'Олтин тўп'дан қуруқ қолган Месси яна бир зарбага учради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тўрт карра "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси" бу йил УЕФА таснифида "Йилнинг энг кучли терма жамоаси" сафига киролмади.

Жамоа аъзолари УЕФА расмий веб саҳифаси ва турли ижтимоий мулоқот тармоқлари орқали овоз берган олти миллиондан ортиқ ишқибоз томонидан танланди.

Овоз беришлар натижасига мувофиқ, Испаниянинг наҳанг "Барса" ва Аргентина юлдузига бор-йўғи 13-ўрин насиб этди, холос.

26 ёшли Лионел Мессини четга суриб, бу йил "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси", деб топилган Криштиану Рональду эса, кетма-кет еттинчи бор ушбу терма жамоа сафидан жой олди.

Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ярим ҳимоячиси Месут Ўзил УЕФА таснифида "Йилнинг энг кучли терма жамоаси" таркибига кирган ягона Англия премьерлигаси вакили бўлди.

Ўтган йил Англия миллий чемпионатида тўп сурувчи бирор бир ўйинчи бу каби шарафга нойил бўлмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи All Sport

Таъкидлаб ўтиш жоиз, инглиз премьерлигасининг саккиз вакили "Йилнинг энг кучли терма жамоаси" сафидан ўрин олишга даъвогарлик қилган бўлишса, омад фақат Ўзилга кулиб боқди.

Аммо ҳозир Мадриднинг "Реал"ида тўп сураётган Англиянинг "Тоттенҳэм" жамоаси собиқ ўйинчиси Гарет Бейл ҳам бу каби бахтдан бебаҳра қолмади.

Футболчилари "Йилнинг энг кучли терма жамоаси" сафидан жой олишда Олмониянинг "Бавария"си Оврўпонинг қолган барча клубларини ортда қолдириб кетди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp

Олмон жамоасининг сара тўрт ўйинчиси: Мануэль Нойер, Филипп Лам, Давид Алаба ва Франк Риберилар ишқибозларнинг ишончларини қозонишди.

Энг қизиғи Мессининг сўнгги мавсумда "Барселона" ва Аргентина миллий терма жамоаси сафида 45 та ўйинда киритган 42 та тўпи ҳам иш бермади.

Устига устак, амалдаги Испания чемпиони эканликларига қарамай, наҳанг "Барса"нинг шунча номдор ўйинчиларидан бирортаси ҳам бу каби шарафга нойил бўлмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аммо Мадриднинг "Реал"и бўш келмади: Криштиану Рональду, Серхио Рамос ва Гарет Бейл ашаддий рақиблари "Барселона" юлдузларини "куйдиришди".

2007 йилдан буён илк бор бу каби имкониятдан мосуво қолган Месси шу ҳафта душанба куни ФИФА таснифида "Йилнинг энг кучли миллий терма жамоаси" сафидан жой олганди.

Шундай қилиб:

УЕФА таснифида "Йилнинг энг кучли миллий терма жамоаси" аъзолари: Мануэль Нойер ("Бавария"), Филипп Лам ("Бавария"), Давид Алаба ("Бавария") Франк Рибери (Бавария"), Серхио Рамос ("Реал" Мадрид), Тиаго Сильва(Пари Сен Жермен), Марко Ройс("Боруссия" Дортмунд), Месут Ўзил ("Арсенал"), Гарет Бейл("Реал" Мадрид), Криштиану Рональду ("Реал" Мадрид) ва Златан Иброҳимович ("Пари Сен Жермен")лардир.

Бу мавзуда батафсилроқ