Осиё Чемпионлар лигаси: Ўзбекистонга берилган квоталар камайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

26 ноябр куни Осиё Футбол Конфедерацияси Ижроий қўмитаси йиғилишида келаси мавсум учун янги квоталар тасдиқланди.

Йиғилиш қарорига мувофиқ, Ўзбекистонга 1+2 кўринишида квота ажратилди.

Бу дегани – келаси йилдан эътиборан Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Бунёдкор” Осиё Чемпионлар лигаси беллашувларини гуруҳ босқичидан бошлайди.

“Локомотив” ва “Насаф” эса, гуруҳ босқичига чиқиш учун аввал плей-офф беллашувларида иштирок этишади.

Агар, қитъанинг Ғарб ва Шарқ минтақалари учун ажратилган янги квоталарга қаралса, энг кўп квоталар (ҳар бирларига 4 тадан) Саудия Арабистони, Эрон, Япония ва Жанубий Корея жамоаларига теккан.

Таққослаш учун эслатиб ўтиш лозим, Ўзбекистон ўтган футбол мавсумида 3+1 кўринишидаги квотага эга эди.

Тарихча ўрнида

Ўтган йил июл ойида Осиё Футбол Конфедерацияси Профессионал футболни ривожлантириш қўмитаси Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказган йиғинида янги квоталар масаласини кўриб чиққанди.

Ўшанда квоталар Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этувчи давлатларга борадиган ОФК инспекцияси хулосасига асосан қайта бўлиб чиқилиши айтилганди.

Янги режа тафсилотларидан ана шу текширувдан сўнг қитъанинг Шарқ ва Ғарб минтақаларида энг кўп балл олган федерациялар рейтинги тузиб чиқилиши, энг кўп балл тўплаган иккитадан давлатнинг ҳар бирига Осиё Чемпионлар лигаси учун тўрттадан яхлит квоталар ажратилиши маълум бўлганди.

Ушбу рейтингда 3-ўринни эгаллаган мамлакатларга эса, 3+1 кўринишида йўлланма бериш режаланганди.

Шу жумладан, ҳар бир минтақанинг тўртинчи давлатига 2+1, бешинчи мамлакатига эса, 1+1 кўринишида квота ажратишга қарор қилинганди.

Рейтингда олтинчи, еттинчи ва саккизинчи ўринни эгаллаган давлатларга яримтадан йўлланма берилиб, уларнинг Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи баҳсларида иштирок этишлари кўзда тутилганди.

Муносабат

Ўзбекистонга ажратилган янги квоталар мамлакатдаги футболга ихтисослашган интернет нашрларида турли хил муносабатларга сабаб бўлган.

Қолдирилган фикрлардан бирида, “Осиё Чемпионлар лигасида узоқни кўзлаган клуб учун плей-офф ўйинлари ҳеч нарса эмас. 3 та ўрин жуда яхши берилган. Бундан ортиғига лойиқ ҳам эмас клубларимиз”, - деб мулоҳаза билдирилган бўлса, ўз қарашлари билан ўртоқлашган бошқаси, “Ўзбекистонга 1+2 квотаси берилган тақдирда ҳам, ундан 100% фойдаланиш керак. Иложи борича юқори ўринлар учун курашиш, финалгача чиқиш керак. ОЧЛда қанча клубларимиз кўп қатнашса, чемпионатимиз савиясига сезиларли таъсир қилади. ЖЧ-2018да қатнашишни мақсад қилган эканмиз, ички чемпионат савиясини 2 бош кўтаришимиз шарт , ҳеч бўлмаганда, ОФК чемпионатларига нисбатан. Бунга тайёргарликни ҳозирдан бошламасак, эртага яна тешик тоғора олдида қолишимиз мумкин”. –деб ёзади.

Тешавой эса, “Саудия, БАА, Эрон ва Хитойдан биттадан ўринни олиб ташласаям бўлади”, - деган фикрда.

UZB-FCB-ANDIJAN , “Ғарбда 2 та ўрин учун 12 та жамоа, шарқда бўлса 6 та клуб ўйнаркан, қани адолат??? Ўзбекистон чемпионини шарққа тиқиш керак эди(((“, - дея ўз таассуфларини изҳор этган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ҳозирча бирор бир Ўзбекистон жамоасига Осиё чемпионлар чемпиони бўлиш шарафи насиб этмаган.

Тошкентнинг “Бунёдкор” ва “Пахтакор” клублари икки бор ушбу нуфузли турнирнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишган.