Жаҳон чемпионати: Равшан Эрматов Бразилияга борадиган ҳакамлар рўйхатида

ФИФА томонидан эълон қилинган рўйхатда Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бутун собиқ Шўро ва Болтиқбўйи давлатларини намоён этади.

Ўзбекистонлик номдор ҳакам бундан аввал илк бор 2010 йилги Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилганди.

Унинг сўнгги жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик маҳорати катта олқишларга сазавор бўлган ва Равшан Эрматовга ярим финал ўйинини бошқариш ҳам ишониб топширилганди.

Дунё бўйлаб кўпчилик футбол мутахассислари ва футбол ишқибозлари сўнггига қадар Равшан Эрматовнинг финал беллашувига ҳам ҳакамлик қилишига умид қилишганди.

2010 йилги Жаҳон чемпионатининг илк учрашувини очиб бериш билан Равшан танимаганга ҳам ўзини танитган, бир биринчиликнинг ўзида беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан эса, номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Рўйхат

ФИФА Ҳакамлар қўмитаси ўз рўйхатини 14 январ куни Цюрихда бўлиб ўтган йиғини чоғида эълон қилди.

Қўмита рўйхатидаги 25 ҳакамлар учлиги ва кўмакчи саккиз жуфт бригада жаҳоннинг 43 та мамлакатини намоён этишади.

Равшан Эрматовнинг номи рўйхатда ёрдамчилари ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар билан бирга тилга олинган.

Осиё қитъасидан яна Юичи Нишимура (Япония), Бенжамин Вильямс (Австралия) ва Абдулла Шукралла (Баҳрайн)лар ҳам ФИФА Ҳакамлар қўмитасининг рўйхатига тушишган.

2014 йилги жаҳон чемпионатини бошқариши кўзда тутилган ҳакамлар рўйхатида қолган қитъаларни:

Африка: Жамол Аймуди (Жазоир), Бакари Папа Гассама (Гамбия), Нумандьез Дуэ (Фил Суяги қирғоғи)

КОНКАКАФ: Хоэль Антонио Агиляр Чикас (Сальвадор), Марк Гейгер (АҚШ), Марко Антонио Родригес Морено (Мексика)

Жанубий Америка: Энрике Оссес (Чили), Нестор Питана (Аргентина), Вильмар Рольдан (Колумбия), Карлос Вера (Эквадор), Сандро Мейра Рисси (Бразилия)

Океания: Питер О'Лири (Янги Зеландия)

Оврўпо: Феликс Брих (Олмония), Жунаид Чақир (Туркия), Юнас Эрикссон (Швеция), Бьорн Куйперс (Голландия), Милорад Мажич (Сербия), Педру Проэнса (Португалия), Никола Риццоли (Италия), Карлос Веласко Карбальо (Испания), Ҳовард Уэбб (Англия)лар намоён этишади.

Энг кучли ҳакамлар рўйхатида

Яқинда Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси Равшан Эрматовни ўтган футбол мавсумининг энг яхши ҳакамлар ўнлигига ҳам киритганди.

Равшан дунёнинг энг номдор ҳакамлар рўйхатида 8-ўринни эгаллаган ва Осиё қитъаси ҳамда бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этган ягона ҳакам бўлганди.

2011 йилда Равшан Эрматов худди шу ташкилот томонидан дунёдаги иккита энг зўр ҳакамдан биттаси деб ҳам эътироф этилган.

Ҳалича на-да собиқ Шўро давлатлари ва на-да ўзбекистонлик ҳакамлардан бирортаси бу каби мақомга лойиқ деб кўрилган...

Саккиз карра Ўзбекистоннинг энг зўр ҳаками бўлган Равшан Эрматов ўзининг ҳакамлик карьераси давомида кетма-кет тўрт бор Осиёда ҳам энг кучли сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов бунгача Конфедерация Кубоги, сўнгги жаҳон чемпионати, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари, Осиё Футбол конфедерацияси мусобақалари, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ва Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашувларини бошқарган.

Аммо сўнгги Конфедерация Кубогида Италия ва Бразилия учрашувида қилган ҳакамлиги 2014 йилги жаҳон чемпионати мезбонларининг шикоятларига ҳам сабаб бўлганди.