Тошкент кўчаларидаги қорни тозалаш солиқ тўловчилар зиммасига юкланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Пойтахт кўчаларини солиқ тўловчилар текинга тозалашади. Ҳашар уюштириш ҳақида шаҳар ҳокими фармойиш имзолаган. Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати хабарида айтилишича, ҳашарда мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхона ва ташкилотларнинг фаол иштироки кўзда тутилган.

Хабарда ёзилишича, феврал ойида қишнинг ноодатий келиши, ёғингарчиликларнинг кўп бўлиши пойтахтнинг хизмат кўрсатувчи ташкилотлари, ҳокимликлар олдига қатор кутилмаган муаммоларни келтириб чиқарди.

Умумшаҳар шанбалиги 15-16 феврал кунлари икки кун давомида ўтказилади.

Фармойишда пойтахтдаги муз ва қордан тозаланмаган 63 та кўчада тозалаш, қорни эритиш учун туз-қум аралашмасиини сепиш ишларини амалга ошириш вазифаси кўрсатилган.

Бундан ташқари шаҳардаги савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш шохобчалари атрофини, бозорларнинг кириш қисмини қордан тозалаш ишларини ташкил этиш белгиланган.

“Дарҳақиқат, бу иш нафақат ташкилот ва корхоналар, балки шаҳримизда истиқомат қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг ҳам манфаатларига қаратилгандир. Шундай экан, шаҳримиз аҳолиси ҳам бу жамоат тадбирида ўз ҳиссасини қўшиши табиий”, - дейилади шаҳар ҳокимияти тарқатган хабарда.

Ҳашарни ташкил қилиш ва назоратга олиш туман ҳокимлари ва маҳалла раислари зиммасига юклатилган.

“Ҳоким лавозими йўқ қилинсин”

Ихтиёрий мажбурий равишда ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш Ўзбекистонда кенг қулоч ёйган.

Ҳокимият ишчиларига футболга чипта сотиш, хавфсизликка жавобгарлик масъулиятларини юклаш ёки халқ таълими, соғлиқни сақлаш тизими ходимларини намунали уйлар қурилишдан тортиб аҳолидан газ, электр энергиясига тўлов ундириш ишларига мажбурлаш одатий ҳолга айланган.

Мамлакатдаги коррупция, тоталитар бошқарув ва ишсизлик одамларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларда ишлашдан ўзга чора қолдирмаётгани айтилади.

Фэйсбек ижтимоий тармоғидаги потребитель.уз очиқ гуруҳи иштирокчилари “шаҳарликлар ҳокимият ўрнига яна нималар қила олиши мумкин” деган мавзу остида кўча тозалаш ҳашарини муҳокама қилган.

Иштирокчилар шаҳар ҳокимиятининг ўз вазифасини бажармаётганини кинояли танқид остига олишган.

Шуҳрат Қурбоновнинг “Йўллардаги чуқурчаларни асфальтлаш бўйича шанбалик ўтказиш” таклифига кўплар лайк босган.

“Яқинда шаҳарнинг ҳамма аҳолиси сариқ жилеткада юрадиган бўлади”, - дейди Бегзод Гулметов.

Хикматилла Шокир исмли фойдаланувчи, “Ҳоким лавозимини йўқ қилиш керак, шаҳар аҳолиси унинг вазифаларини ўз зиммасига олади ва ҳашар йўли билан бажаради”, дейди.

Очиқ гуруҳ аъзолари мамлакатда соғлиқни сақлаш, таълим ходимлари шанба ва якшанба кунлари ариқ тозалаш, қурилган объекларда полларни ювиш каби ишларга ҳокимиятдагиларнинг назорати остида ишлашга мажбурланаётганини ёзишган.

Ҳаттоки, тунги навбатчиликка турган шифокорлар эртаси куни яна тозалаш ишларига жалб қилинаётган ҳолатлар бўлаётгани, ухлаш учун уйга жавоб бермаслиги ёзилган.

“Ҳайрон қолдирганингиз йўқ. Синглим санъат мактабида скрипкадан дарс беради. У ҳам фаррошнинг ролини бажаради”, - дейди Лилли Шайбакова.

Вадим Зубанов фармойиш орқали қандай қилиб ҳашар ўтказиш мумкинлигини савол остига олади.

“Балки мен давлат тилини яхши билмасман. Қандай қилиб фармойиш орқали ҳашар ўтказиш мумкин?”

Шаҳарликлардан бири ойига ўртача 300 минг сўм солиқ тўлашини ва нима учун дам олиш бўлган якшанбада кўча тозалашга мажбур қилинаётганини тушунмаслигини айтган.

Фойдаланувчилар ушбу фармойишни прокурор бекор қилишини кутамиз, дейишган.