Футбол: Афғонистон 'Уэмблей'да Англия билан ўйнаши мумкин

Бу ишга шахсан Британия Бош вазири Девид Камерон ва номдор футболчиси Майкл Оуэнлар бош қўшишган.

Улар 12 йиллик афғон можаросига икки миллий терма жамоа орасидаги одатий бўлмаган футбол учрашуви билан нуқта қўйишмоқчи.

Бу каби кутилмаган хабар билан Британияда чоп этилувчи нуфузли "Гардиан" нашри чиққан.

Агар, амалга ошса, бу - сўнгги йилларда футболи жадаллик билан тараққий этиб бораётган Афғонистон учун тарихий учрашув бўлади.

Афғонистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор футболнинг Ватани саналмиш Англияда инглиз футболчиларига қарши тўп суришади.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, шу пайтгача бирор бир Марказий Осиё давлати миллий терма жамоасига бу каби имконият насиб этмаган.

Девид Камерон ва Майкл Оуэнлар айни шу мақсадда куни-кеча Афғонистонга ҳам сафар қилишди.

Икковлон у ерда футбол бўйича Афғонистон миллий чемпионатини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳани тақдим этишди.

Ҳамкорлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи ugc
Image caption Афғонистон яқинда Жанубий Осиё чемпионлигини қўлга киритганди

Кутилмаган ва ғайриодатий бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчасига эса, Англия Футбол Уюшмаси бошчилик қилмоқда.

Янгича ҳамкорлик доирасида афғонистонлик футболчилар ва мулозимлар Англия миллий терма жамоасининг St George's Park даги янги ўқув-машғулот марказига ҳам ташриф буюришади.

Ўртоқлик учрашуви борасида, айниқса, Англия Футбол Уюшмаси элчиси, инглиз миллий терма жамоаси ва "Ливерпул" клуби собиқ ўйинчиси Майкл Оуэн ниҳоятда умидбахш.

"Сиёсат қанақа бўлишини билмадиму, аммо афғон можароси интиҳосини "Уэмблей"да кечажак футбол учрашуви билан нишонлаш - қойилмақом иш бўларди", - деб айтган у.

Кейинроқ бу хусусда ўз муносабатини билдирган британ Бош вазирининг наздида ҳам "бу - олийжаноб ғоя"дир.

"Уэмблей"да

Хорижий қўшинлар сафарбарлигини ўзига хос ўртоқлик учрашуви билан нишонлаш таклифини Уэльс миллий терма жамоаси собиқ аъзоси Жон Ҳартсон ҳам қўллаб чиққан.

Унинг айтишича, Англия Футбол Уюшмаси ўз дастагини аямай турса, ўйин "ҳаммасига ўзига хос тарзда қўйилган ажойиб нуқта", бўлади.

"Менимча, стадион одамларга тўлиб-тошиб кетади. Чунки бу - британлар учун "Уэмблей"га бориб, ўз ҳурматларини бажо қилишнинг яхши бир имконияти бўлади", - дейди у.

Узоқ истиқболда эканини айтса-да, Англия Футбол Уюшмаси ҳам Афғонистон билан халқаро ўртоқлик учрашуви эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Британия Бош вазири Девид Камероннинг Sky News телевизион каналига берган суҳбатида айтишича, Англия Футбол Уюшмаси ва афғонистонлик спорт мулозимлари орасидаги ўзаро ҳамкорлик катта таъсирга эга бўлиши мумкин.

"Бу каби ҳамкорлик чиқиб кетганимиздан кейин ҳам Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб қўймаслигимизни кўрсатади. Одамлар ва давлатларнинг бошларини бир ёқадан чиқариш қудратига эга бўлади".

"Биз Афғонистоннинг қуролли кучларини молиялашда давом этамиз. Янада тараққий топишида ўз қўлловимизни аямаймиз. Бундан ташқари, футбол бўйича миллий чемпионати буткул оёққа қўйиб олишида ҳам ёрдам бермоқчимиз", - деб айтган Британ Бош вазири.

Хўш, Девид Камерону Майкл Оуэнлар ваъдасини афғон футболчилари қандай қарши олишди?

Биз ушбу савол билан Афғонистон миллий терма жамоаси ўйинчиси Насиб Умидга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди