000 кишилик “Гонгконг” стадионида бўлиб ўтди.

Ҳар икки миллий терма жамоада ҳам 2-йўлланмани қўлга киритиш имкони борлиги боис, икковлон ҳам майдонга фақат ғалаба учун тушишганди.

Ўзбекистонлик футболчилар бутун ўйин давомида жуда ҳужумкор ўйин намойиш этишди.

Жамоа деярли бутунлай ёш таркиб билан майдонга тушганига қарамай, рақиб дарвозаси қаршисида ўнлаб қалтис вазиятлар пайдо қилишнинг уддасидан чиқди.

Сардор Рашидов, Игорь Сергеев, Воҳид Шодиев, Жамшид Искандеров Одил Аҳмедов, Виталий Денисовлар қаторида жуда ёрқин футбол намоён этишди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйиннинг асосий вақтида сардори Сервер Жепаровсиз тўп сурди.

2-бўлимда майдонда 10 футболчиси билан қолганига қарамай, мезбон Гонгконг миллий терма жамоаси яхши ҳимояланди.

Ҳимоячилари ва айниқса, дарвозабони жамоани қатор яққол тўплардан асраб қолди.

Ўйинда ҳисоб фақат 84-дақиқага келиб очилди: Бор-йўғи иккинчи бор миллий терма жамоа таркибида майдонга тушган Воҳид Шодиев Ўзбекистон миллий терма жамоасини олдинга олиб чиқди.

Орадан бор-йўғи 5 дақиқа ўтиб, Одил Аҳмедов ҳисобни янада мустаҳкамлади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Воҳид Шодиев 15 ноябр куни Вьетнам дарвозасига киритилган учта тўпдан бирига ҳам муаллифлик қилганди.

4-тур учрашувлари ортидан 4 ўйиндан 12 очко тўплашга муваффақ бўлган Бирлашган Араб Амирликлари эса, гуруҳ пешқадами сифатида муддатидан илгари 2015 йилги Осиё Кубогига чиққанди.

Бирлашган Араб Амирликлари 5-тур учрашувини бироздан сўнг ўз майдонида Вьетнамга қарши ўтказади.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида тарихий натижа қайд этиб, ярим финалга чиққан. Қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Бу – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида олтинчи бор Осиё Кубоги учун беллашиши бўлади.

Жамоа 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик футболчилар бу галги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний жавоб учрашувини келаси йил 5 март куни Тошкентда Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўтказишади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда ўтказган ҳар икки учрашув арафасида Бош мураббий Миржалол Қосимов Ханойдан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида шогирдлари ғалабага тайёр эканликларини алоҳида таъкидлаганди.